Ўлим ҳолати ошгани учун ЖССТ коронавирусни даволашда иккита препарат синовини вақтинча тўхтатди

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлар гуруҳи гидроксихлорохин ва хлорохинни COVID-19 касаллигини даволашда қўллашни вақтинча тўхтатди, бунга ушбу дорилар туфайли ўлим ҳолатининг ошгани сабаб бўлган, деб ёзмоқда daryo.uz. ЖССТ бош директори Тедрос Адҳан Гебрейесус Женевада ўтган брифингда препаратларнинг самарадорлиги олинган маълумотлар асосида қайта таҳлил қилинишини билдирган.

Гебрейесус 22 майда «The Lancet» нашри томонидан гидроксихлорохин ва хлорохиннинг COVID-19 касаллигини даволашда қўллаш бўйича синовларнинг натижалари қайд этилган мақола чоп этилгани ва унда ушбу дориларни қабул қилган беморларда ўлим ҳолатлари кўпроқ кузатилгани ҳақида ёзилганини таъкидлаган. Ушбу материал эълон қилинганидан кейин ЖССТ 10 та мамлакатдан экспертлар жалб қилинган бирдамлик гуруҳини тузган.

«Бирдамлик гуруҳига 10 та мамлакатдан вакиллар олинган ва улар барча маълумотларни таҳлил қилиб, уларга глобал миқёсда танқидий баҳо бериши лозим. Ижрочи гуруҳ гидроксихлорохинни Бирдамлик тести доирасида ишлатилиши вақтинча тўхтатилган. Дори билан боғлиқ вазият маълумотлар хавфсизлигини таъминловчи мониторинг гуруҳи томонидан ўрганилади», – деган у.

Қайта баҳолаш ишлари Бирдамлик гуруҳи тестлари вақтида тўпланган маълумотлар таҳлили асосида амалга оширилади, дорининг фойдали жиҳатлари ҳамда акс таъсир даражаси аниқланди. Препаратнинг қанчалик даражада хавфли ёки хавфсиз экани яқин ҳафталарда маълум бўлади.

Март ойида бошланган ЖССТнинг Бирдамлик тестларида шу вақтга қадар дунёнинг 35 мамлакатидан 400 га яқин касалхона иштирок этган. Тестларда COVID-19’га қарши қўлланиладиган тўртта асосий терапия дориси, дорилар аралашмаси кўриб чиқилади.

loading...