САРОБ САҲРОСИДАГИ САҒИРГИНА САНАМ…

0

 

 

***

 

«Мен Ориф акамни у қанжиққа бериб бўпман! Ҳозир борай, кўрсатиб қўяман унга! Сочини битталаб юламан…» Ўн олти йиллик ёш умрини болалар уйида ўтказиб, шу маскангагина кўниккан Мадинанинг авзойи бузилди. На илож?.. Ҳали дунёни яхши танимай туриб, ота-онаси билан аварияга учраб, мияси қаттиқ чайқалган эди. Шундан кейин анча асабий бўлиб ўсди. Бунинг устига, ҳеч кими йўқлиги яна бир дард. Сал жаҳлини чиқаришса, гўёки жодугар қиёфасига киради-қўяди. Бунақа пайтларда ҳеч ким уни тўхтата олмайди… Орифни севиб, ўша йигит билан овунарди. Унга ишонарди. Америкаликни топиб олибди, деган гапни эшитди-ю… «Йўқ… Мен Ориф акамни қаёқдаги америкалик жодугарга бериб қўймайман! Йўқолсин ўша Америкасига! Бизни тинч қўйсин!..» — дея ўйлади фиғони фалакка чиқиб…

— Сенга ким керак?.. — Дарвоза қия очилиб, рўпарасида Орифнинг ойиси Муножот опа пайдо бўлганида, Мадинанинг кўзлари баттарроқ чақнаб кетди.

— Ориф акам… Ориф акам қани?.. — сўради у дудуқланиб.

— У йўқ… Меҳмони бор… Ҳой, менга қара, намунча мени ўғлимга ёпишиб олдинг-а?.. — у ўғлини бир-икки марта Мадина билан кўрган. Суриштириб, етим эканлигини билгач, «Иккинчи у билан учраша кўрма!» дея ўғлига танбеҳ берганди.

— Меҳмони… анави америкалик манжалақими?.. Чақириб беринг!.. Гапим бор унда… — жаҳли чиқиб кетди Мадинанинг.

— Ҳой, тентак, оғзингга қараб гапир! Тентаклигингни ҳов етимхонангга бориб қиласан, тузукми?!

— Ойи, ким экан?.. Кимга бақиряпсиз?.. Мадина?.. — Ҳовлиққанча дарвозахонага чопиб чиққан Ориф Мадинани кўрди-ю, бир муддат ранги оқарди. Бу орада Муножот опа секингина ичкарига йўрғаларкан, Мадинанинг юпунгина кийими, оёғидаги ёнига қийшайибгина қолган кавушига разм солиб қўйишни ҳам унутмади.

— Мадина… Жоним, тинчликми?.. Нима бўлди ўзи? — Ориф гўёки ҳайрон бўлаётган одамдек Мадинанинг елкасидан ушлади.

— Нега америкалик қанжиқминан юрибсиз?.. Уни қайдан топдингиз?.. Ваъдаларингиз ёлғонмиди?.. Мени севмайсизми энди?.. — Мадинанинг телбаларча сўзланишларини эшитиб туриб, Ориф беихтиёр кулиб юборди.

— Нима деганинг бу?.. Қанақа америкалик, қанақа севги?.. Анжелика, ахир, тоғамнинг қизи-ку!.. Наҳотки, шунчадан бери севишиб юриб ҳам менга ишонмасанг?.. Наҳотки, бошқасига сени алмашаверади деб ўйласанг?.. Билсайдинг… Сени қанчалик севишимни… Сендан айрилган куним ўлиб қоламан-ку, Мадина!.. — Ориф Мадинани қаттиқ қучоқлаб эҳтирос билан ўпа кетди. — Сенга ҳеч ким тенг кела олмайди, жоним! Мен сени шунчалик яхши кўраманки…

— Рост айтяпсизми?… Алдамаяпсизми?…

— Йўқ… Менга ишон… Фақат ўзимга ишон. Бўлар-бўлмасга асабийлашаверма, касал бўп қоласан… Сенга мумкин эмас…

Мадина йигитнинг алдовларига чиппа-чин ишонди. Сўзларидан, қайноқ бўсаларидан буткул маст бўлди. Ва етимхонага қайтгандан сўнг Орифнинг сўзларини эсларкан, Анжеликани ўзининг ўрнида сира тасаввур эта олмади.

