СУСАННА… (2-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

1

 

 

* * *

 

Бир маҳал Шарифанинг кўзларидан дув-дув ёш тўкилаётганини пайқаб сўзлашдан тўхтадим. У ҳамон бошини эгган кўйи ўтирар, фақат дастрўмолчаси билан тез-тез кўз ёшларини артиб оларди.

— Сизни хафа қилдимми? — соддаларча сўрадим ундан. — Нега йиғлаяпсиз?.. Майли, гапирмаганим бўлсин, кечиринг!..

— Йўқ, йўқ, — бошини кўтариб юзини терс бурди Шарифа. — Фақат… Кўнглим бузилиб кетди… Сиз мени кечиринг!.. Ярангизни янгиладим! Минг бор узр сўрайман!..

— Шарифа, — дедим овозимни янада пастлатиб. — Мени… Ўзингизга муносиб кўра оласизми?..

Қиз ялт этиб кўзларимга боқди.

— Бу нима деганингиз?.. — саволга савол билан жавоб қайтарди у. — Нега энди…

— Ахир… Менинг туриш-турмушим манавинақанги бўлса… Сиз эса… Уйли-жойлисиз. Ота-онангиз, қариндош-уруғларингиз…

— Ундай деманг, илтимос! — йиғи аралаш сўзимни кесди Шарифа. — Шундай десангиз, қаттиқ хафа бўламан… Тақдирингиз учун сиз айбдор эмассиз. Ўша… Онангиз, отангиз айбдорлар! Агар улар ажрашмаганларида, тишни-тишга қўйиб яшаганларида, сиз бу кунларни кўрмасдингиз.

— Тўғри айтасиз, — дедим лаб тишлаб. — Улар ўйлашмаган. Ҳамма нарсага енгил қараган бўлишлари мумкин… Аммо энди ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди. Буёғини пешонамдан кўраман.

— Йўқ, пешонамиздан… кўрамиз!.. — жилмайди Шарифа.

— Сиз… Розимисиз?.. — мен ҳовлиқиб ўрнимдан туриб кетдим.

Шарифа эса бир муддат ўйчан ер чизиб ўтирди-да, бирдан ўрнидан қўзғалиб ташқарига чиқиб кетди…

Шарифа мени тушунишига, менга ҳаётда ҳақиқий ҳамроҳ, дардкаш бўлишига имоним комил эди. Унинг дардли боқишлари, оҳиста сўзлашлари, кулгилироқ гап айтсам, мийиғида жилмайиб қўйишлари фикру хаёлимни ростакамига ўғирлаб қўйганди.

— «Энди мен ҳам кимгадир суяна оламан, — қоронғи кечаларда болишга юзимни босганча ич-ичимдан суюнар, Шарифани кўз олдимга келтириб, орзулар уммонининг туб-тубида сузардим. — Тоғамнинг қаршисида юзимни ёруғ, тилимни узун қилади Шарифа. Ҳали биз ҳам ўзимиз уй қурамиз. Болаларимиз бўлади. Ҳатто, мени кўришга кўзи йўқ Нурмат қора ҳам атрофимизда парвонадек айланиб яшайди. Фақат… Бунга қадар ўткинчи мушкулотларга бардош бера олсак бас.

Бусиз бахтга эришиб бўлармиди…»

Шундай ўйлар ҳар кеча мени тинчлантирар, ҳар гал ёруғ келажак умидида уйқуга кетардим…

Мана, ниҳоят кутилган лаҳзалар жуда яқин қолди. Бугун Шарифа билан ЗАГС бўлимига йўл оламиз. ЗАГСга поччам Нурсултон, бўлам Салим аканинг ярқираган «Жигули»си шай турибди. Фақат… Эгнимдаги кийимларга қараганим сайин кўнглимдаги ғашлик ортиб борарди. Бу кийимларни ҳам Нурмат қора танлади. Ғиқ эта олмадим. Яна онамнинг бекитиқча имо-ишораларига бўйсунишга мажбур бўлдим.

— Ҳа, майли, — ўйлардим ўзимча ранг-баранг шарларга бурканган машинага яқин келарканман, қўлимдаги бир даста елим гулни кўксимга босиб. — Гап кийимда ҳам эмас-ку!.. Ҳали шундай кунлар келар, Нурмат қорага ўхшаганларга тобе бўлмасман.

