КАЛЛАКЕСАР… (17-қисм)

0

 

 

«ҚАЛЛИҚ» ЎЙИНИ

 

* * *

Жавҳарий айтганидек, бугунги тун Меҳмоналининг ҳаётида унутилмас лаҳзаларга бой бўлиши кутиларди.

У қариянинг 16 яшар кўҳликкина қизини қул қилиб лагерга олиб келди.

Қўл остидаги жангариларнинг ҳам ҳавасданми, ҳасадданми, кўз қарашлари аланг-жаланг эди. Кимлардир бир-бирини турткилаб, афғон қизини кўрсатар, эшиттирмасдан нималарнидир бир-бирларига уқтиришарди.

Умрида чимилдиқ кўрмаган Меҳмонали эса бир қувонса, бир ҳаяжонга тушар, бу қиз билан ўтказадиган кечани тасаввур қилганда, тошга айланаёзган юраги энтикишдан тийила олмасди.

Шундай аҳволда қизни хонасига олиб кирди.

Бундай ғалабани, романтик кунни нишонламаса бўлмасди. Қўллари чандиб бойланган қизга терс ўгирилиб, оқ оғу кукуни билан хуморини босган бўлди.

Борлиғига иниб улгурган қувончни наркотик баттар кучайтирди. Қизнинг қаршисида гўё ўзининг зўрлигини намойиш қилмоқчидек, ора-сирада керилиб-керилиб олди…

Бироқ бу хом сут эмган банда қишлоқда қандай оғир гуноҳга йўл қўйганини, маъсума қизнинг кўз ўнгида падарини сўйганини, яна бу ишга худога нола қилар чоғида қўл урганини, ибодатгўй учун жуда қимматли бўлган жойнамозни қонга бўяганини зўрлик интиҳоси деб билиши дўзахга дўмбира қилиши муқаррарлигини, бундай гуноҳлар, ширкнинг ажри жуда ёмон бўлишини хаёлига ҳам келтирмасди. Билмаса ҳам керак. Чунки бундай каллакесарларнинг ўзи тавба қилса ҳам бошқа ери тавба қилмаслигини худо ҳам кўриб, сезиб, ҳисоблаб, ҳис этиб турибди…

— Хўш, хотинбўй, отинг нима? — сўради кўзлари қизариб, афти мурданики каби оқариб кетган Меҳмонали қизнинг ёнига ўтириб. — Ўзбекчани биласанми?

Қиз кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда Меҳмоналига бир ўқрайиб қаради-ю, эшитилар-эшитилмас «Худоё отамнинг арвоҳи урсин!», дея шивирлаб олиш билангина чекланди. Афсуски, шу тобда Меҳмоналининг қулоғига гап кирмасди. Икки хаёли ёнидаги худди шу маъсума қиз билан айш қилиш, унга ҳақиқий эркаклигини кўрсатиб қўйишда эди. Бу қиз азали эканига, умрида эркак бағрига кириб кўрмагани, ҳаёси, орзулари хоҳишларидан-да мўлроқлигини билмасди. Билса-да фаҳми етмасди.

Меҳмонали яна бирпас унга ҳирс билан тикилиб тургач, дафъатан қўлларини арқондан бўшатди.

— Қани, ечин, — буюрди қизга пўписа аралаш. — Нега бақрайиб қолдинг? Ечин, менинг кўнглимни овла!

— Овора бўласанлар, — деди қиз тап тортмай. — Сендақа ифлосларминан ётадиган аҳмоқ йўқ. Худо жонингни олсин илоё!

— Гапни кўпайтирма, ожиза! — бақирди кайфи баттар таранглашиб гўё ваҳший қиёфасига кириб бўлган Меҳмонали ва шоша-пиша киссасидаги тўппончани чиқариб қизнинг пешонасига тиради. — Ечин дедим! Ҳозир асфаласофинга жўнатвораман! Бўл тез!..

Қиздан садо чиқмагач, нимадир ёдига тушгандек, шкафдан қалин скотч олди-да, керакли қисмини қирқиб олиб жонҳолатда оғзини скотчлаб ташлади.

