ТОШКЕНТДА ТАКСИСТЛАРНИ ТУНАШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН РЕЦИДЕВИСТ ҚЎЛГА ОЛИНДИ…

0

 

Қўлга олиш операцияси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари тарафидан амалга оширилди. Улар муқаддам судланган, рецидевист наманганлик 33 ёшли Дониёр Қамбаровни қўлга туширишди.

Охирги марта Қамбаров 2018 йили Самарқандда судланиб 5 йил-у, 7 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Жазонинг 3 йил-у 8 ойини аҳлоқ тузатиш ишлари орқали ўташи лозим эди. Уни эркин яшаш имконини берувчи колонияга ўтказиб, фирмалардан бирига ишга ҳам жойлаб қўйишди. Лекин Қамбаров орадан ҳеч қанча ўтмай, иш жойини ўзбошимчаларча тарк этган ва фирибгарлик жиноятлари содир этишни бошлаган. Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятида ўғирлик билан ҳам шуғулланган.

2019 йил 11 декабр куни соат тахминан кечки 18: 30 да «Олмазор» метро бекати ёнида «Нексия-2» автомобилига йўловчи сифатида чиқиб ўтирган. Ҳайдовчидан Мирзо Улуғбек туманига олиб бориб қўйишни сўраган.

Йўлда 38 ёшли ҳайдовчи Алимжон Б. машинани тўхтатиб дўконга кириб кетган. Қамбаров эса шундай имкониятдан унумли фойдаланиб қолган. Машина бардачокидаги жами 5, 8 млн сўм ва 400 доллар пулни олган-у, жуфтакни ростлаб қолган. Ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 169 модда 2 қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган.

2020 йил 2 январ куни соат тахминан 13: 00 да Чилонзор тумани ҳудудидаги «Бек-Барака» бозори ёнида ҳозир бўлиб, «Ласетти» автомобилини тўхтатган. 29 ёшли ҳайдовчи Умиджон А. дан Мирзо Улуғбек туманига элтиб қўйишини сўраган.

Йўл-йўлакай суҳбат қизиб Қамбаров ҳайдовчининг ишончига киришга улгурган. Ҳайдовчи унга «I-Phone 6» смартфони ва тилла узукни тутқазган. Қамбаров бу нарсаларни уйдагиларга кўрсатиш, агар уларга ҳам маъқул бўлса, албатта сотиб олишини айтган. Жиноятчи баҳоси 4, 6 млн сўмга тенг бўлган икки буюмни қўлга киритган-у, беркинган.

Ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 168 модда 1 қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

2020 йил 7 январ куни соат тахминан 22: 00 да юқоридаги сценарий Оҳангаронда такрорланган. Қамбаров йўловчи сифатида 26 ёшли Мурод К. бошқарувидаги «Spark» автомобилини тўхтатиб, Мирзо Улуғбек туманига олиб бориб қўйишни сўраган. Ҳайдовчи рози бўлган. Йўлда Қамбаров ҳайдовчига ўзини ўта жиддий ташкилот ходими эканини, ҳозир ҳам иш билан кетаётганини, манзилга етгач, албатта уни кутиб туришини айтган.

Ҳайдовчи Қамбаровга ишонган. У Муурод К. дан бир дақиқага телефонини бериб туришни сўраган. Муурод сира ўйлаб ўтирмай, телефонини Қамбаровнинг қўлига тутқазган. Жиноятчи эса кўп қаватли уйларни оралаб ўтиб, қочиб қолган. Ҳайдовчи 1 млн сўмга чув тушганча қолаверган.

Ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 168 модда 1 қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган.

2020 йил 15 март куни Қамбаров яна «Бек-Барака» бозори яқинида «Кобальт» автомобилига яқин келган. Бу ерда вилоятларга қатновчи машиналар турарди. 35 ёшли ҳайдовчи Санжар С. га Бухорога боришини, фақат шерикларини улар яшайдиган уйдан олиб кетиш лозимлигини айтган. Нархини келишишган. Айтилган манзилга келгач, у ҳайдовчидан бироз кутиб туришга тўғри келишини баён қилган. Ҳайдовчи ўша ерда дўкон борлигидан фойдаланиб машинадан тушган. Қамбаров эса фурсатдан фойдаланиб, машина юкхонасидан баҳоси 24 млн сўмга тенг техника жиҳозларини ўмариб қочган. Бу жинояти учун ҳам республика жиноят мажмуасининг 169 модда 3 қисмига кўра жиноий иш қўзғатилган. Қамбаров содир этган барча жиноятлар юзасидан тайёрланган ҳужжатлар бирлаштирилиб Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман ички ишлар бўлими тасарруфидаги тергов бўлимига тақдим этилган.

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here