Қозоғистон Республикаси спорт қўмитаси раисининг собиқ ва амалдаги ўринбосари ҳибсга олинди

0

«Казинформ» ахборот агентлигининг маълум қилишича, Шарқий-Қозоғистон вилояти бўйича коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан мансабдор шахсларнинг жуда кўп миқдорда давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштирганлиги бўйича тергов ишлари бошланган.

“Мазкур жиноий иш Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг собиқ ва амалдаги ўринбосарларига нисбатан очилди”, деди мамлакат коррупцияга қарши кураш агентлигининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Дониёр Бигайдаров онлайн-брифингда.

Терговчининг таъкидлашича, ушбу шахслар Риддер шаҳрида республика ихтисослашган олимпия захиралари коллежи биносини қуриш жараёнида жами 380,8 миллион тенге миқдорида буюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштирган. Маблағлар буюртмачилар ҳисобига амалда қилинмаган ишлар учун пул ўтказиб бериш йўли билан ўғирланган.

Терговчи ўтган ҳафта бошқа яна бир қатор жиноий ишлар очилгани ҳақда ҳам гапириб берди. Жумладан, Давлат миллий кинони қўллаб-қувватлаш маркази бошқаруви раиси катта миқдорда пора олганликда гумон қилинмоқда, деди у.

Чимкент шаҳри бўйича коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан Чимкент шаҳри давлат мулклари ва хусусийлаштириш депортаменти раҳбари устидан ҳам тергов ишлари бошланган. У 2019 йил июнь ойида буюртмачилар ва бошқа бир гуруҳ шахслар билан депортамент биносини жорий таъмирлаш давомида амалда бажарилмаган ишлар учун 7 миллион тенге ўтказиб берганликда гумонланмоқда.

Онлайн-брифингда шунингдек, Туркистон, Актюбинск вилояти ҳамда Тараз ва Чимкент шаҳарларида ҳам бир қатор мансабдор шахсларга нисбатан давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ жиноий ишлар очилгани таъкидланди.

UzA.uz

loading...