— Қани, кетдик, кеч қолаяпмиз! — Ичкаридан югурганча чиққан синфдошларим Шавкат ва Шуҳратлар мени машинага ўтиришга ундашди ва дарвоза олдида биз томонга ҳиссиз тикилиб турган ўгай отамга юзланишди. — Қани, бува, оқ фотиҳа беринг!

Нурмат қора соввуққина дуо ўқиди. Шундан сўнг ҳаммамиз машинага ўтириб қўшни қишлоққа — Шарифаларнинг ҳовлисига жўнадик…

Машиналар кетма-кет сигнал чалиб кўкимтир дарвоза яқинига келиб тўхтагач, вужудимни номаълум титроқ босди. Бу титроқ ёввойи ҳиссиётга ўхшар, дукиллаши тобора тезлашиб бораётган юрагим қинидан чиқай дерди.

— Бўшашма, куёв бола! — кулиб биқинимга туртди ёнимда ўтирган Шавкат. — Келин болага ҳозир гулни берасан-у, қўлтиқлаб ташқарига олиб чиқасан! Тағин қовун тушириб қўймагин-а?..

Шу тобда Шавкатнинг қаҳ-қаҳ уриб кулиши ҳам қулоғимга кирмасди. Қисқа-қисқа йўталиб, машинани ўраб олган ёш-яланг қиз-жувонлар орасидан базўр сирғалиб ўтиб ҳовлига кирдим.

Шарифа аллақачон оқ либосда бир гуруҳ яқинлари қуршовида бизни кутаётган экан.

Мен оҳиста қадам ташлаб унга яқин бордим-да, қўлимдаги гулларни узатдим. Шу пайт… Кутилмаган ҳодиса юз берди…

Шарифа гулга қаради-ю, беихтиёр қошлари чимирилиб менга совуқ боқди ва асабий лаб тишлаб юзини терс бурди.

— Нимага елим гул олибди, эна? — йиғи аралаш бақирди Шарифа. — Менинг тенгим шу исқирт гулмиди?.. Нима учун бундай қилади? Нега устимдан кулади? Кетсин!.. Йўқолсин! Мен унга тегмайман! Тегмайман унга!..

Кутмагандим. Шарифанинг бундай қиёфага кириши етти ухлаб тушимга кирмаганди…

Аламим келиб кетди… Миям ғувиллаб, қулоқларим шанғиллай бошлади. Бўғзимга нимадир тиқилиб, нафас олишим қийинлашгандек, ҳозир йиқилиб тушадигандек аста бориб ток остидаги сўри тутқичига суяндим…

Ахир, туман марказини кезиб тирик гул топа олмаган бўлсам нима қилай?.. Бу гул ҳам яхши-ку!.. Эрталаб универмагдан сотиб олган бўлсам… Нега бундай қилди?.. Яқиндагина дардли ҳикоямни тинглаб йиғлаган шу Шарифа эмасмиди?..

Бу муносабатдан сўнг ўзимни ғурури топталган каби ҳис этдим.

Тўсатдан қайсарлигим тутди…

Пешонамда шундай кунлар ҳам бормиди? Мен бу тахлит жанжаллардан тўйганман-ку! Бақир-чақирларни эшитганимда, қалбим ларзага келади-ку! Бундан кўра, ёруғ дунёдан воз кечиб, узоқ-узоқларга, кимсасиз чўл-биёбонларга бош олиб кетаман. Қай бирига чидайман? Қай бирига қалқон бўламан?..

Сал ўзимни босиб олгач, бир қарорга келгандек, зарда билан қўлимдаги гулдастани четга отдим-да, кўчага отилдим…

Важоҳатимни кўрган дўстларим дарҳол мени ўртага олишди.

— Қўй, ўзингни бос! — дея шивирларди Шуҳрат. — Шарманда бўлмайлик! Ахир…

— Керакмас менга! — жеркиб ташладим уни. — Нима, ердан чиқибманми? Нимага зарда қилади? Ҳалитдан шундай қилса, кейин нима бўлади?..

— Э, қизиқмисан? — орага тушди Шавкат. — Онасининг олдида эркалик қилган-да! Қизлар ўзи шунақа бўлишади? Қариндош-уруғлари қаршисида ўзларини кўрсатишни яхши кўришади. Эътибор қилма! Уйингга борсин, қўйдай ювошиб қолади.

