КАЛЛАКЕСАР… (18-қисм)

0

 

 

«МУРДАХОНА»

 

* * *

Меҳмонали хонасига киргач, бир муддат ўй сурганча ўтириб қолди.

Кейин нимадир эсига тушган каби илкис ўрнидан турди-да, илгичга илинган костюми киссасини ковлаб, халтача чиқарди. Бироқ бу гал дозани ошириш ниятидан йироқ бўлди. Негаки, Аваз таваккалчининг гапларидан сўнг юрагига ғулғула тушиб қолганди. Энди ҳар бир қадамни ўйлаб босиш лозимлигини янада чуқурроқ англаб борар, саломатлик ва хотиржамликда жангари каллакесарларнинг мард, шафқатсиз, уддабурон, совуққон дала командирига айланиш, шу баҳонада шуҳрат қозониш, бойлик тўплаш ҳақида ўйлай бошлаганди.

У ярим чимдимгина кукунни одатига кўра милкларига ишқалади-ю, аста каравотга чўзилди.

Шу тобда Жавҳарийнинг хонасидаги темир сандиқдан пул ўғирлаш режасини тузиши зарур эди. Шу хусусда бош қотиришни ихтиёр эта бошлаганди.

Бироқ доза камлигига қарамай, негадир тағин кайфи таранглашди-ю, кўзлари ола-кула бўлиб, юрак уриши тезлашгандек сапчиб кетди.

Мияси ғувиллай бошлаганини аниқ-тиниқ ҳис этиб турди. Кейин эса ғувиллаш тиниб, боши айлана бошлади.

Йўқ, кайф қилган пайтларда боши бу тахлит айланмасди. Бу галгиси ўта ёқимсиз эди.

Меҳмонали бир-икки қадам ташласа енгил тортадигандек олдинга қараб юрди. Аммо гандираклаб қайтадан каравотга ўтириб қолди.

Бу ҳам майлийди. Чидарди. Шундоқ ҳам наркотик деган балога муккасидан кетгани учун тавбалар қилишга ҳозир-у нозир эди.

Қонюқи жойнамоз сиқимлаган афғон чол тағин кўз ўнгида, шундоқ рўпарасида ҳозир бўлиши ошиб тушди.

— Сен?.. — дея беихтиёр ортга тисланди Меҳмонали. — Яна қанд еяпсанми бу ерда, мишиқи? Сен… Ўлгансан-ку! Даф бўл бу ердан!..

Қария жавоб ўрнига қўлидаги жойнамозни ёйиб юборди. Шу заҳоти жойнамоздан қоп-қора қон полга томчилай бошлади.

Бу манзара нақ даҳшатнинг ўзи эди. Меҳмонали ранги шундоқ ҳам наркотик таъсирида оқаргани камлик қилиб, бу манзара сабабли мурда қиёфасига кириб қолганини сезиб турарди. Бақирмоқчи бўларди, овози ўзига бўйсунмасди. Ортга тислана-тислана, ташқарига қочишни мўлжаллаганди. Бунинг ҳам уддасидан чиқа олмади.

— Даф бўл! — дея аламли шивирлади у. — Ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ сенга! Йўқол! Эшитяпсанми? Йўқол яхшиликча!..

— Сен ўлсанггина, қон қусиб ўлсанггина кетаман, — деди қария дағал ва ёқимсиз товушда. — Бўл, ҳаракатингни қил! Жойнамозни қонга бўяганинг учун ажр талаб қилишяпти уёқда! Тезроқ ўл! Ажрингни тўла, қонхўр!..

Меҳмонали жонҳолатда ташқари эшикка боқди. Эшикни ёпиш хаёлидан кўтарилган экан. Сал енгил тортган бўлиб эҳтиёткорлик билан эшик томон юриб кўрди. Қария жойидан жилмаётганига амин бўлгач, бир силтанишда ташқарига чиқиб олди ва эшикни ёпганча бир муддат тутқични қўйиб юбормасдан тек туриб қолди. Гўё шундай қилса, қариянинг арвоҳи ташқарига чиқа олмайдигандек туюлди. Чиқмагач, тутқични қўйиб юборди-да, орқа-кетига қарамай қочди.

