ТИЛЛА ЗАНЖИР ВАСВАСАСИ

0

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларича бор. Нодира жиноятга қайта-қайта қўл уриб ва пировардида такрор ва такрор судланиб боши эгилса-да, қилмишидан пушаймон бўлмасди. Чунки ичган қасами у қонуннинг исканжасидан қутилган куннинг ўзидаёқ эсдан чиқиб кетаверарди. Акс ҳолда катта миқдордаги жарималар ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазолар уни тўхтатган ва кўп қатори “белини оғритиб” ҳалол меҳнат эвазига умргузаронлик қилишга мажбур қилган бўларди.

Нафси ҳакалак отган қаҳрамонимиз миясига келган янги ғоядан анчагача маст бўлиб юрди. Тилла топган тентакдек тиржаяр, атрофидагилар эса ундаги бахтиёр қиёфани ўзларича талқин қилишарди. Пухта режасини амалга ошириш мақсадида у яқин қариндоши Нажиба Сатторованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олдига боради ва айни пайтда қамоқда бўлган эрини кўриб келиш учун биргаликда Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасига боражакларини ва йўл-йўлакай бозорга “бирровгина” кириб “бир нарсалик” бўлишларини айтади.

Такси ёлланади ва улар келишилганидек йўлга тушишади. Икки қариндош бозордан ул-бул харид қилиш ниятида эканликларини айтиб, Ғиждувон бозорига кириб кетадилар. Тилла тақинчоқлар сотиладиган дўконга киришдан аввал улар ўз вазифаларини ўзаро белгилаб оладилар. Бири сотувчини гўёки тақинчоқ харид килишга келган харидордай кўрсатиб уни чалғитиши, иккинчиси эса савдо “роса қизиётган” бир пайтда қулай шароитдан фойдаланиб тилла тақинчоқни қўйнига яшириши керак эди. Келишувга кўра, ўғирланган молдан Нодиранинг қариндошига 300 минг сўм тегарди. Нодира ишни хамирдан қил суғургандек осонгина амалга оширди.

Машинага ўтирганларида Нодирадан ҳам Нажиба кўпроқ мамнун кўринарди. Бироқ, негадир Навоийга кирганларида, Нодира машинани бир дақиқага тўхтатишни сўради-ю, ундан тушиб олти миллионлик тақинчоқ билан қаергадир қочиб қолди. Нажиба оғзини очиб қолаверди…

Судда Нодира Самандарованинг айби исботланди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилди ва шу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 4 (тўрт) йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланди. Бироқ, эндиликда Нодиранинг ҳар бир хатти-ҳаракати назоратда бўлади. Каттагина муддатга белгиланган чеклашлар “қўли эгри” аёлнинг ақлини йиғиб олишига замин яратиши шубҳасиз.

М.АРИПОВ, жиноят

ишлари бўйича туман суди раиси.

loading...