 

***

 

Тошкентга чет эллардан келиб турадиган туристларнинг сон-саноғи йўқ. Келаверишади-кетаверишади. Улар беш юлдузли, шоҳона меҳмонхоналарда яшашади, энг замонавий машиналарда, автобусларда юришади. Аммо Анжелика Тошкентни бир-икки кун томоша қилгач, негадир фикрини ўзгартирди. Бу гўзал диёрдан ҳали-вери воз кечиб кета олмаслигини тушунди. Шундан сўнг униси-бунисидан суриштириб ижарага уй излади. Нияти, бир ўзи юрт кезиш, истаган жойларини эркин кўриш, шаҳарнинг жамолига тўйиш эди. Бахтига, Орифларнинг хонадони, кўркамгина ҳовли тўғри келди. Унга Ориф билан ёнма-ён хонани ажратишди. Айниқса, қиз ора-сирада бу келишган йигит ўзига инглизча бемалол мурожаат қилаётганини эшитган сари қувонар, баъзи-баъзида Орифга ер остидан маъноли тикилиб қўяр, уни иложи борича кўпроқ суҳбатга тортгиси келаверарди. Бора-бора бу тахлит тиллашишлар кўпайгандан-кўпайди. Гоҳ билдириб, гоҳ хуфиёна… Аввалига Анжеликанинг хонасига Ориф кириб-чиқиб турган бўлса, кейинчалик… Хуллас, ўртада севги деганлари пайдо бўла бошлагандики, бундан ҳамма бир томон-у, Муножот опанинг қувончи бир томон эди. У ўғли шундай бадавлат, келишган, яна тил билмас қиз билан бемалол гаплашаётганини, Анжелика унга жуда меҳрибон бўлиб қолганини кўргани сари ғурурланар, кўнглининг бир четида эса, фарзандига канадай ёпишган Мадинани қандай даф қилишни билмай гаранг эди.

— Сен инглизчани яхши биларкансан, — деб қолди бир куни Анжелика Орифга, — Ҳам жуда самимий йигит экансан… Ёқиб қолдинг менга… Сени Америкага олиб кетсам, нима дейсан?..

Ўша куни Ориф илк бор қизнинг сочига, кейин… Оппоқ юзларига лаб босди. Йўқ… У Америка ҳақида шу тобда гўё эшитмади. Қиз, ана шу ёқимтой Анжеликани ёқтириб қолганини ҳис этгани, унинг бағрига сингиб боргани сари тобора энтикарди.

— Мадина деган қиз орқангдан юришини айтгандинг, уни нима қиласан?.. — сўради у Орифнинг сочларини беихтиёр сийпалай бошларкан, — Айтиб қўяй, мен билан кетсанг, ортга қайтишинг қийин бўлади.

— Э… Энди… Қаёқдаги касал қизни деб умримни ўтказиб юборайми?! Севмайман уни… Ўзи ёпишиб олган…

— Кетаётганингни билса, тўполон кўтармайдими?..

— Тўполон кўтармайди… — Ориф қизнинг кўзларига маъноли тикилди, — Кетаётганимизни умуман билдирмайман. Секингина жўнаворамиз… Кейин билган қандини есин…

Улар то ярим тунгача гаплашиб ўтиришди. Қачон билет сотиб олиш, қандай йўл тутиб жўнаш ҳақида бош қотиришди. Шу кеча Ориф Анжеликани хонасига кетишга қўймади.

 

***

 

Мадина келишган, бўйи узунгина, жозибадор қиз бўлгани учунми, етимхонадаги йигитлар ҳоли-жонига қўйишмайди. Айниқса, бурноғи йили бу ерни битириб кетган Маликдан Мадина жуда қўрқади. У тез-тез етимхонага келиб қизнинг йўлини тўсади, хиралик қилади, одам бор-йўқ демай нуқул ўзига тортади, қаёқларгадир судраб олиб кетмоқчи бўлади, қаршилик қила бошласа, дўқ уради. Афсуски, бу ҳақда Мадина Орифга айта олмайди. Негаки, Малик безори бўлиб кетган. Ўзига ўхшаган ўртоқлари кўп. Яна кимнингдир айтишича, тўппончаси ҳам бор эмиш… «Уф-ф… Гўрсўхта яна йўлимдан чиқди-я!..» Ғира-шира қоронғиликда бирон-бир егулик олиш илинжида дўконга йўл солган Мадина сигарет чекиб машинасига суянганча ўзи тарафга тикилиб турган Маликни кўрди-ю, беихтиёр ранги оқарди. Афтидан, Малик айнан уни кутаётган эди.

