«Қабристондан ўтган ўғлим телба бўлиб қолди…»

0

— Яқинда ўғлим ўқишни битириб қайтди. Уни уйлантириш тараддудига тушдик. Шунда ўғлим: «Овора бўлманглар, суйган қизим бор! Шаҳарда ўқиб юрганимда танишганман. Мен унга совчи жўнатаман, деб ваъда бериб қўйганман», — деди.

Бу гап аёлимга ёқмади. У ўғлини сўроққа тутиб, қизнинг шаҳарлик эканини эшитди-ю, баттар тутақиб кетди.

— Бу қанақаси?! Ўғлим, яхшилаб ўйлаб кўрдингми? Қиз шаҳарлик бўлса, биз қишлоқда турсак. Эртага ота-онаси қишлоққа берадиган қизимиз йўқ деса, ким деган одам бўламиз? — деди онаси куюниб. — Бизниям қишлоқда ўзимизга яраша ҳурматимиз бор. Қуруқ қайтсак, қишлоқдагилар: «Ўзимиздаям қиз зотига қирон келгани йўқ эди. Шаҳарликка осилиб бели синибди», дейишмасин.

Ўртоғимнинг қизини келин қиламан, деб юрардим. Ўғлимнинг қатъиятини кўрдим-у, шаштимдан тушдим. Яқин дўстимнинг олдида бебурд бўлиш мен учун оғир бўлишига қарамай, тилаб-тилаб олган яккаю ягона ўғлимни бахтсиз қилишни истамадим ва аёлимга шаҳарга совчиликка боришга ҳозирлик кўришини тайинладим. Ўша қизникига бордик. Ниҳоятда ҳашаматли ҳовлида тураркан. Ўғлимнинг келинликка танлагани бадавлат хонадоннинг қизи эканини остонадаёқ фаҳмладим. Ичкарига қўрқа-писа кирган аёлим жаҳл билан қайтиб чиқди. Уйгача лом-мим демай келган аёлим машинадан тушиши билан ўғлига қараб:

— Энди бир камим кўр қизга уйланишинг қолувди, — деди ва важоҳат билан сўзлашда давом этди. — Менга қара, сендан бошқа болам йўқ. Шундай экан, мен ёлғиз ўғлимга кўр қизни олиб бермайман! Гап тамом, вассалом!

— Мен ҳам ўшандан бошқасига уйланмайман!

Ўша кун онаю ўғилни муросага келтириб бўлмади. Нозим ҳайҳайлашимга қарамай уйдан чиқиб кетди. Шу бўйича уч кун уйга келмади. Ўғлининг йўқолганидан бир аҳвол бўлган хотиним анча жаҳлдан тушиб, сўқир қизни ҳам келин қилишга тайёр эди. Уч кун деганда ўғлимиз уйга кириб келди. Бироқ афт-ангорини кўриб, қўрқиб кетдик. Уст-боши йиртилган, соч-соқоли тартибсиз, худди телбаларга ўхшарди. Мен уни уйга олиб кирмоқчи бўлдим, бироқ у кафти билан бошини чангаллаб ерга ўтириб олди. Ўғлимнинг бу ҳолатидан қўрқиб кетдим. Онаси эса ҳушдан кетди. Ўша куни ўғлимни касалхонага олиб бордик. Уни руҳий хаста беморларнинг олдига жойлаштиришди. Шифокорларнинг муолажалари фойда бермади. Бир кун бош шифокор ҳузурига чорлаб: «Ўғлингиз касал эмас. Бироқ унинг миясига нимадир таъсир қилган. Шунинг учун ҳам ўзини шундай тутяпти. Менимча, ундаги бу ҳолат маълум муддатдан кейин ўтиб кетади», деди.

