Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари парвоз завқи “машқ”ида (+фото)

0

Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган «Чирчиқ» аэродроми шу кунларда Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртининг амалиёт ўтаётган иккинчи ва учинчи босқич курсантлари билан гавжум. Бу ерда улар амалий парвоз машқларини бажармоқда, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Мазкур амалий машғулотларда илк бор иштирок этаётган курсантларнинг билим ва маҳорати яққол сезилиб турибди. Айниқса, ҳали уларнинг иккинчи босқич эканлиги инобатга олинса, бу фикр янада теранлашади.

Илк бор парвоз завқини туяётган бу йигитлар бугунгача муҳим тайёргарлик босқичларидан ўтган. Амалиёт жараёнида улар учиш аппаратларини белгиланган масофада бошқариш, ҳавода муаллақ туриш, ерга яқин бўлган масофада парвоз қилиш каби қатор машқларни бажаришди.

Ҳар бир кичик ҳаракатни ҳам диққат билан кузатиб турган мутахассисларнинг айтишича, курсантлар машқларни ўзлаштиришда, вертолётларни бошқаришда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаган.

Қолаверса, машғулотларда амалиётга жорий қилинган ўқитишнинг янги усул ва услублари, «Устоз – шогирд» анъанасига мувофиқ, ҳар бир курсантга тажрибали мутахассислар бириктирилгани бўлғуси учувчилар парвозининг хавфсиз ва самарали бўлишини таъминламоқда.

Билим юртининг учинчи босқич курсантлари ҳам парвоз машғулотларида фаол. Улар ўтган йили ҳаво кенгликларида 60 соатга яқин парвоз машқларини бажарган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 100 соатдан ошиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир парвоз машқи босқичма-босқич мураккаблашиб боради.

Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларининг амалий парвоз машғулотлари жорий йилнинг сентябрь ойигача давом этиши режалаштирилган.

 

loading...