— Мадина, биламан, бу сафар ҳам мени рад қиласан, — совуқ тиржайиб қизга яқин келди Малик, — Яна ўша Орифингни пеш қила бошлайсан, шундайми?..

— Йўлимни тўсманг, дўконга кечикяпман!..

— Йўқ, аввал мени эшит. Дўконинг қочиб кетмайди… Ориф одаммас… Ҳозир мен билан бир жойга борасан… Йўқ десанг… Орифга қўшилиб… Сенам ўласан…

— Ҳечам-да!.. — бақириб юборди Мадина ўзи ҳам сезмаган ҳолда, — Мен сизга ўйинчоқмасман, билдингизми?! Қочинг йўлимдан!.. Мен фақат Ориф акамни севаман.

— Ҳа-ҳа-ҳа! — Малик хандон отиб кулган кўйи Мадинанинг юзини оҳиста чимчилади, — Шунақа дегин… Чиқ машинага!..

— Йўқ, дедим сенга!.. — Мадина бу қўрқинчли машинага ўтириш тугул ҳатто, яқин йўлашни истамасди. Аммо барибир Маликнинг важоҳати, қолаверса, икки ёнига туриб олган бир-биридан даҳшатли эркакларнинг совуқ нигоҳлари бунга йўл бермади ва ноилож олдинги ўриндиққа чўкди.

— Менга қара, қизалоқ, — Малик моторга ўт қўйишдан аввал Мадинанинг билагини қаттиқ қисди, — Сен бекорга менинг муҳаббатимни инкор қиляпсан. Қочиб қаергаям борардинг. Сенга ваъда бериб айтаманки, яқин орада бағримда бўласан… Ҳатто… Мени ечинтиринг, деб ўзинг ялинасан…

— Буни ҳали кўрамиз… Мен сиз ўйлаган қизларданмасман…

Малик Мадинанинг бу гапига жавобан ҳеч нарса демади. Машина катта йўл бўйлаб елдек учиб кетди. Йўл-йўлакай Малик кичик ойнадан ҳамтовоқларига қараб маъноли тиржайиб қўяр, Мадина эса, бу нарсаларнинг фаҳмига ҳадеганда ета олмасди.

Машина Ўрда бекатига етгач, Малик рулни анҳор тарафга бурди ва зарб билан тормоз берди.

— Ана, кўриб қўй, — деди у анҳор бўйига ишора қилиб, — Анави ерда Ориф аканг турибди…

— Турса нима қипти… Дам олиб ўтирибди, холос…

— Яхши, яхши… Буни менга қизиғи йўқ… Фақат… Бир нарсани сенга айтиб қўяй… Ҳозир ё менга ўзингни топширасан, ё…

— Нима ё?.. Ўлдирасанми?.. Ўлдир!.. Ҳе… — Мадина кутилмаганда лаблари титраб ёнидаги беўхшов тиржайиб турган Маликка қичқира кетди. У эса, қизнинг сочларидан ғижимлаб ўзига қаратди.

— Вей, менга унақа шармандалигинг ўтмайди… Агар кўнмасанг, Ориф акангни шу ернинг ўзидаёқ сўйиб сувга ирғитиб кетамиз, билиб қўй!.. Сенинг кўз олдингда ўлдирамиз… — Малик шу гапларни айтиб орқа ўриндиқда ўтирганларга боши билан имлаб қўйди. Мадина аниқ кўрди. Бадбашара йигитлардан бири ташқарига чиққач, чўнтагидан сўйтолдек пичоқ чиқарди ва оёқ учида юриб бориб скамейкада астойдил китоб ўқиётган Орифнинг орқасида тўхтади. «Наҳотки, ҳозир ўлдириб қўйишса?.. — ўйлаб қолди кўзлари қинидан чиқаёзган Мадина, — Бу ярамасларга ишониб бўлармиди?.. Ҳозир… Шундоқ пичоқни санчади-ю…»

Афсуски, у хаёлини йиғиштириб, Маликка сўз қотишга улгурмади. Ориф гарчи Мадина ўтирган машинадан бехабар бўлса-да, безорининг ҳаракатларини сезиб, кутилмаганда ўрнидан турди-да, унинг пичоқ тутган қўлидан ушлаб қаттиқ қайирди. Пичоқ ерга тушиб безори тиззалаб қолгач, эпчиллик билан томоғидан бўғиб олди. Кейин… Нима бўлганини Мадина кўра олмади. Орифнинг кутилмаган қаршилигидан саросимага тушиб қолган Малик ҳамма нарсани унутиб, машинасини елдек учириб борар, орқада ўтирган иккинчи ҳамтовоғи нуқул сўкинарди.

