Samsung ҳарбийлар учун Galaxy S20 Tactical Edition смартфонини тақдим этди

0

Samsung компанияси ўзининг янги флагмани асосида ҳарбийлар учун яратилган мустаҳкам корпус ва функцияларга эга версиясини тақдим этди.

Ҳарбийларга мўлжалланган Galaxy S20 оддий флагман версияси базасида яратилган — у Snapdragon 865 процессори ва 12 гигабайт тезкор хотира ёрдамида ишлайди. Смартфон 6,2 дюймли АМOLED дисплей ва 4000 мА/соат аккумулятор сиғимига эга, камералар ҳам худди оргиналидагидек. Қолган жиҳатлари билан мазкур смартфон мутлақо янги ҳисобланади. У турли зарбалар, сув, кучли вибрация, кескин ўзгарувчан ҳаво ҳарорати ва бошқа шароитларга бардошли.

Samsung’нинг маълум қилишича, Galaxy S20 Tactical Edition ҳарбийларга мўлжалланган махсус ва махфий дастурлар билан ҳам ишлай олади. Шунингдек, у тактик радиостанция алоқаси каби махсус армия аксессуарларига ҳам уланиши мумкин. Galaxy S20 Tactical Edition’га қўшимча учта тугма жойлаштирилган бўлиб, бу танланган иловаларни тезда ишга туширишга ёрдам беради.

Шунингдек, смартфон бир неча махсус режимларда ҳам ишлай олади. Масалан, у ўз хўжайини тунги кўриш мосламасини ёқса, дисплейини автоматик тарзда ўчиради. Яна яширин режим ҳам мавжуд бўлиб, кузатувлардан ҳимояланиш ва барча алоқа модуллари — мобил, Wi-Fi ва Bluetooth’ларни ўчиришга қодир.

Samsung’нинг таъкидлашича, мазкур смартфон икки поғонали шифрлаш стандартлари билан ҳимояланган. Бу эса уни оддий харидорлар сотиб ололмаслигини билдиради — смартфон 2020 йилнинг учинчи чорагида компаниянинг маълум ҳамкорлари учун сотувга чиқади.

Ҳарбийларга мўлжалланган смартфоннинг нархи ҳам ҳозирча маълум эмас. Оддий Galaxy S20 нархи 770 долларни ташкил этади.

Daryo.uz

loading...