 

* * *

 

Ҳовлига чиқиб олгандан кейин ҳам ўзига кела олмай беш дақиқача бир жойда тик туриб қолди. Лагердаги жангари каллакесарлар уёқдан-буёққа ўтиш асносида Меҳмоналига ҳайрон қараб олишар, лекин индашмасди. Баъзилари бош чайқаб қўяр, айримлар очиқчасига Меҳмоналини масхаралаган каби кулиб ўтарди.

Меҳмонали эса уларга эътибор қаратадиган аҳволда эмасди. Ўзидан ўтганини ўзи билар, ҳадеганда кўз ўнгида қонли жойнамоз тутган қария гавдаланиб, ич-этини ерди.

Охири бўлмагач, ҳов наридаги кран ёнига борди ва обдон юз-қўлларини муздек сувга ювди. Шундан кейингина ҳийла ўзига келгандек енгил тортди. Қария ҳам кўзига кўринмай қолди.

— Хайрият-эй, — деди ўзига ўзи. — Қаёқданам ўша нусхани сўйдимакан? Шунчалигини билсам, бошқа бировга айтиб ўлдиртирардим-а! Соқолингга қурт тушкур чол! Очиқчасига ҳамла қилишга ўтди энди… Йўқ, у арвоҳ. Арвоҳлар тирик одамга зуғум ўтказа олмайди. Бобом айтган. Шунчаки… Мана шу заҳарни қабул қилмасам, шу ишлар йўғиди. Падарига лаънат!..

Сўкинганча қайтадан ошхона томонга юришга чоғланганди. Аваз таваккалчининг ҳовлиққан кўйи келаётганини кўриб тўхтади.

— Мунча рангинг оқариб кетибди? — сўради Меҳмоналининг авзойини кўрибоқ Аваз. — Ё бугун ҳам дозани оширдингми? Вей, ма, манави таблеткалар хуморни босади, тинчлантиради. Сендан бир-иккита кўйлакни кўпроқ йиртганим учун айтяпман. Бу оғуга жа берилворма! Кўрганмиз оғзидан кўпик келиб ўлганларни. Жон бера олмай, азобда қолганларгаям гувоҳ бўлганмиз. Сен ҳали ёшсан, каллангни ишлат!

— Бўлди, тушундим, — деди гапни қисқа қилишга уриниб Меҳмонали. — Ўзим ҳам пушаймон бўлиб ўтирибман. Кўзимга ҳалиям ўша сассиқ чол кўриниб тинчлик бермаяпти. Мажбур бўлдим хонамдан қочиб чиқишга!

— У кўрганларингнинг ҳаммаси наркотик таъсири, — деди Аваз куйиниб. — Томинг кетиб қоладиган бўпти. Агар вақтида тўхтатмасанг, итдай ўлиб кетасан. Ишон, сен ўлсанг, ит ҳам қараб қўймайди. Бу ерларда аҳвол шундай. Одамнинг ўлиши одатий ҳолга айланиб бўлган. Биров ачиниб ҳам қўймайди. Аксинча, хайрият-э, деб ўтиб кетишади. Ундан кўра, мен айтган ишни қил. Кам бўлмайсан. Ҳаракат қип қолишимиз керак.

— Ҳақсиз, — деди Меҳмонали худди айб иш қилиб қўйган бола каби ер чизиб. — Мен ростданам шу заҳарни ташлашим керак. Ташлайман ҳам. Кучим етади. Аваз ака, мен ҳозир аста бориб Жавҳарийнинг хонасини разведка қип келаман!.. Кейин…

Меҳмоналининг гапи оғзида қолди. Асосий дарвоза тарафдан чангга ботган хориж машинаси яқинлашиб келиб, уларнинг рўпарасига етганда тўхтади.

Аваз таваккалчи ҳам, Меҳмонали ҳам ҳеч нарсага тушунмай, машинага қараганча қолишди.

Машинадан эса олдин Жавҳарий тушди. Кетидан рўмол ўраб, эгнига узун қора рўдапо кийган тўрт аёл ҳиринглашганча тушишди.

— Ў, Меҳмон, хотинларимиз келди, — ҳазил аралаш Меҳмоналини туртди Аваз. — Ҳозир Жавҳарий келади-да, уларни бизнинг ихтиёримизга беради. Ҳойнаҳой, сендан афғон қизини тортиб олгани учун хижолатда қолган шекилли.

Кутилганидек, Жавҳарий уларга яқин келди-да, ўнг қўлини кўксига қўйиб, Меҳмоналига юзланди.

