Эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудлар тоифаси қайта кўриб чиқилиб, карантин чоралари кучайтирилиши мумкин

0

Ўзбекистон Республикаси президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини «касаллик тугади» деб, нотўғри қабул қилмоқдалар.

Бугунги кунда 40 та туман (шаҳар) «қизил», 45 таси «сариқ» ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган.

Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.

Kun.uz

loading...