 

***

 

Мадина ярим йўлда машинани тўхтатиб, тушиб қолди. Ишлар бу тахлит ўзгариб кетишини кутмаган Малик шу тобда у билан тортишиб ўтирадиган аҳволда эмасди. Шунинг учунми, Мадинага бир оғиз сўз демай, эшикни очиб қўя қолди…

Мадина етимхонага боргиси келмай, тўғри паркка кирди-да, бўш ўриндиқлардан бирига чўкди. Юз-кўзларини дастрўмолчаси билан артиб, сочларини бироз тўғрилаган бўлди. Сал нарида бир-бирларини астойдил эркалаб тўймаётган йигит-қизларга қараб туриб беихтиёр кўзлари ёшланди. «Менинг шу қизлардан қаерим кам?.. — хаёлидан шу сўзларни ўтказгани сари алами келарди, — Тўғри, мен буларга ўхшаб бекаму кўст эмасман. Йиқилсам суяб қоладиганим йўқ… Лекин ҳаммасини билиб-кўриб севганди-ку Ориф акам!.. Наҳотки… Йўқ, йўқ, нималар деяпман?.. У ҳозир ҳам севади… Нима, шу уятсизларга ўхшаб ўпишиб ўтиришимиз шартми?..» Мадина ўз хаёллари билан ўзини тинчлантиргандек оҳиста кўзларини юмди. Ҳозир… Анчадан бери эсламай қўйган илк учрашувни яна эслагиси, ўша қувноқ, тотли лаҳзаларга такрор ва такрор қайтгиси келарди…

Ўшанда Мадина олтинчи синфда ўқирди. Худди ҳозиргидек ўшанда ҳам асабий, шаддод эди. Кунларнинг бирида Ўрмон ака деган бир бойвачча етимхонадагиларга хайрия тарқатишга келиб қолди. Ёнидаги ўғилчаси шу қадар ёқимтой, қувноқ эдики, Мадинага Худо берди. Улар бирпасда дўстлашиб қолишди. Ҳа, бу ўша Ориф эди. Айтганча, бир куни у қувлик қилиб, Мадинани ўпиб ҳам олган. Дув қизариб, чопқиллаганча ётоғига кириб кетганди Мадина ўшанда… Тўғри, ёшлари улғайиб, оқ-қорани танишгандан кейин ҳам Ориф бир-икки бор бўсалар олган… Лекин барибир, ўша кунгиси бошқача эди…

— Вой, сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан?.. — Мадина кутилмаган товушдан чўчиб бошини кўтарди. Тепасида синфдоши Карима истеҳзоли кулимсираб турарди… Бу эркакшода қиз унга азалдан ёқмайди. Афт-ангори ёқимсизлигиниям қўйиб турсин. У қачон қараса, Орифни рашк қилар, ҳар қадамда имкон топди дегунча, совуқ гаплар топиб юрар, Мадина қанча кўп хафа бўлса, у шунча қувонарди. Айниқса, Анжелика воқеасидан хабар топгандан бери ўзини қўярга жой тополмай қолган. Фақат севгисини Орифга очиқ айтолмайди. Юраги бетламасмиш гўё. Шуларни эсларкан, дугонасига ер остидан ўқрайибгина қараб қўйди.

— Сенга нима керак?.. Яна қанақанги гаплар топиб келдинг мени «хурсанд» қилишга?.. — совуқ илжайди Мадина.

— Вой, ойимқизнинг бемалол ўтиришини… Бехабарга ўхшайсанми дейман янгиликдан?..

— Қанақа янгилик? — Мадина аччиғини яширолмай даст ўрнидан турди.

— Ориф Америкага кетаётганмиш-ку!.. — Карима янгиликни кўзи чақнаб айтди.

