ТИВ ўзбекистонликларни Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишда турли шахсларга мурожаат қилмасликка чақирди

0

Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида карантин режимининг енгиллаштирилганлиги муносабати билан фуқаролар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш мақсадида «Жибек Жоли—Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктига келмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ва санитар-эпидемиологик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ўзбекистонликлар мамлакат ҳудудига карантин чораларига амал қилган ҳолда ўтказиляпти. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бош консулхона «Жибек Жоли» назорат-ўтказиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларини маълум тўлов эвазига давлатлараро чегарани кесиб ўтишда кўмаклашишни таклиф қилувчи турли шахсларга мурожаат қилмасликка яна бир бор чақирган.

Одатдаги тартибда фаолият кўрсатаётган «Жибек Жоли—Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктида ҳозирда Олмаотадаги бош консулхонанинг ходими ишлаётгани ҳамда фуқароларга зарур консуллик-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатаётгани айтилади.

Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Олмаота шаҳридаги бош консулхонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16.

loading...