Пайғамбарлар диёри қаерда жойлашган?

0

Шанлиурфа — эрамиздан 11 минг йил аввал бунёд бўлган ўлка. Асл номи — Урфа. Инглизлар ва французларга қарши озодлик курашидаги қаҳрамонликлари туфайли 1984 йили унга “Шонли” сўзи қўшилган.

Бу ўлкани Иброҳим пайғамбарнинг туғилган жойи, Айюб пайғамбарнинг сабр макони, деб эътироф этишади. Ҳазрати Одам отамиз билан Ҳовво онамиз бир муддат бу ўлкада яшаб қолган, деган ривоятлар ҳам бор.

Мисрда шайтоннинг иши билан Фиръавн қавмидан бўлган кишини ўлдириб, у ерлардан қочган Мусо (а.с.) Урфа атрофига келиб жойлашади, анча пайт Шуъайб пайғамбар ёнида чўпонлик қилади. Шу ернинг ўзида Шуъайб (а.с.)нинг қизи Сафура хонимга уйланади.

Араб тарихчиларининг ёзишича, Урфа Нуҳ тўфонидан кейин қурилган илк шаҳарлардан.

Урфадан 44 километр узоқликдаги Ҳаррон ўлкаси шимолий Месопотамиянинг қадимий манзилларидандир. Афина, Мардин ва Урфа сингари дунёнинг илк илм марказларидан ҳисобланади. Жаҳондаги биринчи университет деб тан олинадиган Ҳаррон дорилфунуни ҳам шу ерда.

Иброҳим пайғамбарнинг ўғли Исҳоқ (а.с.) ота васиятига кўра Ҳарронга келиб уйланади.

Ҳазрати Ёқуб укаси Ойс томонидан ўлдирилиши мумкинлигидан қўрқиб, Ҳарронга қочиб келади ва тоғасининг қизи билан турмуш қуради ва бу ерда 15 йил қолиб кетади.

Тарихдан маълумки, антик даврларга оид шаҳар ва қишлоқларда ҳозирги пайтда деярли одам яшамайди. Ҳарронда эса ҳалиям ҳаёт давом этмоқда. Уч минг йиллик Месопотамия уйлари замонавий тарзда таъмир этилиб, сақланиб келиняпти. Бу ердаги аксарият аҳоли араб миллатига мансуб.

Мустабид, золим қирол Намруднинг ҳукмронлиги даврида Урфанинг одамлари айшу ишратга, молу дунёга ружў қўйган, боз устига, буту санамларга сиғинар эди. Эътиқоднинг бузуқлигидан подшоҳ ўзини Худо деб эълон қилади.

Ривоятга кўра, Намруд туш кўради: юлдуз чиқиб, ойнинг ойдинлиги ва қуёш нурларини тўсиб қўяди. Сеҳргар ва коҳинлар туш таъбирини айтиб беришади. “Сенинг юртингда бир ўғил туғилади ва у халқнинг динини ўзгартиради. У туфайли салтанатинг таназзулга юз тутади”, дейишади.

Шу кундан бошлаб Намруд туғилган ўғил чақалоқларни ўлдириш фармонини беради ва бу буйруқ тўла-тўкис амалга оширилади. Иброҳимга (а.с.) ҳомиладор онаси кўзлардан четларда беркиниб юради, кўзи ёрийдиган пайт эса ғорга яшириниб олади ва шу ерда кўзи ёрийди.

Вақти-вақти билан ғорга бориб ўғлидан хабар олиб туради. Турмуш ўртоғи Озар ҳомила тўғрисида сўраганда, “ўғил туққан эдим, у ўлди”, деб жавоб беради. Кейинчалик ҳақиқат ойдинлашади, ўшанда ёлғони учун аёлини кечиради.

Ана шундай жаҳолат замонида туғилган Иброҳим пайғамбарнинг онаси Абйуна эри вафот этганидан кейин амакисининг ўғли Озар қарамоғига ўтади. Ўгай ота бут-санамларнинг муҳофизи ва бошқарувчиси ҳамда унинг тижорати билан шуғулланар эди. Озар ўгай ўғлини ўзи билан бирга олиб юрарди, ёш Иброҳим эса бу хил ишларни хушламасди. Илоҳий таълимотлардан узоқлашган чиркин жамиятда ўсган йигит тош ва тахталарнинг қиймати йўқлигини биларди.

Аввало ўгай отаси, кейин эса бутун қавмни ширкдан, жонсиз бутларга сиғинишдан қайтаришга ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с.)га рушди ҳидоят ато қилган эди. Ана шу сабабдан у зот ёшлигидан ширк, зулм ва истибдодга қарши бўлиб ўсди. Бир кун бутхонадаги санамларнинг ҳаммасини парчалаб ташлайди.

Намруднинг топшириғи билан Иброҳимни тутиб келишади.

— Сен ўзинг айтган илоҳингни кўрганмисан? — дағдаға ила савол қотади қирол.

— Менинг Раббим ҳам тирилтирур, ҳам ўлдирур, – жавоб беради Иброҳим.

Давомида: “Аллоҳ таоло қуёшни Машриқдан чиқаради, агар сен устун бўлсанг, уни Мағрибдан чиқариб кўр-чи!”, дегандан кейин Намруд уни олов ичида ёндиришга буйруқ беради.

Тошлардан кенг чуқур қазилиб, ҳудудсиз гулхан ёқишга ҳозирлик кўрилади. У уч ой ўтин тўпланади. Жараён бошланганда олов шу даражада юксаладики, у ердан қуш учиб ўтса, куйиб кул бўларди.

