Матёқуб Матчонов Обид Асомов ҳамда «Шайтанат» сериали нима сабабдан «запрет»га тушгани ҳақида гапирди (видео)

0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Матёқуб Матчонов суҳбат давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов ҳамда «Шайтанат» сериалининг «запрети» сабаблари ҳақида гапириб берди.

«Запрет» сўзининг ўзи бир аҳмоқона сўз. Аллоҳга беҳисоб шукр, шу нарсаларни йўқ қилган Президент бошимизга келди. Умрлари узоқ бўлсин, бу балони олиб ташлашди. Авваллари буни қарасанг «запрет», уни қарасанг «запрет», нимага бундай бўлган экан, дея ҳайрон бўлардик. Ўзимиз ҳам бирор нимани гапириб қўйсак, «запрет»га тушиб қолмайлик, деб қўрқиб гапирар эдик.

«Шайтанат» сериалини ким «запрет» қилганини, аниқ сабабини билмайман. Албатта, энди менга ёки Ёдгор акага ўхшаган одамлар «запрет» қўймайди-ю, демак, катта бир лавозимда ишлаётган одамлар қўйган бўлиши мумкин. Бизда, афсуски, маҳаллийчилик, тарафкашлик деган нарсалар бор.

Раҳматли Обид нима учун «запрет» бўлгани ҳақида айтган эди. Ўша одамлардан бирининг тўйига бормагани учун. Ўзидан сўраганимда, «Ҳайронман, кейинроқ билдим, айтган тўйига бормаган эканман», деган эди. Ўша лавозимдаги одамнинг қўлидан «запрет»дан бошқа нарса келмайди. Агар давлат, миллат ёки тизимнинг шаънига ёмон гап гапираётган бўлса, бу бутунлай бошқа нарса, бу ватанфурушлик бўлади. Булар оддий санъаткор-ку.

«Шайтанат» сериалига санъат асари сифатида қараш керак, мактаб дарслиги сифатида эмас. Шундай мулоҳазалар эшитиб қолганман, «‘Шайтанат’ни кўргандан кейин ҳамма Бек ака бўлиб кетди, ҳамма кўча бўлиб кетди» дейишди, тавба қилдим. Сериал нима учун «запрет» бўлганини ҳеч ким билмайди, билганимиз, бу аҳмоқона иш эди.

Матёқуб Матчонов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here