Исломда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

0

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига бердилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса йўқ.

Бу иш Исломда хотин-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда, эркаклар аввал ўзлари талабгар бўлиб, рози бўлгач, совчи қўйганларидан уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик борасида асосан хотин-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаётнинг тақозосидир.

1919. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз никоҳланса, бас, никоҳи ботилдир», деб уч марта айтдилар. Ва:

«Агар (эр) у билан қовушса, у(аёл)дан ҳузурланганлиги учун унга маҳр (беради). Агар тортишиб қолсалар, валийси йўқнинг валийси султондир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Жумҳури уламолар ушбу ҳадисни дастак қилиб, «Валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас», дейдилар. Бунга қўшимча равишда яна бир неча оят ва ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса «Никоҳнинг тўғри бўлишига валийнинг иштироки шарт эмас», дейдилар. Улар ҳам учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу ҳадисни эса «Комил никоҳ ҳақида», дейдилар. Яъни улар «Бу «Валий иштирок этмаса, комил никоҳ бўлмайди», деганидир», дейишади.

Ҳанафий уламолар ўз фикр-ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари, ақлий далил ҳам келтирадилар. «Шариат, – дейишади улар, – балоғатга етган қиз болага ўз молу мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳаққини берган. Нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқдир. Қандай қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?!»

Лекин бу тортишув кўпроқ уламолар орасидаги назарий тортишувлар доирасидан нарига ўтмайди. Амалда эса валий ҳамма жойда бор. Ҳанафийлар ҳам валий ким, уни ихтиёр қилиш қандай бўлади ва ҳоказо масалаларни батафсил баён қиладилар.

Кўпинча валий ота бўлишини, ота йўқлигида унинг ўрнини босувчи киши бўлишини эътиборга олсак, бу масала яна ҳам ойдинлашади.

Оила қураётган ёш йигит-қизларнинг ота-онасини, яқин қариндошларини норози қилиб, никоҳдан ўтишларини ҳеч ким маъқулламайди. Чунки ота-она, яқин қариндошлар ўз боласига, яқинига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайдилар. Улар никоҳ, оила, эр-хотинлик масаласида катта билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлганлари учун ўз фарзандлари ва яқин кишиларига маслаҳат бериш, яхши йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар.

Ёш йигит-қизларнинг эса бошқа турли ишлар каби, никоҳ масаласида ҳам билим ва тажрибалари кам бўлганлиги учун ота-оналари, яқин қариндошларининг насиҳатларига амал қилишлари лозим саналади. Ҳамма уламоларимизнинг насиҳатлари шу.

«Валийсиз никоҳ бўлмайди» деган ҳукмга амал қилинганда, мабодо шу хилда никоҳ бўлиб, эр аёл билан қовушмай туриб, никоҳлари бузилса, ҳеч гап йўқ. Аммо қовушиб қолган бўлсалар, никоҳи бузилган тақдирда ҳам, аёлга эр қовушгани сабабли маҳр беради.

«Валийсиз никоҳ бўлмайди», деган ҳукмга амал қилинган чоғда насабий валийлар топилмаса, султон, яъни ҳоким валий бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

loading...