Иброҳим (а.с.)ни баланд қияликка олиб чиқишади, оёқ-қўлларини чандиб боғлашади. Тайёрланган махсус сим орқали олов томон улоқтирилади. Оловга отилаётганда Парвардигорга таваккул қилади.

“Эй, олов! Иброҳимга салқинлик ва омонлик бер!”, дейди Аллоҳ таоло.

Олов унга зиён келтирмайди!

Гулханнинг ўрни катта сув билан тўлиб, унда олов кулларидан ҳосил бўлган илоҳий балиқлар яралади. Бу балиқлар ҳамон тирик эканига ишонилади.

Бу воқеадан бироз ўтиб аёллари Сора, жиянлари Лут ва бошқа дўстлари билан биргаликда бу ўлкани тарк этиб, аввал Иордания ва Мисрга, кейин Фаластинга келиб жойлашадилар.

Бу тарихий ҳикояни “Ирфантуризм” ширкатининг Шонлиурфадаги ходими Аҳмадбей гапириб берганди. Қуръони каримда ҳам баён этилган бу воқеаларни жойида туриб, кўз билан иқрор бўлиш тош қалбли кишини ҳам ҳаяжонга солиши шубҳасиз!

Ўша баландликда ўрнатилган икки устун ҳамон бор, унга боғланган Иброҳимни ва ҳозир ҳам мавжуд бўлган “Балиқ кўли”га бир назар ташлаб, Аллоҳнинг мўъжизаларига яна бир бор тан беради инсон.

Тахминан бир қарич келадиган бу балиқлар махсус овқат билан боқилмайди. Сувнинг ўзида бўлган минераллар улар учун кифоя экан.

Иброҳим (а.с.)нинг туғилган ғорлари — Урфадаги яна бир табаррук манзил. Аёллар ва эркаклар учун кириш эшиклари алоҳида. Қоронғи ғорга табиий ёруғлик туширилган. Унинг ичидаги шифобахш сувни кўп дардга даво, деб билишади.

Ғорнинг шундоқ ёнида 13-асрда бунёд этилган “Ҳазрати Иброҳим” масжиди ҳамда унинг биқинида машҳур диний уламо Бадиуззамон Саид Нурсийнинг мақбараси жойлашган.

Ҳазрати Исҳоқнинг ўғли Ойснинг наслидан бўлган Ҳазрати Айюб Урфада туғилмаган бўлса-да, турли ривоятларга кўра, бу ерда 7-8 йил ёки 16 йил касал бўлиб қолиб кетган.

Чуқурликда ғорсифат, торгина нимқоронғи жой бор. Кишиларга мусибат етганда “Айюб (а.с.)нинг сабрини берсин”, дейиладиган макон айнан шу! Айюб (а.с.)дан: “Сени энг кўп ранжитадиган нарса нима?”, деб сўрашганида: “Душманларимнинг шовқин-суронидир!”, деб жавоб беради. Шунга кўра, Қуръони каримда қуйидаги оятлар келади: “Аллоҳ сабрлилар билан биргадир” (“Бақара, 153”), “Биз Айюбни сабр қилувчи, деб топдик. У нақадар яхши бандадир!” (“Сод”, 44).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Улуғ набийнинг бошига буюк синовлар солади ва у ўзининг бардоши билан бутун инсониятга, мусулмонларга ибрат бўлади. Бир одам эҳтиёжига нима керак бўлса, Аллоҳ таоло зиёдаси билан унга неъмат ато этди. Молу дунёсининг чеки йўқ эди, бир кунда кул бўлади. Етти ўғил, етти қизи вафот этади. Ҳар сафарида шайтон келиб устидан кулаётганида ҳам “Алҳамдуллиллоҳ, Тангри неъматларни ўзи берди, ўзи олди. Бу дунёга яланғоч келган эдим, яланғоч кетаман”, деб шукр қилишни канда қилмайди, норозилик билдирмайди.

Парвардигор фақатгина Айюб (а.с.)нинг тилигаю қалбига зарар бермади, холос!

Атрофидаги ёру дўстлари қочиб кетади, ёнида ёлғизгина бир аёли — Юсуф пайғамбарнинг қизи Раҳима қолади. Юришга мажоли йўқ эди, хотини уни шунча йил кўтариб боқади. Эрининг ва ўзининг қорнини қишлоқ аҳли буюрган барча қора ишларни бажариб тўйдиради.

Бир куни аёли: “Ахир сен Пайғамбарсан, Аллоҳга ёлворсанг, дуоинг қабул бўлиб, шифо топардинг”, деб эрига насиҳат қилади.

— Мен Парвардигорнинг элчисиман, Яратганнинг ўзи аҳволимни кўриб-билиб турибди, — деб жавоб беради.

Аёли бир юмуш билан ундан узоқлашгач, “Менга мусибат етди, ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан. Мени шайтон машаққат ва азобга тутди”, дейиши билан Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул этади. Оёғи билан ерни тептириб сув чиқариб, уни чўмилтириб, заҳматдан халос қилади.

Устига тилла чигирткалар юбориб, такроран бой қилди, ана шундан кейин яна етмиш йил умр кўради. Турли ривоятларга кўра, салкам 200 ёшга етганида вафот этади. Ўша сув ҳамон оқиб турибди.

Аброр Ғуломов

(ЎзА)

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here