Ўқ ёмғири остида алоқа симини олти маротаба улаб қайтган йигит жасорати

0

«Жангга бир марта кирган одамни қаҳрамон деса бўлади», деган эди Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида мухбирлик қилган таниқли қаламкашлардан бири. Дарҳақиқат, дунёдаги энг ёвуз офатлардан бири – уруш. Инсон инсонга кушанда бўлган бу шафқатсиз офат ортида неча минглаб хазон бўлган навқирон умрлар, бағри куйган оналар, етим болалар, бева аёллар, ночор ва хокисор кексаларнинг фарёди қолади.

Яқин бир асрдан буён номи дилларни титратиб келаётган, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон муҳорабаси захми ҳамон сўнган эмас. Фашизм устидан ғалаба қозониб омон қайтган жангчиларнинг саноқлиларигина орамизда умргузаронлик қилмоқда. Урушдан қайтганларнинг аксар қисми узоқ яшамаган. Руҳий зўриқиш, танасидаги осколка парчалари, майиб-мажруҳлик уларнинг эл қатори яшашига, умрига дахл қилган. Мана шундай инсонлардан бири андижонлик Мадаминжон Тулаков.

Аскар урушдан қайтди. Яқинларининг боши осмонда. Қишлоқдошлари уни зиёрат қилиш учун ошиқди. Жигаргўшасини бағрига босиб, юм-юм йиғлаётган онанинг аҳволини тушунса бўлади. Ахир унинг боласини ўн олти ёшида бағридан юлқиб, уруш домига ташлашди. Бу «аждарҳо доми»дан не-не паҳлавон йигитлар ортга қайтмади. Мана, анча улғайган, йигит бўлиб етилган ўғлони тўрт мучаси соғ бағрида турибди. Бироқ… бироқ жанггоҳдан қайтган йигит тош қотгандек жим. На гапиради, на кулади ва на йиғлайди. Фақат жим овқатланади. Бу ҳол Мадаминжон ўзига қайтгунча, яъни руҳияти уруш исканжасидан бирмунча халос бўлгунга қадар давом этди. Аста-секин тинч ҳаётга кўникиб, элга қўшила бошлади…

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси кичик сержант Мадаминжон Тўлаков 1925 йилда Андижон вилоятининг Андижон тумани, Юқори ҳосил колхозининг (кейинчалик Киров, Охунбобоев колхози) Қурама қишлоғида туғилган. У уруш бошланганда ўн беш ёшда эди. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1942 йили туғилган вақти 1923 йил қилиб ўзгартирилган йигит фронтга олинди. Шу сабаб Мадаминжоннинг урушда олган орден ва медаллари ҳужжатида туғилган йили икки хил кўрсатилган. Хуллас, ўн олти ёшида жангчилар сафига қўшилган йигитчанинг суяги ҳам, дийдаси ҳам жанггоҳларда қотди. Кўз олдида жон берган азамат ўғлонлар, парчаланган вужудлар, дарёдек оққан қонлар уни анча ёшга улғайтирди.

Мадаминжон Украина, Молдавия, Венгрия, Чехословакия ва Венанинг ўндан зиёд шаҳарларидаги жангларда иштирок этди. Ўнга яқин орден ва медалларга сазовор бўлди. Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги жангларда кўрсатган жасорати учун «Қизил Юлдуз» ордени билан мукофотланди. У шу жангда алоқачи сифатида ўз жасурлиги ва фидойилигини намоён этган. Портлашларда узилган алоқа симини ўқ ёмғири остида олти маротаба улаб қайтган йигит ғалаба таъминланишига катта улуш қўшди.

Алоқа тизимини қон томирига қиёслашади. Командирнинг ҳар бир буйруғи шахсий таркибга етиб бориши учун алоқа муҳим аҳамиятга эга. Жанг самарасини алоқа тизимисиз тасаввур этиш мушкул. Мадамин отанинг жанглардаги хотиралари ҳам фикримиз далили:

«1944 йил 20 август куни Ясси ва Карпат тоғлари бўйлаб олиб борилган икки соатлик жанг ҳаммаёқни ларзага келтирди. Бу ерда немис фашист босқинчилари томонидан қурилган мудофаа линияларини ёриб ўтдик. Шундан сўнг фашистлар бизни тўхтата олмади. 29 август санасида бизнинг қисмларимизга қочиб кетаётган фашистларни Плоешти шаҳрига қўймай йўлини тўсиб қўйиш ва тор-мор этиш тўғрисида жанговар буйруқ берилди. Дивизиямиз белгиланган маррага келиб, ўт очиш нуқталарини белгилади.

Плоештига олиб борувчи тош йўлнинг икки томонига кунгабоқар ва маккажўхори экилган бўлиб, унинг ичига жойлашиб олган фашистларнинг учта полки бараварига ҳужумга ўтди. Шунда танкка қарши замбараклар дивизияси жангчиларига уларни яксон қилишга буйруқ берилди. Мен командирнинг буйруғини телефон орқали ўт очиш нуқталарига етказдим. Бирдан замбараклардан отилган снарядлар душманнинг яқин масофага келиб қолган еттита танки, ўн битта жанговар техникасини куйдириб юборди. Фашистлар ҳужумни тўхтовсиз кучайтирмоқда эди. Жанг тобора шиддатли тус ола бошлади. Дивизия командири ўт очишни кучайтириш ва чап томондан келаётган душман танкларига қарши тўғридан-тўғри наводка билан ўт очишни буюрди. Мен зудлик ила батареяларга буйруқни етказдим. Натижада душманнинг 4 та танки, 5 та жанговар машинаси яксон қилинди. Душман орқага чекина бошлади. Шу вақт оралиғида бизнинг пиёда аскарлар полкимиз етиб келди. Фашистлар қуршовга олинди ва бутунлай янчиб ташланди…»

Мадамин ака жанглар давомида яраланиб, госпиталда даволанди ва яна сафга қўшилди. Ғалабадан сўнг «Қизил Юлдуз», II даражали «Ватан уруши» орденлари ва бир қатор медаллар кўксини тўлдириб турган йигит она юртига қайтди. Иқтисод соҳасида таҳсил олди, колхозда ҳисобчи ва иқтисодчи сифатида фаолият юритди.

Оила қуриб, умр йўлдоши Махфиратхон опа билан беш нафар фарзандни улғайтириб, зиёлилар сафига қўшди. Уруш захми Мадамин аканинг саломатлигига кўп бора дахл қилди. У 64 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Умр – оқар дарё. Инсон неча йил яшамасин, ҳаёти бир лаҳзадек туюлаверади. Энг асосийси, унинг ортида қолдирган эзгу ишлари, эзгу амалларидир. Бу борада уруш қаҳрамони кичик сержант Мадаминжон Тулаковнинг умр сарҳисоби асрларга туташ хотираси каби залворли ва авлодларга ўрнакдир.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here