— Укам, мана, қулларингни опкелдим. Бари водийдан. Сенинг юртингдан экан. Оллоҳ лашкарларининг кўнглини овлашга, бизга хизмат қилишга кепти. Танла! Хоҳлаганингни опкириб кетавер.

Меҳмонали вазиятдан фойдаланиб қолиши шарт эди. Бу ишни ортга суравериш нотўғрилигини идрок этарди.

— Кейин сизнинг хонангизга бориб муҳим бир гапни гаплашиб олишим керак эди, — деди у Жавҳарийга қовоқ уйганча боқиб. — Гувоҳларсиз гаплашишимиз керак.

— Гап йўқ, — деди Жавҳарий совуқ тиржайиш қилиб. — Олдин хотинчангни танла! Қолган ишлар кейин бўлаверади. Қани, бўл! Мен икки соатдан кейин халифнинг қабулига боришим керак. Бўл тез!

Меҳмонали учун бу айни муддао эди. Бундай имконият ҳар куни бўлавермаслигини жуда яхши англаб турарди. Шунинг учун аёллар орасидан хушбичимгина, паст бўйлисини танлади-да, етаклаб хонасига йўл олди.

Орадан тахминан ўн беш дақиқалар вақт ўтиб, аёлни ўз хонасида вақтинча қолдирди-да, ўзи Жавҳарийнинг хонасида ҳозир бўлди. Гаплашишга, бу юзсиз ва ўзидан-да бешбаттар совуққон, ваҳший командирни кўришга кўзи учмаётганди. Фақат бу хонани яхшилаб ўрганиши, ҳар бир бурчагини ёдда сақлаб қолиши шарт эди.

Пича уёқ-буёқдан гаплашган, баъзи нарсаларни суриштирган бўлди. Шу кўйи йигирма дақиқача ўтиришгач, Жавҳарий шошилинч кийимларини кийди-да, кетишга чоғланди. Меҳмонали ҳам у билан бирга ташқарига чиқди. Маълум вақт, Жавҳарийнинг жўнаб кетганига, қайтмаслигига амин бўлмагунча ортга қайтмади. Машина лагер дарвозасидан чиқиб кетгандан кейин ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўн-ўн беш дақиқача ҳовли кеза турди. Сўнгра атрофга зимдан назар солди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Демак, энди аста Жавҳарийнинг хонасига қайтса бўлади. Шошилмаса бўлмайди…

Аваз таваккалчидан заҳира калит олгани бор эди. Ўша калит билан хотиржамликда хона эшигини очди. Ичкарига кирди дегунча эшикни ичкаридан қулфлаб олди. Кейин эса остонада қотиб турганча ичкарини кўздан кечира бошлади.

Ана, темир сандиқ бурчакка қўйилибди. Сандиқнинг қулфини очиш муаммо бўлмайди. Демак, пулларни олишга узоғи билан ўн дақиқа вақт етиб ортади. Асосийси, ҳеч ким, айниқса, Жавҳарийнинг ўзи хитланиб қолмаса бас.

Энди сандиққа яқинлашиб қандай очиш ҳақида бош қотира бошлаганди, кўзи хона четига тушиб ҳушёр тортди. Бурчакдаги гиламнинг бир учи қайтарилибди. Остида эса тахтадан ясалган қопқоқ турарди.

Меҳмонали бундай қопқоқларни болалигида кўп кўрган. Уларнинг уйида ҳам даҳлиз чети чуқур ковланарди-да, ташқарига сув чиқиб кетадиган каналча очишарди. Чуқурнинг устини бетонлашарди. Бу қишлоқда авраз деб аталарди. Кимнинг чўмилгиси келса, ўша авразга тушиб бемалол чўмилиши мумкин эди. Чўмилиб бўлгандан кейин эса худди шунга ўхшаш тахтадан ясалган қопқоқ билан авраз усти ёпилиб, тахта устига шолчами, гиламчами ташланарди. Кўрибсизки, бу ерда авраз борлигини ҳеч ким билмасди…

Меҳмонали эҳтиёткорлик билан тахта қопқоқни кўтарди. Ости узун қўл етадиган қилиб ковланибди. У ердан эса бир нечта пакет тўла алламбалолар жой олибди. Меҳмонали ҳайрон бўлиб пакетлардан бирини кўтариб юқорига чиқарди. Шу заҳоти димоғига бадбўй ҳид урилиб, шоша-пиша бурнини бекитиб олди. Ҳид шу қадар бадбўй эдики, боягина уриб олган наркотикнинг кайфи ҳам аллақаерларга ғойиб бўлган каби сергаклиги ошди, кўзлари мошдек очилди. Мияси аввалгидан яхшироқ ишлай бошлаганини ҳис этди.

