ДХХ “опий” ва “гашиш” гиёҳванд моддаларини мусодара қилди

0

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Андижон – Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия-2» русумли автомашина Қўқон шаҳрига киришда тўхтатилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида Андижон туманида яшовчи, 1978 й.т. Ҳадича Хурбоева йўловчи сифатида кетаётганлиги, автомобил юкхонасида эса унга тегишли целлофан пакетда 5 кг «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, ушбу оғуни қирғизистонлик шахслар айланма йўллар орқали Андижон вилояти Хўжаобод туманига олиб ўтиб, Ҳ.Хурбоевага беришади.

Хурбоева эса гиёҳвандлик воситасининг 4 кг.ни Қўқон шаҳрида яшовчи, 1978 й.т. Турсун Махсудовга, 1 кг.ни эса Фарғона туманида яшовчи, 1984 й.т. Азизбек Кауловга етказиб бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди. Натижада Қўқон шаҳрида ўтказилган тадбирлар жараёнида икки харидор ҳам гиёҳванд моддаларни олаётган вақтларида ушланди.

Таъкидлаш лозимки, Т.Махсудов муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун 2007 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. А.Каулов 2015 йилда Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан айбланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, 2020 йилдан эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган бўлган.

ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гурлан тумани Шоликор қишлоғидан ўтувчи йўл бўйида тўхтаб турган “Ласетти” русумли автомашина кўздан кечирилди.

Натижада, автомобилнинг олд ўриндиғи остидан 997 г “опий” гиёҳвандлик воситаси топилди ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган Икром Муратовга тегишли эканлиги маълум бўлди.

Қўшкўпир туманида яшовчи, 1970 й.т. И.Муратов ҳам муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун ҳозирда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган бўлган.

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан хизмат ўташ вақтида Андижон вилояти Пахтаобод тумани “Уйғур” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида Қирғизистон томонидан улоқтирилган 587 г “гашиш” моддаси топилди. Ҳозирда, мазкур гиёҳванд модданинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, Пахтаобод туманида яна бир ҳолат қайд этилиб, унда 1990 й.т. маҳаллий фуқаролар Элдорбек Эргашев ва Аҳрорбек Ҳасановлар чегараолди ҳудудда ДХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, уларнинг ёнидан 504 г «гашиш» моддаси топилди.

Аниқланишича, ушбу гиёҳванд модда ҳам қирғизистонлик шахслар томонидан «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасини ажратиб турувчи симтўсиқлар устидан мамлакатимиз ҳудудига улоқтирилган.

ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимларининг ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Нукус шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. Шараф Aлимбетов 5,6 г “гашиш” моддасини 400 минг сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Aлимбетов мазкур гиёҳванд моддани 1975 й.т. Куралбай Шамуратовдан олганлиги аниқланди. Шамуратовнинг Нукус шаҳридаги яшаш манзили кўздан кечирилганда 285,4 г “гашиш” моддаси топилди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 6 кг 382 г “гашиш” ва 997 г “опий” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...