Сирдарёдаги тикланиш ишлари учун Давлат бюджетига 100 млн доллар ажратилади

0

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қайтариб бермаслик асосида Давлат бюджетига 100 млн доллар эквивалентидаги маблағлар ажратади. Бу маблағлар Сирдарёдаги сув тошқини оқибатида жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш чора-тадбирларини молиялаштириш бўйича қарорни имзолади.

Унга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қайтариб бермаслик асосида Давлат бюджетига 100 млн доллар эквивалентидаги маблағлар ажратилади.
Ушбу маблағлар қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

Сув хўжалиги вазирлигига — талафот кўрган ҳудудларда сув тошқини оқибатида издан чиққан ирригация ва мелиорация объектларини тиклаш, шу жумладан коллекторлар, дренаж ва дренаж қудуқларини, мелиоратив насос станцияларини таъмирлаш ва тозалаш ишлари учун;
Транспорт вазирлиги хузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига — талафот кўрган ҳудудларда йўл- транспорт инфратузилмасини қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун;
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига — талафот кўрган ҳудудларда тоза ичимлик суви ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун;
Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига — Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойи бузилган ёки яшаб бўлмайдиган аҳволга келган оилаларга 2020−2021 йиллар давомида кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳамда қуриб битказилган ва сотилмаган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни эгаликка бериш учун;
Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига — Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ижтимоий соҳа объектларини (мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқалар) қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун.
Вазирлар Маҳкамасига ўн кун муддатда Президент Администрациясига Мудофаа ва ҳуқуқ тартибот органларнинг тадбирлари ҳамда уларга Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган жами 1,150 трлн сўм миқдоригача бўлган бюджет маблағларини мақбуллаштириш бўйича таклиф киритиш вазифаси белгиланган.

Мақбуллаштириладиган маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар ҳисобидан қуйидагиларга ажратилган маблағлар ўрнини қоплаш учун:1 майдаги президентнинг Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган 100 млрд сўм;
2019 йил 1 декабрга қадар хусусий шериклар томонидан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун ажратилган 182 млрд сўм;
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, бошқа мақсадларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши ҳамда кўчмас мулк объектларининг бузилиши оқибатида етказилган зарар миқдори бўйича вужудга келган қарздорликни қоплаш учун Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратилган 352,7 млрд сўм;
«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»га оид давлат дастурига асосан янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига ажратилган 85,3 млрд сўм;
Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар тўғрисидаги президент фармойишига асосан Бухоро вилояти маҳаллий бюджетига 130 млрд сўм ажратиш (шу жумладан, олдин ажратилган 100 млрд сўм ўрнини қоплаш) учун;
Президентининг 1 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун туман бюджетларига ажратилган 300 млрд сўм.
Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига электр тармоқлари, табиий газ қувурлари ва алоқа тармоқларини тортиш ишлари тегишли «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбектелеком» АК маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.

Олдинроқ хабар берилганидек, Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартариф этиш учун камида 1,5 трлн сўм керак бўлиши мумкин. Жабрланган аҳоли учун қурилиши режалаштирилган 66 та кўп қаватли уйларни қуришга 950 млрд сўм йўналтирилади. Бухоро вилоятидаги қаттиқ шамол оқибатида етказилган талофатлар зарари 141,6 млрд сўмга баҳоланмоқда.

Gazeta.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here