Қизиқишми, ёшликнинг бебошлигими, ҳидлар кўнглини ағдарар даражада сасиётган бўлса-да, жонҳолатда пакетнинг ип билан танғиб бойланган оғзини очди. Очди. ю…

Ич-ичи музлаб кетди…

Қўлига илинган нарсани на полга қўйишни, на пакетга қайтариб солишни билди.

Карахтланган кўйи бир муддат тош қотганча ўтириб қолди.

Бу манзарани кўрган ҳар қандай одамнинг эсхонаси чиқиши тайин эди…

Чунки Меҳмоналининг қўлидаги нарса ўзи отасини жойнамоз устида сўйиб ташлаган 16 яшар қиз, Жавҳарий тортиб олган дўндиқчанинг калласи эди.

Калладан оққан қонлар қотиб бўлганди…

Меҳмонали дарров ўзини қўлга олиб пакетга қайта қўл суқди.

Улар бўлакланган жасад бўлиб чиқди. Фақат жасаднинг суякларигина пакетга солинибди.

Бу даҳшатларга озми-кўпми кўниккани, кўнгли қаттиқлашгани боисми, Меҳмонали у даражада ўзини йўқотмади. Аксинча, Авазнинг ошхонада айтган гаплари ёдига тушди.

«Жавҳарий мурдахўр. У олиб кириб кетган қизларни қайтиб ҳеч ким кўрмайди…»

«Наҳотки, шу шоир Жавҳарийнинг иши бўлса? — кўнглидан ўтказди ҳийла хотиржам тортган бўлиб қизнинг калласини қайта қўлига оларкан Меҳмонали. — Наҳотки, мендан ҳам ўтиб тушган ваҳший бўлса? Шу қизнинг гўштини пишириб едимикан? Шунақага ўхшайди. Йўқса фақат суякларинигина бу ерга беркитмаган бўларди. Қани, қолган пакетларда нималар бор экан…»

Чуқурдан яна иккита каттакон пакет чиқариб олиб оғзини очди. Бу пакетлардагилар ҳам одам суяклари эди. Фақат улар сасимади. Қуриб-қақшабди. Демак, Жавҳарий буларни илгари кўмган. Қизиқ, нега буларни пол остига беркитди экан? Мақсади нима? Нега тоққа обориб кўмиб юбора қолмади?..

Меҳмонали нимадир ёдига тушгандек, пакетларни бир четга сурди-да, сандиқни очиш пайига тушди.

Аваздан керакли асбобларни олиб кирганди. Ўшалар ёрдамида тахминан беш-олти дақиқа овора бўлди. Аммо эшигини оча билди. Очгандан кейин эса яна юраги орзиқди. Темир сандиқ ичида Аваз айтмоқчи тахлам-тахлам кўкимтир пуллар жамолини кўз-кўз қиларди. Меҳмонали шоша-пиша бўш пакетга пулларни жойлади-да, сандиқ эшигини қайтадан ёпди. Эҳтиёт шарт бир неча марта ўзига тортиб кўрди. Эшик аввалгидек мустаҳкам ёпилибди. Бирор ери тирналмагани Меҳмоналини янада хотиржам торттирди…

Шу тобда хона эшиги безовта тақиллай бошлади.

Меҳмонали юраги орқага тортганча илкис ўрнидан турди ва эҳтиёткорлик билан эшикка яқин борди. Эшик ичкаридан қулфлаб қўйилган. Шунинг учун таҳликага тушмасдан, ким тақиллатаётганини аниқлашга уринди.

Эшик бир неча ўн марта тақиллагач, ташқаридан Аваз таваккалчининг товуши қулоғига чалинди.

— Меҳмон, бу мен! Эшикни оч!

Меҳмонали шундан кейингина эркин нафас олиб эшик қулфини очди.

Аваз кириши билан яна қайтадан қулфлаб қўйди.