— Ҳеч қаерга кетмайди… Жиғимга тегишга бошқа гап тополмадингми?..

— Ие, ану қизни… Уйига бор ишонмасанг… Ҳамма ўртоқларини чақириб, хайрлашув кечаси қиляпти… Ўзим кўрдим… Анави Анжеликасини ёнига олволган…

— Нима?.. Ҳали шунақами?.. — ортиқ сўз дейишга Мадинанинг тоқати етмади. Мияси худди тош теккандек қаттиқ ғувиллар, кўзлари ўзи чопиб кетаётган йўлакдан бўлак ҳеч нарсани кўрмасди.

 

***

 

Карима бу сафар алдамаган экан. Ориф ҳақиқатан кетишга қарор қилган, аммо ҳамма ишни ими-жимида ҳал қилмоқчи эди. Шунинг учун ҳам Мадинага билдириб ўтиришни, ортиқча тўс-тўполон чиқаришни истамасди… Энг яқин дўстлар даврасида (Албатта, уларнинг барчаси бой-бадавлат, дунё кезган одамларнинг фарзанди) янги севгилиси Анжеликанинг биқинида ўтириб астойдил хурсандчилик қилаётган йигит ҳозир мисоли еттинчи осмонда парвоз қилаётган каби керилиб-керилиб қўяр, ўзича Америкадаги бўлғуси ҳаётини хомчўт қилиш билан банд эди. Шу пайт дарвозани кимдир асабий тепгандек туюлди. Бунақанги кескин муомалага сира кўникмаган Муножот опа жаҳл билан дарвоза қабатини очди-ю, шу заҳоти қайтадан ёпиб ўзини ичкарига олди ва ташқарига чиққан йигитлардан бири орқали Орифни чақиртирди. Бу орада кўча тарафдан эшитилаётган қичқириқ тобора кучая борарди.

— Очи-инг!.. Ориф ака-а!.. Нега яшириняпсиз?.. Очинг!..

— Бор, ўғлим, анави жинни яна кепти, — Муножот опа ширакайф Орифни дарвоза томонга қараб туртди, — Бир балони бошлаб юрмасин тағин… Сенгаям ҳеч тушунмайман-да!.. Қаёқдаги қаланғи-қасанғиларни илакиштириб юрасан-а!..

Ориф индамай кўчага чиққани ҳамоно сочлари тўзғиб кетган Мадина унинг ёқасига ёпишди.

— Ориф ака!.. Айтинг, нега алдадингиз?.. Нега ўша қанжиққа қўшилиб кетаётганингизни мендан яширдингиз?.. Ахир, сиз мени севардингиз-ку, гапиринг!.. — дея дув-дув кўзёш тўкарди.

— Мадина, ўзингни бос, илтимос… Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман…

— Нимани тушунтирасиз-а?.. Ўшанга уйланишингизними?

— Қўйсанг-чи бунақа гапларни!.. Ким айтди мени ўшанга уйланади деб?.. Фақат… сен билан ўзимнинг келажагимни ўйлаб кетяпман Америкага. — Ориф Мадинани бағрига босиб астойдил эркалаб, овутаркан, ёлғон деганини тўқиб тўхтамасди, — Ахир бу ерда нимага эришаман?.. Ҳеч нарсага… У ёқдан бўлса, бир талай пул топиб қайтиш мумкин…

— Йўқ, йўқ… Яна алдаяпсиз… Қайтмайсиз!.. Қайтариб бўпти ўшалар… Кетмайсиз…

— Нега ишонмайсан-а?.. Бўпти, кетмайман ҳеч қаерга… Истайсанми, кўз олдингда ўша ярамас чиптани йиртиб ташлайман… Кейин… Кейин эртагаёқ сенминан ЗАГСга ариза ташлаймиз, истайсанми?..

— Йиртинг, йиртинг… Ўшанда ишонаман…

Ориф чўнтагидан эндигина қандайдир қоғозларни суғуриб бўлаклаган ҳам эдики, дарвоза тирқишидан уларни кузатиб турган Муножот опа отилиб чиқди.