— Ишонгим келмаяпти, — дедим сал паст тушиб. — Ҳали тўй ўтмасдан шундай бўлса…

— Қўй, одамлар қараяпти. Яхшиси, ичкарига кирайлик! Ана, келинниям тинчлантиришибди чоғи. Юрақолгин энди, жой оғайни!..

— Бўпти, — дея ҳовлига алам аралаш боқиб дўстларимга эргашдим. — Тағин ҳунар кўрсатсин!.. Ўзидан кўради…

Дўстларим айтганидек, Шарифа тинчланган, айвон устунига суянганча опаларидан бирининг насиҳатини тингларди.

Кириб келганимни кўриб истамайгина пастга тушди ва чап тирсагимдан тутди…

У билан ёнма-ён юриб борардим-у, боягина бўлиб ўтган ишлар таъсиридами, миямда яна шубҳа-гумонлар галаси чарх ура бошлаганди…

Мен яқин орада ўзимни оғир кулфатлар бўронига дуч келадигандек ҳис этардим. Кўнглимнинг бир четида қотиб қолган муз борлиғимни тобора қамраб олаётгандек эди…

Лекин қалбим онамнинг сўзларини такрорлаб мени тинчлантирди.

Нурмат қорага ҳаётимда илк бора қаттиқ ишонгим келиб, дўстларимга кулимсираганча машинага ўтирдим.

 

* * *

 

Қишлоқ ғалати-да! Орзиқиб, тамшаниб, ёниб, турфа хаёллар, ёввойи ҳаяжонлар оғушида кутилган тўй дўмбирачи-ю, доирачининг икки соатлик тарақ-туруғи билан ўтади-кетади. Лекин асосий «томоша» ана шундан кейин бошланади. Ҳасса таяниб-таянмаган кампирлар, қошидаги ўсмаси қуримаган жувонлар келин бўлмишни ўртага олиб сўнгги ирим-сиримларга киришишади. Жўралар эса куёвни тезроқ чимилдиққа киритиб, кўнгилни хотиржам этиш ҳаракатида бўлишади.

Бизни ҳам янгалар Нурмат қоранинг ҳовли этагидаги ясатилган икки хонали уйига «қамашди» да, гум бўлишди…

Мен мана шу лаҳзалар яқинлашишидангина умидвор эдим. Йигитчилик. Қанча вақтдан бери Шарифанинг келишган қомати, қорамағиз юзлари, эркаланганнамо боқишларини соғинаман! Чунки, кейинги вақтларда фикрим, тасаввурларим буткул ўзгарган, Шарифани ростакамига ёқтириб қолгандим. У ишончимни оқлашига, асов севгимни қадрлай олишига шубҳа қилмай борардим…

Қалбимда ҳаяжон ва вужудимда бир олам титроқ билан унга яқинлашдим. Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Боягина кўзимга беозор мусичадек кўринган Шарифа бирданига ёввойи мушукдек ҳурпайиб, ўзини бурчакка тортди. Унинг кўзларида бир лаҳза ялт этган чексиз нафратдан вужудим сесканиб кетди. Ҳозир бир уйда, қўлимиз бир-биримизга етгулик масофада турган бўлсакда, ўртамизда ер билан осмонча фарқ борлигини ва бир-биримизга мутлақо бегоналигимизни ҳис этгандек бўлдим. Лекин энди жуда кеч эди. Истайманми-йўқми у билан бир ёстиққа бош қўйишга мужбурман. Шу боис бироз ўзимни қўлга олиб, у томон яна икки қадам ташладим. Аммо бирдан Шарифа чинқириб, ўзини орқага ташлади. Ранги докадек оқариб кетди. Оёқ-қўллари қалтираб, жуссаси букчайди. Ҳансирай-ҳансирай, телбанамо оҳангда алланималар дея алаҳлашга тушди сўнг.

Бундай бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.

Азбаройи қўрқиб кетганимдан жоним чиқиб кетай деди.

— Ҳой, ким бор? — бақирдим дераза тарафга қараб. — Янга! Онажон! Қаердасизлар?!

Зум ўтмай, хонага Шарифанинг бизга янгаликка қолган опаси Маърифат чопиб кирди.

— Ҳа-а, нима бўлди?! — у жонҳолатда келиб, синглисига ёпишди. — Шарифа, сенга нима бўлди? Кўзингни оч, Шарифа!

