Коронавирус сабабли Австралияда 100дан ортиқ газетани чоп этиш тўхтатилади

0

Коронавирус пандемияси сабабли босма нашрлардаги рекламалардан келадиган даромад пасайиб кетган.

«News Corp.» медиакорпорацияси Австралиядаги юздан ортиқ газетани чоп этишни тўхтатади. Бу ҳақда корпорациянинг Австралиядаги бўлинмаси раҳбари Майкл Миллер маълум қилди, деб ёзмоқда «kun.uz».

Унинг сўзларига кўра, 36 та газета бутунлай ёпилади, қолганлари эса 29 июндан рақамли шаклга ўтади.

Майкл Миллер бу кўплаб ишдан бўшатишларга олиб келишини тасдиқлади.

Унинг айтишича, корпорациянинг рақамли нашрлари аудиторияси 60 фоизга ўсишига қарамасдан, коронавирус пандемияси сабабли босма нашрлардаги рекламалардан келадиган даромад пасайиб кетган.

Миллернинг қайд этишича, бўлинма фаолиятини қайта кўриб чиқиш натижасида коронавирус пандемияси сабабли жабр кўрган кўплаб босма нашрларни сақлаб қолишдан маъно қолмаганлиги маълум бўлган.

«The Sydney Morning Herald» ва «The Age» нашрларининг ҳисоб-китобларига кўра, компанияни реструктуризация қилиш оқибатида 500дан минг нафаргача киши ишини йўқотиши мумкин.

«The Australian», «The Daily Telegraph» ва «The Herald Sun» каби газеталарни нашр этувчи «News Corp.» аввалроқ, Буюк Британия ва Австралиядаги кўрсаткичлар пасайиб кетганлиги сабабли даромад 7,8 фоизга тушиб кетганлигини билдирганди.

loading...