— Ана энди додингни худогаям айта олмайсан, — деди пишиллаганча қизнинг эгнидаги кийимларни тортқилаб ечаркан. — Мендай мужикка хотин бўлганинг учун рўмолингни осмонга отмайсанми, ғалча? Мен кимсан бўлғуси дала командириман! Фаҳминг етадими шунга?..

Қиз жавоб қайтаришга чоғланди. Бироқ оғзи скотчлангани халал бериб, инқиллашдан нарига ўта олмади.

Бу орада Меҳмонали қизни тўлиқ ечинтириб бўлди. Қоматини томоша қиларкан, оғзи қулоғига етди.

— Воҳ, — деди у қизнинг танасига қўл юбориб. — Сен анави мараз Мўътабаримданам зўр экансан! Воҳ, шунақаям чиройли бўладими қиз деганнинг қомати!?. Қани, ётсинлар энди хотинбўй! Вақт зиқ! Ҳали…

Меҳмоналининг гапи оғзида қолди.

Эшик ғийқиллаб очилди-ю, ичкарига Жавҳарий кириб келди.

Кирибоқ қип-яланғоч қизга, кўзлари худди қонга тўлган Меҳмоналига кўзи тушди.

— Ў, Меҳмон, маишатлар зўр-ку-а?!. Зўрини топибсан-ку соҳибжамолнинг! Бундайларни қул қилиб олса ярашади, ҳа!..

Меҳмонали командир киргандаёқ даст ўрнидан туриб кетганди. Бир муддат қўл қовуштириб турган бўлди-ю, тилга кирди.

— Бу… Ўша ўзингиз айтган чолнинг қизи экан. Қаранг, жа кетворган хилидан экан!

— Бу яхши, — деди Жавҳарий Меҳмоналига янада яқинроқ келиб. — Лекин ўзбошимчалик қип қўйибсан-ку, укам! Командиринг хонасида зерикиб, дард чекиб ўтирса-ю, кириб бир оғиз рухсат сўраб қўймабсан-да! Бу одобдан эмас, бўлғуси командир!

— Ҳалиги… Ўзингиз айтган…

— Бас, — гапни кесди Жавҳарий. — Ҳақиқий жангари ўзи суйган буюмни яқин одамлар билан баҳам кўриши керак. Бизда қоида шунақа! Бугун бу қиз менинг кўнглимни овлайди. Уқдингми, ё яна такрорлайми?..

— Гап йўқ, — дея олди Меҳмонали тарвузи қўлтиғидан тушган кимса каби бўшашиб. — Нимаям дердим? Сиз командирсиз! Гап йўқ!..

— Мана бу бошқа гап, — Жавҳарий кафтларини бир-бирига ишқалаганча қизни қайтадан кийинтиришга тушди. Кийинтириб бўлгач, оғзидаги скотчни ечмаган ҳолда ташқарига етаклади.

— Сен эртага эрлик қиласан бунга, — деди чиқиб кетишдан олдин. — Фақат лаб-лунжингни осилтираверма! Ҳали бизнинг қоидаларга ўрганиб кетасан. Ишон, эртага хотинингни бус-бутун қилиб қайтараман ўзингга!..

Меҳмоналига жуда алам қилганди. Келганидан бери бу тун ҳақида кўп ва хўб орзу қилганди. Шу афғон қизи билан бирга бўлиб, Мўътабарнинг хиёнатини бир лаҳза бўлсин унутмоқчи эди. Вужудига муз бўлиб инган алам ва нафратга енгилмаслигини, аксинча улардан-да ёвузроқ кимсага айланганини исботламоққа шайланганди. Жавҳарий барчасини йўққа чиқарди. Кўзини лўқ қилди-ю, насибасини тортиб олди.

Меҳмонали алам устида яна оқ кукундан бир чимдимини милкига ишқалади. Бу сафар кўзларидан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Аъзойи баданини совуқ терга ўхшаш бир намлик чирмаб бораётганини ҳис этди ва бўшашганча каравотга ўтириб қолди.

Шу пайт қизариши бир бўлиб, зўрға очилаётган кўзлари ҳов нарида — дераза қаршисида таниш қиёфани кўргандек туюлди.

Олдинига ўзини ухлаётганга, туш кўраётганга йўйди. Лекин у ер-бу ерини чимдим кўриб, кўраётгани туш эмаслигига амин бўлди.