Шу аснода онам, кетидан қариндош-уруғлар кириб келишди. Кўз очиб юмгунча, ичкарининг тўс-тўполони чиқди кетди.

Хотин-халаж зир югуриб исириқ тутатди, кимлардир Шарифани ўраб олиб сув ичирди, елпиди, қўл-оёқларини уқалади.

Мен эса даҳлиздаги ўчоқбошида тош қотиб турар, юрагим фарёд чекарди.

Бир маҳал хона эшиги очилиб, онам чиқиб келди. Кўзларида ёш ғилтиллар, нуқул бош чайқаб қўярди.

Умидвор нигоҳларимни онамга тикдим.

— Кимдир келинимга «илми-аъмал» қилибди, — деди онам ниятимни пайқагандек. — Худоё фолбинга борган оёқлари акашак бўлсин! Кимга нима ёмонлик қилиб эдик, болам!

— Фолбин?! — онамга яқинроқ бориб алангладим. — Н-нега? Ким бундай қилади?!

— Кимлигини билсам, шу ерда турармидим? — йиғи аралаш шивирлади онам. — Ким шу ишни қилган бўлса, ёруғлик кўрмасин, илоё!

— Она, — дедим сал ўзимни тутиб. — Энди нима бўлади? М-мен нима қилай?

— Қайғурма! Шарифа анча яхши. Ҳозир отинбувини чақираман. «Дам» солиб қўяди. Ҳаммаси яхши бўлади.

 

* * *

 

Орадан йигирма олти кун ўтди. Шарифа деярли ҳар куни ўзини ёмон ҳис этар, қишлоқнинг отинбувиси унга дуо ўқиб чарчамасди.

Илгари бундай ирим-сиримларга сира дуч келмаган эканман. «Иссиқ-совуқ», «илми-аъмал» деган нарса жуда ёмон бўларкан. Шунча кун ичида рафиқам анча чўкиб, баттар маъюсланиб қолди.

Бу ҳам майли. Бошимда кулфатнинг каттаси тегирмонтош каби айланарди. Мендан юз ўгирган висол лаззати кўйида ўзимни қаерга қўйишни билмасдим. «Уйланиб ҳам рўшнолик кўрмайманми?!» дейман ич-ичимдан ўртаниб. — Мана, яқин бир ой бўлаяптики, даҳлизда ухлашга мажбурман. Юрак ютиб, хотинимнинг қўйнига кира олмайман. Қучдим дегунча мазаси қочади. Яна отинбуви, исириқ тутатишлар, бақир-чақирлар бошланади… Қайси ярамас менинг бахтимга чанг солаяпти экан?! Нега ахир? Улар Нурмат қоранинг яқинлари эмасмикин ишқилиб? Ҳа-а, тўхта, ўшалар бўлишиям мумкин? Акаси Норматнинг қарашлари беўхшов эди. Тўйгаям чиқмаганди. Қачон кўча-кўйда кўрса ола қарайди. Ўша хотинига тайинлаган. Укаси ўгай боласига тўй қилиб бергани алам қилган. Нима қилсам бўлади?! Айтсам-чи, Нурмат қорага?! Жонимга тегиб кетди-ку ҳаммаси. Йўқ, шартта олдига кираман-да, сўрайман. Гумоним борлигини, бу кўнгилсизликларга ортиқ тоқат қилиб туролмаслигимни юзига айтаман-қўяман.

Бир қарорга келиб бошимни кўтардим.

Кундуз аллақачон ой ва юлдузларга жой бўшатиб берибди.

Юрагим сиқилиб келинлик уйга назар ташладим. Боягина опаси исириқ тутатиб, Шарифанинг ёнига кириб кетганди. Энди эса унинг ҳар кунгидек ув, тортиб йиғлагани қулоғимга чалинди.

Оғир қадамлар ташлаб, Нурмат қоранинг тутундан қорайиб кетган ҳужраси томон юрдим.

Шу тобда келинлик уйнинг эшиги очилиб, онам ташқарига чиқди. Менга кўзи тушди-ю, қўли билан «кел» ишорасини қилди. Мен истар-истамас ортга қайтдим. Очиғи, ҳозир онам билан ҳам гаплашишни хоҳламаётгандим. Нурмат қорага бўлган гапларимни айтиб, аламдан чиқмоқчи, сўнгра ҳеч нарсага қарамай, Хонбува маҳалламизга кетмоқчи эдим.