— Ҳой, бебош бола, нима қилиб қўйди-инг?.. Шу жиннини деб-а?.. Менга қара жинни, псих, йўқол мени остонамдан!.. Ўғлим сени тенгингмас, тузукми?! Бор, ўзингга ўхшаган жиннини топиб тегавер!.. Орифни тинч қўй! У боради Америкага!.. Қани, қўлингдан нима келаркин, кўраман!.. Ҳе, эрсирамай ўл, тентак!.. Юр, ўғлим, етар шунча ялинганларинг!..

Мадина дарвоза ёпилгандан кейин ҳам бир муддат туриб қолди ва она-боланинг ўзаро пичир-пичирини аниқ эшитди.

— Ҳой, ростданам чиптани йиртдингми-а?..

— Ойи, мен жинни бўлибманми йиртиб?! У тариф қоғозийди шунчаки…

Мадина ҳаётда қанчалар қаттиқ алданганини мана эндигина тушуниб етганди. Нима қилсин?.. Бу ёғига қасос олишдан бўлак иложи қолмаган эди.

 

***

 

Мадина Орифнинг эртаси куни учиб кетаётганини аниқ эшитди. Ойиси ўша дарвоза ортида ўзи гуллаб қўйди билмай. Энди унга битта йўл қолди. Маликнинг тўппончасини ўғирлаш…

Мадина эрта тонгда сўроқлай-сўроқлай Маликнинг квартирасини аранг топди. Топишга-топди-ю… Ўйланиб қолди… Нима дейди кириб?.. Гапни нимадан бошлайди?.. Йўқ… Улгуриши керак… Бу имконни қўлдан чиқариши керакмас…

Мадина титрай-титрай эшик қўнғироғига қўл чўзди. Бахтига, Малик уйда экан. У остонада ўша… Ўзи билган қайсар қизни кўрди-ю, кулиб юборди.

— Мадина?.. Наҳотки ўзинг?.. Кўзларимга ишонмайман… Айтгандим-ку, ўз оёғинг билан келасан деб!.. — Малик ўзини кулгидан тўхтатолмай, қизнинг елкасидан ушлади. Кейин… Ичкарига тортди. Мадина эса, заррача қаршилик кўрсатмас, ҳатто бу йигит бўса ола бошлаганда ҳам, беихтиёр пишиллаб ечинаётганда ҳам гўёки карахт қиёфасига кирган эди.

— Тўхтанг!.. — У эндигина шимини ечишга ўтган Маликнинг билагидан тутди. — Ориф Америкага учиб кетди… Бутунлай… Сиз энди муродингизга етасиз. Мен сизникиман… Фақат аввал ваннада чўмилиб чиқинг!.. Отга ўхшаб тер ҳиди анқиб ётибди сиздан…

— Бўпти… Вой-бў!.. Ўлиб кетарканмиз-да энди!.. — Малик норози уф тортиб, ваннахонага кириб кетиши ҳамоно Мадина ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилишга тушди. Ҳеч бир бурчакни кўздан қочирмади. Ҳаш-паш дегунча бир қанча долларлар, кейинроқ латтага ўралган ўша… Тўппонча қўлига киргач, жонҳолатда ўзини ташқарига урди. Малик эса, ҳануз ҳеч нарсадан бехабар, қандайдир қўшиқни хиргойи қилганча чўмилиш билан банд эди.

— Ориф ака!.. Мен айтгандим-ку!.. Илтимос қилгандим-ку!..

Бир талай кузатувчилар орасида турган Ориф ўзидан ўн-ўн беш қадам нарида тўппонча ўқталганча бетиним титраётган Мадинани кўрди-ю…

— Мадина… Бу нима қилганинг-а?.. Мен кетаётганим йўқ ҳеч ерга… Мана, Анжеликани кузатгани чиқдим, холос… Ташласанг-чи қўлингдагини!.. Ўзинг ақлли қизсан-ку!.. Мана, боряпман… Бағримга босаман-у, икковимиз ЗАГСга борамиз…

— Йў-ўқ!.. — тўппончанинг қайта-қайта варанглаган овози атрофни тутди. Кимдир талваса ичида ташқарига чопган, яна кимлардир дод солиб бақирган… Мадина ерга юзтубан қулаган Орифнинг жасадига ҳеч кимни яқинлаштирмай тўсиб олганча телбаларча қичқиришдан тўхтамасди:

— Ол, мана, қанжиқ!.. Олмайсанми?.. Ниятингга етдинг-ку!.. О-ол!..

Олимжон ҲАЙИТ

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here