7 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилди, улар оиласи бағрига қайтди

0

Судлар томонидан одил судлов борасидаги фаолиятини амалга оширишига кўмаклашувчи нормалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши кафолатланган.

Жиноят кодексининг 7-моддасида инсонпарварлик принципи — жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак, жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкинлиги қайд қилинган.

Ушбу кодекснинг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси ўз аксини топган.

Мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Жорий йилнинг 26 май куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан Самарқанд вилояти ИИБ 38-манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумлар орасидан ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тузалиш йўлига ўтган 7 нафар маҳкумларнинг жазоси инсонпарварлик принципи қўлланилиб, ЖКнинг 74-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазо турлари билан алмаштирилди ва улар қамоқдан озод қилиниб, оила аъзолари бағрига қайтарилди.

Мухиддин ТЎХТАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси

Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси

 

 

 

 

loading...