— Худога беадад шукр қил, болам! — деди онам қувончдан кўзлари порлаб. — Келиним тузалди. Илоҳим отинбуви эсон бўлсин! Ўқий-ўқий охири «илми-аъмал»ларни ечибди. Кир, хотининг сени кутаяпти, Қодиржон! Кўрган ёмон кунинг шу бўлсин худоё!

— Йўғ-э?! — дедим ишонқирамай. — Ҳалигина йиғлаб-сиқтаб хонани бошига кўтараётганди-ку! Дарров тузалиб қолдими?!

— Э, қўйсанг-чи, шунақа гапларни! — норозиланди онам. — Отинбуви ўқиган пайтда ичидаги сеҳр-жоду кўз ёшлари билан чиқиб кетибди. Келиним шўрлик роса додлаб йиғлади ўзиям. Ана ўша дод-войига қўшилиб ҳамма ёмонликлар ташқарига чиқди. Қўй, ҳадеб ижикилайверма! Ундан кўра хотинингнинг ёнига кир!

Бундай хабар мен учун олтиндан ҳам қимматлироқ эди.

Оёғимни қўлга олиб, хонамизга отилдим. Аммо бу тун ҳам Шарифанинг висоли насиб этмади.

— Ҳали буткул тузалганим йўқ, — деди у менга юзини терс ўгириб. Шарифанинг гапига ишондим, уни аядим…

Қиёмат-қойим ҳақида бобом ва бувимдан кўп бор эшитгандим. Бироқ ҳаётимда бўлаётган воқеалар қиёматдан беш баттарроқ эди назаримда.

Гоҳ хўрлигим келиб, гоҳ ғазабдан ўзимни зўрға босиб, қаршимда беозоргина қўзичоқдек бўлиб, ўзини оқлаётган Шарифани мажақлаб ташлагим келарди.

— Ишонинг, мен жума куни туғилганман. — дерди кўзларини жавдиратиб. — Бу кунда туғилганлар шунақа бўлишади. Худонинг хоҳишига қарши бориб бўлмайди-ку. Нега индамайсиз?! Менга ишонмаяпсизми, ё?! Агар шундай бўлса майли, кетаман! Ўзимни анҳорга ташлайман! Ҳа, бу кунимдан сувларга чўкиб ўлганим яхши…

Бирдан ҳушёр тортиб, ўрнимдан турдим. Шарифа жонҳолатда керак-нокерак буюмларини бўғчага жойлай бошлади.

— Ҳеч қаерга кетмайсиз! — қандайдир номаълум куч мени Шарифанинг билагидан ушлашга жазм эттирди. — Эшитаяпсизми?! Ҳеч қаерга кетмайсиз. Гапларимга ишонди, деб ҳисоблайверинг! Йиғламанг фақат.

Шарифа титрашдан тўхтаб, кўзларимга тикилди.

— Ростдан ишондингизми?! Ҳеч қачон юзимга солмайсизми?!

— Нимани?

— Анави… Жума куни туғилганимни-да!

— Йўқ, — дедим қатъийлик билан. — Мен унақанги майдакашлардан эмасман. Тамом, бу гап шу хонада қолади. Маърифат опангизгаям ҳеч нарса деманг!

Ўша куни Шарифага ваъда берган бўлсамда, аммо бу хўрликни унитиб бўлмасди, унутолмасдим. Ҳеч ўзимга кела олмайман. Азобимни Шарифага сездирмасам-да, ҳар сонияда ўзимни ўта бахтсиз, омадсиз ва кераксиз одам каби ҳис этаман. Эркак бўлиб туғилганимга минг пушаймонлар ейман. Баъзан машина остида қолиб ўлгим ёки икки қишлоқ наридаги чуқур ва тезоқар каналга чўкким келади…

Фақат мени бир куч тутиб туради. Жуда олисда, осмону фалакнинг туб-тубида менинг юлдузим яшириндек, ўша юлдуз бир кунмас бир кун албатта, юз кўрсатиб, йўлимни ёритадигандек туюлаверади. Ўша юлдузни кўриш орзуси мени оҳанграбодек ўзига чорлайди. Барчасига тупуриб фақат олдинга интилишни маъқул кўраман.