Дераза қаршисида аъзойи бадани қонга бўялган, боягина ўзи калласини олган қария қўлида қон қотган жойнамозни сиқимлаганча унга алам аралаш боқарди.

— С-сенга нима керак? — Меҳмонали наркотик таъсирида бўлишига қарамай, юрагини қўрқув ҳисси чулғаган кўйи эҳтиёткорлик билан ўрнидан қўзғалишга тутинди. Аммо уддасидан чиқа олмади. Жуссаси ўзига бўйсунмади. Гўё кимдир каравотга михлаб қўйган-у, қўзғалса, кучли оғриқдан азоб чекадигандек гоҳ ўнг, гоҳ чап ёнбошига ўзини ташлашдан нарига ўта олмади.

— Сен ўлишинг керак, — деди қариянинг арвоҳи қўлидаги қон қотган жойнамозни силкитиб. — Менга ўхшаб пичоқ тиғидан оҳ чекиб, нола қилиб ўлишинг зарур. Сен жойнамозимни булғадинг, ифлос, иймонсиз! Ўласа-ан! Қон қусиб ўласа-ан!!!

Меҳмонали бу ҳайқириқлар қулоқлари остида жаранглаганини аниқ-тиниқ сезиб турарди.

Қўрқув, ҳадик, ажал таъқиби уни ётишга мажбур этди. Ётганда ҳам кўрпага ўралганча қорни билан ётиб олди. Ҳайқириқлар, таҳдидли ва ўзи учун ёқимсиз товушлар тинишига умид боғлади.

Орадан бир неча дақиқа ўтди ё ўтмади, ниҳоят товушлар тинди.

Хонани зулмат иси ҳамда шубҳали сукунат қоплади.

 

* * *

 

Шу ухлаганча Меҳмонали эрта тонгда кимнингдир турткисидан чўчиб кўзларини очди.

Тепасида ўзидан икки ёш катта Аваз таваккалчи деган жангари тиржайганча қараб турарди. Унга бир ишга қўл уриш керак бўлса, режа тузмасдан, дарров ҳовлиқиб иш бошлаши туфайли шундай лақаб қўйиб олишган.

Меҳмонали унинг илкис турткисидан сўнг кечаги кўрганлари хотирасига муҳрланиб қолганми, сал қурса ўлаёзди. Юраги тез уриб, кўзлари каппа очилган кўйи вужуди титраб кетди.

Таваккалчи лақабли бу жангарига кўзи тушгачгина бўшашиб қайтадан ўринга чўзилди.

— Нима, кеча кўпайиб кетдими дейман дори? — савол ташлади таваккалчи турган ерида. — Жуда безовтасан? Тинчликми?

— Доза кўпайса шунақа безовта бўладими одам? — деди Меҳмонали тепасидаги жангарига сирли боқиб. — Қўрқадиган бўп қоладими?

— Ҳа-да, — деди янада жонланиб таваккалчи. — Агар вақтида камайтирмасанг, ўлиб қолишинг турган гап. Ажойиб кунларнинг бирида ухлайсан-у, қайтиб уйғонмайсан.

— Аваз ака, Жавҳарий мени «лох» қип кетди, — деди Меҳмонали истамайгина ўрнидан қўзғаларкан. — Чув туширди. Эркакчасига ваъда бериб, охирида устидан чиқмади.

— Биламан, укам, — деди Аваз беихтиёр қовоғини уйиб. — Шунинг учун ёнингга кирдим-да! Сенга баъзи паст-баландликларни шипшитиб қўймасам бўлмайди. Кейин… Маслаҳатли иш ҳам бор.

— Гап йўқ, — деди Меҳмонали. — Қанақа паст-баландлик, ака?

— Ўша сен худога сиғингандай сиғина бошлаган Жавҳарий-чи, — деди Аваз таваккалчи. — Ғирт ҳезалакнинг ўзи. Ўғри, муттаҳам, чақимчи ва сотқин.

— Йўғ-э, — дея унга қаттиқроқ тикилди Меҳмонали. — Наҳотки, командир бўп туриб шунақа бўлса?..

— Ҳа-да, командирлигидан унумли фойдаланади у хонасалот.

— Порахўрми?

— Қанақа порахўр? Ўғри, муттаҳам дедим-ку! Кейин буёғидан келсак, сен ўша афғон қизидан умидингни узавер!

