Коронавирус аниқлангани сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ёпилди

0

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ходимларида коронавирус аниқланганлиги сабабли филиал 19 май кунидан бошлаб вақтинча ёпилган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди, деб хабар берди daryo.uz.

Таъкидланишича, коронавирус инфекциясини нафақат филиал ходимлари, балки беморлар ҳам юқтирган. Шу боис дезинфекция ишлари амалга оширилаётганлиги сабабли қолган 67 нафар бемор Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалига ўтказилган.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумот беришича, филиал ўз фаолияти қайта йўлга қўйилгунга қадар беморлар бошқарма томонидан белгиланган шифохоналарда қабул қилинади.

Шаҳар аҳолиси орасида коронавирус юқтирган бемор билан бирламчи контактда бўлган фуқаролар вилоят кардиология диспансери ва вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида карантинга олинган.

Вилоят эпидемияга қарши курашиш комиссиясининг хулосасига кўра, кириб-чиқиш тўхтатилган Тойлоқ туманида ҳам 18 майдан бошлаб карантин қоидалари юмшатилган. Бироқ тумандаги 7 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракати чекланган. Шунингдек, 18 майдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги 22 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.

loading...