Хуллас, ўғлимни уйга олиб келдик. Аҳвол кундан-кунга оғирлашиб борарди. У ҳар кун тутқаноғи тутиб қоладиган одамдай бирдан «Мушук, мушук!»  деб бақирарди. Хотиним гапимга қулоқ солмай фолбинга жўнади. «Ўғлингизга жину ажиналар илашган. У руҳларни норози қилган. Фарзандингиздан сўранг, бирорта қабристон ёнидан ўтмаганмикин? Бирорта ҳодиса содир бўлмаганмикин?» дебди. Мен фолбинларни фирибгар деб билганим учун бундай нарсаларга ишонмайман. Аёлимнинг қистови билан ўғлимни сўроққа тутдим. У менга ғалати тикилиб: «Мозор йўлидаги мушук. Шаҳар йўлидаги қабристон олдида… У ўлиб ётган эди. Мен нима қилдим? Уни четга улоқтириб, ўша ерда ётган майитлар руҳига дуои фотиҳа қилмай ўтиб кетдим. Руҳларнинг тинчини буздим. Улар мени жазолашяпти», деди. Юрагим орқага тортиб кетди. Бу қабристон ҳақида эшитгандим. Тунда ўша ердан ўтганлар телбага айланиши ҳам қулоғимга чалинганди. Қишлоғимизда ўтган йили вафот этган Толиб чолни эсладим. У ҳам тунда шу қабристон йўлидан ўтган, дейишарди. Соппа-соғ юрган одам бирдан жиннига айланди-қолди. Энг ёмони, у кўп яшамади. Одамлар чолни жин чалган, дерди. Толиб чол нуқул сочлари узун қиз таъқиб қилишидан нолирди. Мен қабристон қоровулига учрадим ва қора мушук билан ўша сочи узун қиз ҳақида суриштирдим. Қабристон қоровули Зариф ота кўпни кўрган одам, ундан жўяли маслаҳат чиқишига ишониб боргандим.

— Ҳа, бу анчадан бери бор гап. Бу қабристон ёнидан дуо қилмай ўтиб бўлмайди. Чунки қабристон бурчагида бир ғарибгина қабр бор. Унинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмайди. Шунинг учун бўлса керакки, руҳи безовта. Ўша қабрга бир қиз дафн қилинган. У жуда чиройли қиз эди. Қишлоқдан бош олиб кетган Ҳаёт чўпоннинг арзанда қизи. Сулувлиги тилларда достон бўлган. Унга кўплар ошиқ эди, жумладан, қабоҳатга ботган раиснинг ўғли ҳам. Бир кун қизни ўғирлаб кетиб, уни бутун орзуларидан айирган. Ўша кеча бечоранинг оҳини ҳеч ким эшитмаган. Қиз эса эс-ҳушини йўқотди. Бир муддат қишлоқ кўчаларида тентираб юрди. Одамлар раиснинг ўғли қилган қабиҳ воқеадан хабардор бўлишса-да, уни хўрлади. Бир кун тонгда уни ўз кулбасида шифтга осиғлиқ ҳолда топишди. Чўлдан қайтган ота қизини ҳимоя қилолмагани учун қишлоқдан бош олиб кетди. Шундан буён ўша хўрланган сулувнинг руҳи оламни безовта кезармиш.

Мен бу гапга бир ишондим, бир ишонмадим. Бироқ у туфайли ўғлим жиннига айлангани рост. Анчадан бери уни олиб табибма-табиб, докторма-доктор югурдим, бироқ ҳеч нарса фойда бермаяпти. Ўғлимни қандай ҳаётга қайтаришни билмаяпман. Ёрдам беринг.

* * *

Иқбол АДИЛОВА, психолог:

 

— Инсу жинсларнинг борлиги ҳақиқат. Бошқа оламдаги шарпалар одамларга зиён етказиши билан боғлиқ кўп ҳикояларни эшитганмиз. Аммо уларни  ёлғон дейишга тилим бормайди. Фарзандингизнинг тузалиши кўнглингиздаги ишончга боғлиқ. Ишонч балоларни даф қилади.

Шундай экан, ўғлингизни ҳаётга қайтаришни истасангиз, шифокорнинг олдига ҳам, табибнинг олдига ҳам ишонч билан олиб боринг. Ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Эҳтимол, ўғлингизнинг сўқир қизга уйланишига тўсқинлик қилганингиз учун бу унинг руҳиятига таъсир кўрсатгандир. Нима қилганда ҳам болангизнинг соғайиши, аввало, сизга боғлиқ.

Бир соғлиғи ёмонлашган одам жуда кўп табибларнинг олдига борибди, бироқ шифо топмабди. Ҳаммаси уни бироз даволаб, уйига қайтариб юбораверибди. Охири бемор Луқмони Ҳакимнинг олдига шифо излаб борибди. Табиб унинг аҳволини текшириб, тузалмас дардга чалинганини пайқабди.

— Уч ойда оёққа туриб кетасиз, — дебди Луқмони Ҳаким беморга.

Орадан уч ой ўтибди. Бемор чиндан тузалибди ва табибга берган дори-дармонлари учун раҳмат айтибди. «Мен сенга фақат уйқу дори бергандим. Сени оёққа турғазган дори эмас, балки тузалишингга бўлган самимий ишончинг», деган экан Луқмони Ҳаким.

Ишонч ҳар қандай дарднинг калити, шуни унутманг.

Шаҳноза РАҲМОНОВА  ёзиб олди.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

loading...