— Нега? Қайтариб бермайдими? — соддаларча сўради Меҳмонали. — Хотин қилволадими ўзига?

— Уф-ф, мунча ғалча бўлмасанг? Жиннимиди у хотин қилиб? Хотин қилволгандан кейин у манжалақини боқиш, ҳимоя қилиш керак. Аҳмоқмиди ўша ифлос хотин қилиб?

— Унда нима қилади?

— Нима қилишини билмадим-у, локигин қайси қизни хонасига опкириб кетса, ўша қиз изсиз ғойиб бўлади. Ҳеч қачон кўрмайсан уни.

— Демак, ўлдириб кетаркан-да, — деди Меҳмонали асабий лаб тишлаб. — Бундан бошқа нимаям қиларди.

— Бунисидан хабарим йўқ. Балки ўлдириб юборар. Аммо Жавҳарийнинг асл лақабини биласанми?

— Йўқ, — елка қисди Меҳмонали. — Шоирлигини айтган, лекин лақабини…

— Лақаби «Мурдахўр», — деди Аваз овозини ҳийла пасайтириб. — Йигитларимиз бир неча марта лагернинг нариги четидаги яширин хонасида мурдаларни бўлаклаб қовураётганини кўриб қолишган экан. Мурданинг калласиниям кўришган. Калла-чи, аёл кишиники бўлиб чиққан.

— Наҳотки? Шунчалик ваҳшийми?

— Шунинг учунам унга мурдахўр деб лақаб қўйволишган. Шундай экан, укам, афғон қизидан умидингни узавер!

— Вой мараз-эй, — Меҳмоналининг муштлари тугилиб, елкалари уча бошлади. Қачон асабийлашса, шундай ҳолатга тушиб қоларди. — Аваз ака, ўлдирайми шартта хонасига бориб? Нима дейсиз?

— Ўлдиролмайсан, — деди Аваз таваккалчи норози бош чайқаб. — Сендан бошқалар ҳам кўп марта уриниб кўришган. Уддалай олишмаган. Овчарка итга ўхшайди у хунаса. Жуда сезгир. Хаёлингни худди жодугарлардай ўқиб туради. Йўқ… Қўлингдан келмайди. Ука, юз-қўлингни ювиб ошхонага чиқарсан-а? Жуда муҳим иш бор. Маслаҳатлашиб олардик. Нима дейсан?

— Хўп, ака, — деди Меҳмонали бирдан бўшашиб. — Беш минутда ошхонада бўламан!

Аваз таваккалчи унинг елкасига қоқиб қўйди-ю, ташқарига йўл олди.

— Укам, энди менга яхшилаб қулоқ сол, — деди Аваз Меҳмонали столлардан бири қаршисига келиб ўтиргач. — Фақат иккаламиздан бўлак ҳеч ким билмасин. Уқдингми?

— Гапираверинг, — деди Меҳмонали ҳафсаласизлик билан. — Бу лагерда менинг сирдошим ҳам, яқин дўстим ҳам йўқ. Буни ўзингизам яхши биласиз.

— Жавҳарийнинг… Яъни, «Мурдахўр»нинг хонасида каттакон темир сандиқ бор. Ичи пулга тўла.

— Қ-қанақа пул? Йўғ-э…

— Ҳа, ҳайрон бўлма. «Мурдахўр» бу ерда бизнес қилади. Ўша пуллар ҳам йўқолиб қолган қизларнинг яқинларидан зўрликминан олинган. Биласанми қандай йўл тутади?

— Қандай?

— Олдин қиз билан бир кеча ётади. Ёқтириб қолса икки кечаям ётиши мумкин. Кейин у қиз йўқолиб қолади. Хўш, иннайкейин нима бўлади? Билмайсан. Иннайкейин қизнинг яқинлари бу ерга келади. Тўғри келиб Жавҳарий жанобларига учрашади. Қизини топиб беришни талаб қилади, бақир-чақир қилади. Қўрқитади. Жавҳарий эса дарров шантаж қилишга ўтади. Ҳукуматга бизни сотганини айтиб туҳмат қилади. Қатл қилиш билан пўписа қилади. Ҳатто, бир нечта жангарини чақириб қўлини арқонлатади ҳам. Кўрибсанки, боягина шовқин кўтариб, дунёга жар солган мард қўйдай ювош тортади-қолади. Энди унинг ўзи шафқат сўраб ялина бошлайди. Ана шунда «Мурдахўр» шантаж қилишга ўтади. Шунча пул берасан, тирик қўяман деб туриб олади. Шўрлик одам нима қилсин?!. Жон ширин-да барибир! Топади айтган пулини. Шундан кейингина Жавҳарий у одамни тинч қўяди.

