Пулни қаердан олиш мумкин? Сизнинг миянгизда қанча пул бор?

0

Эътиборингизга таниқли ёзувчи ва руҳшунос Александр Свияшанинг шарҳини ҳавола қиламиз, у оммабоп  бўлиб кетган бир қанча китоблар муаллифидир. «Бойиб кетишингизга нима халақит беряпти?” номли китоби ҳам  муаллифнинг ана шундай асарлари жумласига киради. Фақат ўқиш билан чўнтагингиз ўз-ўзидан тўлиб  қолмаганидек, буни ўқиб чиқсам, бойиб кетаман, деган хаёлга борманг. Лекин бу ўзингизга ва ўз  молиявий аҳволингизга бир бор назар ташлашингизга ундаши мумкин.

Сиз умуман пул ҳақида ўйлайсизми? Бу борада мушоҳада қилиб кўрганмисиз? Бошқача ифодалайдиган бўлсам, руҳий тараққиётнинг қайси пиллапоясида турибсиз? Ҳар бир инсонда у кўп вақт ажратадиган асосий мушоҳадалар ва қизиқишлар доираси мавжуд. Бу иш, оила, бирор нарсага ишқибозлик бўлиши мумкин. Турган гапки, пул масаласи бу ҳолда иккинчи ўринга тушиб кетади. Кўпинча нимагадир тўлаш лозим бўлиб қолгандагина пул тўғрисида эсланади, бу пайтда эса муллажирингни топиш анча қийин бўлиб қолиши мумкин.

Шу сабабли сиз фақат иш ҳақида, ижод, санъат тўғрисида ўйлайдиган бўлсангиз, сизда пул бўлмайди. Барча инсонлар ўз фикрлари дунёсида ҳаёт кечиришади. Содда қилиб айтадиган бўлсам, хаёлларида нима бўлса, ҳамёнларида ҳам ўша нарса бўлади. Агар сиз пул ҳақида ўйламайдиган бўлсангиз, уни ўзингизга жалб қила ҳам олмайсиз.

«Пулни каллада ушлаб туриш” нима дегани? Бу, пул ҳақида бош қотириш демакдир. Фақат «мен камбағалман, менда ҳеч қачон пул бўлмайди” деган хаёллар билан чалғимасдан, қулай ва яхши ҳаёт кечиришингиз учун қанча пул кераклиги борасида ўйланг. Ўйлаганда ҳам сиз барибир ҳазм қилолмайдиган қандайдир мавҳум миллион долларлар тўғрисида эмас, сиз сотиб олишингиз зарур бўлган аниқ нарсалар ёки аниқ хизматлар учун тўлашингиз лозим бўладиган пул ҳақида ўйланг.

Агар сиз ўзингиз олдингизга битта аниқ мақсадни белгилаб олиб, унга эришиш борасида туну-кун ўйлаб юрсангиз, ушбу мақсадга эришиш эҳтимоли тезда ортади.

Бунинг учун, масалан, сизда ҳозир қанча пул борлиги ва мақсадга эришиш учун қанча ишлаш кераклигини ҳар куни ҳисоблаб борсангиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ўринда фақат ижобий ҳис-туйғуларга кўпроқ ошно бўлинг. Қачон сиз керакли маблағни жамғарганингизда ҳаётингиз қандай яхши бўлиб кетиши хусусида тез-тез фикр юритинг. Қандай қилиб пул топиш мумкин ва қандай қилсам, ўз ниятларимга тезроқ етаман, деган ўйда турлича йўлларни қидириб кўринг.

Сиз пулларни яхши кўрасиз ва буни ўз фойдангиз учун ишлатиш қўлингиздан келади. Сиз уларни ҳуда-беҳудага сарф қилиб ўтирмайсиз. Пул сизга ҳаётингизни янада жозибалироқ қилиш учун керак. Агар сиз ўз қарашларингизни шу тарзда ташкиллаштира олсангиз, пуллар сизга кела бошлайди. Акс ҳолда эса, йўқ.

@biznestrener

loading...