Иккита ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосарлари ўзгарди

0

Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан подполковник Нуриддин Баҳриддинович Қодиров Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Подполковник Нуриддин Қодиров 2019 йилнинг апрель ойидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаб келган эди.

????????????????????????????????????

Нуриддин Қодиров Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини ва Қуролли Кучлар академиясини тамомлаган. Хизмати давомида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органларида қуйи поғоналардаги лавозимлардан ўтган. Шунингдек, Мудофаа вазирлигида Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ҳам хизмат қилган.

Шунингдек, мудофаа вазирининг буйруғи билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига, 2017 йилнинг октябрь ойидан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган полковник Улуғбек Бегматович Дусматов тайинланди.

Полковник Улуғбек Дусматов Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ҳамда Қуролли Кучлари академиясида таҳсил олган. Офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини Нукус гарнизонидан бошлаган. Вазирлик қўшинлари тарбиявий ва мафкуравий ишлар органининг турли лавозимларидан ўтган. Мудофаа вазирлигининг Тарбиявий ишлар бош бошқармасида бўлим бошлиғи ҳамда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

loading...