Ҳақиқий ҳангома мана мундай бўпти…

0

 

 

ЗОТДОР СИГИР МОНОЛОГИ

(ҳажвия)

 

Мағрур

 

Мен-чи, ойимқиз, ҳов ўша сиз тушингиздагина кўрадиган юртдан келганман. Зотим ҳам ўша каттакон зотлардан, ҳа!.. Очиғи, ўзимга қолса, бу ерларга келмасдим. Бувим қўймади. «Бор, уёқларда ҳаммаёқ белга урар майсазор, суви шаффоф! Уёқлар жаннатнинг ўзи! Бориб қариндош-уруғ орттир, менам қариган чоғимда чевараларимни кўриш баҳонасида ўша жаннатмакон ерларга борай, тиниқ сувларини, серсув майсаларини кўзимга сури-иб ей!» деявериб қулоқ-миямни еди. Тўғри, бувим алдамаган экан. Майсаларини кўриб кўнглим ёзилди. Бураб-бураб майса ейиш жони дилим эди. Майсани бўкиб қолар даражада егандан кейин анави тип-тиниқ сувдан симириб-симириб ичишга нима етсин? Фақат… Бу жойнинг сигирлари сира ўзига қарамаскан. Ҳа энди, аёл деган уёқ-буёғини сал тўғрилаб юрмайдими? Қуриб кетсин! Қулоғидан думигача лойгами-ей, балчиққами-ей, ишқилиб, алламбалоларга ботиб юришаркан. Озғинлигини айтмайсизми буларнинг!?. Эти суягига ёпишиб қолибди-ку! Тавба қилдим, шунча майсанинг ичидаям семирмайдими сигир деган? Қайдам, асли зоти оқармас деб шуларни айтишса керак-да! Аслида бу сигирларниям тушунса бўлади. Феъли торроқ экан. Эгаси ўтлоққа етакласа, нуқул арқонни бошқа ёққа тортиб кетишаверади-я! Ие, шундан кейин эганг сени таёқ билан урмай, мени урсинми, аҳмоқ? Қаерга етакласа, жи-имгина кетавермайсанми? Жарга қулатвормас ҳарқалай?!. Булар-чи? Ўзларича гўё «моднитса» — да! Беўхшовдан беўхшов қовурғаларини кимга кўз-кўз қилишади, билмайман. Ҳойнаҳой модалар кўргазмасида қатнашишни орзулашса керак! Ҳўкизга кўз сузишлари-чи?!. Қурғурлариям бизнинг юртдагидай серсавлат бўлсайкан, майли. Ўзларидан баттар! Юриб кетаётиб оёғи тойиб кетадими-ей, ўтлаб тури-иб бирдан ерга думалаворадими-ей! Ҳой, шунинг нимасига учасан-а? Нимасига кўз сузасан? Сенга қайрилиб ҳам қарамаяпти-ку! Эҳтирос бўлса қарайди-да!.. Эҳ, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим буларни ўқитавериб. Ҳеч нарсанинг фарқига боришмайди.

 

Менинг ҳурматим баланд

 

Яхшиям янги эгачим менга ҳурмат бажо келтиради. Урмайди, сўкмайди, қарғанмайди. Тўғри-да, нега урсин? Етаклаган тарафига тек кетаман, ерни ўпар, серсут елинимдан худди чумоли чаққанчалик билинар-билинмас тортсаям, индамайман. «Ҳай, эгачи, куч борми? Қаттиқроқ тортинг елинимдан! Шунда кўпроқ сут бераман» деб бошини қотирмайман…

Шундай дейман-у, озғин, қайсар бўлишсаям, яхши дугонайкан бу ернинг сигирлари. Мана, келганимга бир ой бўлмай, кў-ўп дугоналар орттирдим. Бирга-бирга майсахўрлик қиламиз, ўтган-кетган эшакларга «мў»раб, асабини бузамиз. Чигирткага ўхшаб ёпирилмай ҳар бало бўлгур қўйларга пўписа қиламиз. Дугоналарим-чи, гапиришимга қойил қолишди. «Бизнинг тилда талаффузингиз зўр чиқяпти» дейишди. Кўнглим тоғдек кўтарилди. «Ҳа энди, зотимиз шунақа асл» дегим келди-ю, тилимни тийиб қўя қолдим.

 

Тўй

 

Эртага тўйим бўларкан. Эгачимдан тасодифан эшитиб қолдим. Меҳрибон хотин экан эгачим. Сарпомга қордек оппоқ янги ипак арқон қўйибди. Тўй куни бўйнимга бойлаб қўярмиш. Қувонарлиси, тўй дугоналарим ўтлайдиган кенг майсазорда бўлиб ўтаркан. Хайрият, ўртоқжонларим ёнимда бўлса, уялмайман, қисинмайман, куёв бўлмишнинг олдида у қадар мулзам тортмайман. Асосийси, бувижонимнинг орзуси ушаладиган бўлди. Агар куёвим билан фарзандли бўлсак, бувижоним шу баҳонада мени кўришга келади. Чеварасини ялаб-юлқайди. Юз кўришамиз! Ишқилиб, ўша кунлар тезроқ келсин! Ёлғиз бувимни қассоб гўштга тортвормасин! Тортиб кўрсин-чи, нима бўларкин! Бувижоним айтган. «Менинг гўштим чайир ва дағал, гўштга тортиб мени еганнинг тиши синади!» деган. Илойим, ҳеч кимнинг тиши синмасин, бувижоним гўштга тортилмасин!..

Фақат… Бир армон юрагимни тирнаб ўтадиган бўлди-да! Тўйдан кейин куёв иккимизни нариги маҳалладаги янги оғилхонага кўчиришармиш. Эссиз, ўртоқларимдан узоқда қоларканман-да энди! Ахир, ҳали турмуш кўрмаган сигирча бўлсам экан, севинсам! Ҳаётнинг оқ-қорасини таниган сигир бўлсам! Дугоналарсиз, биргина куёвнинг қош-қовоғига тикилиб яшасам, сил бўлиб ўлмайманми?..

Нима қилай? Чидайман. Тишни тишга босаман. «Қиз бола палахмон тоши» деб шунга айтишса керак-да!

Олимжон ҲАЙИТ

loading...