— Ў, ишни қойиллатдингми дейман? — Аваз ичкарилади-ю, пакетларга ёпишди. — Нима?.. Меҳмон, манави… Кечаги қизнинг… Калласими?.. Ё… Мен адашдимми?

— Худди ўзи, — деди Меҳмонали Авазга совуқ боқиб. — Сизнинг гапларингиз тўғри чиқди, брат! Жавҳарий ҳақиқатан мурдахўракан. Қаранг, қанча аёлни тинчитибди! Сал анақароқми дейман шу одам?

— Нега унақа деяпсан? Одам ўлдирганигами?

— Йў-ўқ, — деди Меҳмонали беўхшов тиржайиб. — Одам ўлдиришни тушунса бўлади. Мен анави пакетларни назарда тутдим. Ўлдиришга ўлдирибди, майли, ўша мурданинг гўштини пишириб ҳам ебди дейлик. Қолдиқларини ими-жимида тоққа кўмворса бўлади-ку! Нимага пол остида асрадийкан? Тушунмадим…

— Менам тушунмадим, — елка қисди Аваз. — Бирор режаси бўлса керак десам, анави суяклар беркитилганига анча бўлган. Қуриб-қақшаб кетибди.

— Бу бизга асқотади, ака, — деди Меҳмонали. — Ашёвий далил булар. Агар Жавҳарий ғинг деса, шуларни эслатиб қўйсак етса керак. Нима дейсиз?

— Ҳақсан, — деди бирдан жонланиб Аваз. — Буларни ҳозир паккамизга обориб қўямиз.

— Қайси пакка?

— Ғорни айтяпман. Ахир, келишдик-ку! Унутдингми?

— Ҳа-а, шундай демайсизми? Тўғри айтасиз, буларни лагерда асраб бўлмайди. Барибир эртами-кечми Жавҳарий хитланади. Лекин пулларни менинг хонамга беркитамиз. Сиз… Қурол масаласини гаплашдингизми?

Аваз Меҳмоналига маъноли қараб турди-да, кулимсираган кўйи қўл силтади.

— Нақд қурол! Бомбаларгача оламиз. Ҳозирча сен-у менга эргашадиганлар 15 киши бўлди. Ёмонмас-а бошланишига?

— Ҳа, ёмонмас. Улар ҳам абжир, ҳақиқий жангчи бўлса бас.

— Жангчиям гапми, — деди Аваз. — Профи дегин. Керак бўлса-чи, уларнинг ҳар бири юлдузни нарвонсиз уради. Зўрларини танладим.

— Унда кетдик. Ишга киришаверамиз! Айтганча, ака, хонамда бир аёл ўтирибди. Анавилардан биттасини олдим-ку, ўша! Нима қилсам экан уни?

— Бугун ҳеч қаерга бормай турамиз, — деди Аваз юзи тундлашиб. — Мен эртага эрталаб уч-тўрт кишини ғорга юбораман. Тозалаб, супур-сидир қилиб, кейин разведка деган гаплар бор. Ҳаммасини режалаб, пухталаб олишимиз керак. Кейин қўлга тушмайдиган бўлиш керак-да!

— Ҳа, тўғри, аммо анави суякларни қаерга қўяй унда? Хонамга опкириб бўлмайди. Сасиб кетади. Кейин… Кимдир хитланса, сотиб қўйиши мумкин.

— Уларни менга бер, ўзим жойини топтираман. Сен пулнинг эҳтиётини қил!

— Ака, — деди ташқарига чиқишдан олдин Меҳмонали безовталиги ортиб. — Жавҳарий бугун келса-ю, сандиғини очса…

— Хавотир олма, бугун қайтиши даргумон. Лекин тан бердим сенга! Қойил! Командир танлашда адашмабман! Офарин! Иншооллоҳ, сен-у бизнинг елкамизгаям офтоб тегадиган бўлиб турибди. Насиб бўлса, яқин вақтларда даҳшатли бир отряд тузамиз. Жавҳарийга ўхшаганларни бир чўқишда йўқ қиламиз. Афғон диёри ўзимизники бўлади.

— Ҳа, айтганингиз келсин, ака, — деди Меҳмонали пул тўла пакетни қўлтиғига қисганча хонаси томон кетиб бораркан. — Энасини учқўрғондан кўрсатамиз ҳаммасининг!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...