— Вой ифлос-эй, — дея қўлларини мушт қилди Меҳмонали. — Мен бунақа ифлослигини билмагандим. Наҳотки?.. Ахир… Халиф индамайдими? Ё хабари йўқми?

— Қанақа халиф? — қўл силтади Аваз. — Бу ерда жўрабоши бор. Халиф эмас. Қолаверса, унинг ўзиям фаришта эмас. Учига чиққан худбин ва ўғри, порахўр.

— Демак, уям бизнес қиларкан-да!

— Ана энди ўзингга келяпсан. Буёғини эшит энди. Сен қандай бўлмасин, Жавҳарийнинг меҳрини қозониб ўша сандиқдаги пулларни ўғирлашинг керак.

— Нимага? Кейин-чи?

— Кейинми? Кейин биз сенминан алоҳида отряд тузишимиз керак. Тоғнинг нариги четида бир ғор бор. Вақтинча ўша ерда яшаб турардик. Ўн беш-йигирма чоғли аскар бўлса, бошланишига етади. Биз бу диёрдан Жавҳарийга ўхшаган латталарнинг думини тугсак, ўзимиз халифалик тузардик. Отрядгаям, халифаликкаям ўзинг бош бўласан, ишон! Аскар топишни менга қўйиб бер. Бу лагерда Жавҳарийни кўришга кўзи йўқлар кўп. Уларга пичадан пул берсанг, жон деб ортингдан эргашади.

— Жа қийин бўлар-ов, ака, — деди Меҳмонали. — Бурнининг остида туриб қандай яшаймиз? Ҳамма қурол шуларнинг қўлида бўлса. Бунинг устига афғон диёрида бундай отрядлар жуда кўп дейишади.

— Бизнинг қаердалигимизни ит ҳам билмайди, — деди Аваз. — Кейин… Омбор қоровуллари менинг оғайниларим. Қуролдан хавотир олма. Керак бўлса-чи, энг зўрларини ўмариб кетамиз. Асосийси, пулни ўмара олсанг бас. Хўш, нима дейсан?..

Одам боласи етакчи, раҳбар, амалдор бўлиши мумкинлигидан хабар топмасин. Жамики поклик, ҳалоллик, диёнат, виждон, шафқатни унутади. Дарров иблис тарафга оғиб кетади. Унинг қулига айланади. Амал курсисига ўтирса бас. Бундан бошқаси уни қизиқтирмай қўяди. Меҳмонали ҳам ўшаларнинг бири-да. Авазнинг ишонч билан етакчи, командир бўла олишига ишора қилгандаёқ юрагига ўт тушиб бўлганди. Ҳалитдан хаёлан қўл остидагиларга, қўл қовуштирганча унинг учун керак бўлса ўлимга тайёр турган жангари каллакесарлардан иборат отрядга буйруқ берар, кофирчалиш дея тан олиниб қўлга олинганларни ўз қўллари билан қатл этар, маҳкумнинг жони узилгач, отряддагилар «Оллоҳу Акбар!», дея қичқиришларидан сархуш эди. Шундай ширин ва хом хаёллар қуршовида илкис ўрнидан турди. Шу тобда яна оқ кукуннинг хумори тута бошлаганди.

— Мен розиман, — деди Авазнинг кўзларига тик боқиб. — Фақат ташқаридан туриб менга ёрдам берасиз. Ишни ташкил қилиб бериб турасиз.

— Гап йўқ, — деди Аваз ҳам ўрнидан қўзғалиб. — Унда менинг хабаримни кут, командир!..

Аваз таваккалчининг сўнгги гапи Меҳмоналига мойдек ёқиб тушганди.

Оғзининг таноби қочиб, беўхшов тиржайиш қилди-да, хонасига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...