Нурмат қорага бўлган нафратим кун сайин ортиб борарди. Уни кўрдим дегунча миям ғувиллайдиган, ғазабим бўғзимдан отилгудек аҳволга тушадиган бўлдим. Қанийди, имконим бўлса-ю, бу махлуқни хумордан чиққунча дўппосласам. Минг афсус бунинг имкони йўқ. Негаки, онам шу аблаҳнинг қўлида. Нима бўлмасин, қай мағзавани устимга ағдармасин, онам ҳурмати чидашга, кўз юмиб ўтишга мажбурман…

 

* * *

 

Орадан яна бир ой ўтди. Қиш қилич қайраб келарди. Ҳаво анча совиган. Айниқса, тунда печка ёқмасдан ётиб бўлмайди. Деворнинг алебастр сувоғи гўё ташқаридаги бор совуқни ичкарига тортаётгандек туюлади.

Бу ҳовлида ўзимча қарор чиқара олмаслигимни билсам-да, кундузи эҳтиёт шартдан эски печканинг ичларини тозалаб, олов ёқишга тайёрлаб қўйдим. Энди оғилхонадаги тоғоралардан бирини ўтинга тўлдириб қўйсам кифоя. Шу ниятда ташқарига чиқиб, тоғораларнинг кичикроғини олдим-да, тандирхона томон юрдим. Печкага ёқиладиган ўтинлар ўша ерда. Яқинда ўзим катта-катта ғўлаларни майдалаб, тандирхонага тахлаб қўйганман.

Энди тоғорага ўтин тўлдириб, кўтаришга чоғланган эдимки, қаердандир Нурмат қора пайдо бўлди. У ҳе йўқ, бе йўқ қўлимдаги тоғорани тортиб олди-да, бир четга ирғитди.

— Ҳа, печкада ўтиргилари кеп қолдими?! — бор овозда бақирди у.

Бақир-чақирни эшитиб, ҳовлида кир ёяётган Шарифа ҳам, ўчоқбошида куймаланиб ош дамлаётган онам ҳам биз тарафга ўгирилишди.

— Нима қипти? — бундай муомалани кутмаганим сабабли тепа сочим тикка бўлиб, ўгай отамга хезландим. — Печкада ўтирсам нима бўпти?!

— Ҳой итвачча, — титроқ аралаш менга мушт ўқталди Нурмат қора. — Бу уйга меҳнатинг сингганмиди? Сиғиндига ўхшаб келиб ўтирибсан, майли. Онанг кўзининг сувини оқизаверганидан уйлантириб қўйдим, буям майли. Энди не азобда даладан ташиб келтирган ўтинларимни ёқмоқчимисан?!

— Оғзингизга қараб гапиринг! — мен ҳам алам аралаш бақирдим. — Нима қилган бўлсангиз, онамнинг ҳурматидан қилгансиз! Тўйга келсак, бопладинги-из! Ҳа-а, жуда боплаб ниятингизга етдингиз! Чув туширмоқчийдингиз! Томошамни кўрмоқчийдингиз! Бир умр куйиб, бошим эгилиб ўтишимни хоҳлагандингиз! Эришдингиз!..

— Нималар деяпсан, кўрнамак! — Нурмат қора менга яқинлашиб урмоққа шайланди.

Биламан, бу одамни ҳозир шапатилаб юборсам кифоя. Ағдарилиб тушади. Сўнг баҳона топилади унга. Арз-дод қилиб мелисага ҳам боришдан топ тортмайди бу ярамас.

Шу орада онам чопиб келиб ўртага тушди.

— Бас қилинглар! — дея мени гавдаси билан тўсди онам. — Икковлашиб еб битирдиларинг-ку, мени! Эшитганлар нима дейди? Анави келин нима деб ўйлайди? Бор Қодиржон, ўтин ёқиб уй иситмасанг, ўлиб қолмассан! Уйингга кир!

Мен онамнинг кўз ёшларига, илтижоли, дардли нигоҳларига ортиқ дош бера олмасдим.

Нурмат қорага совуқ қараб олдим-у, хонамга йўл олдим.

Хонага кириб сигарет тутатмоқчи бўлиб турганимда, эшик очилиб Шарифа кирди.

Унинг қовоқлари уйилган, киприклари асабий пирпирарди.

Рўпарамга келиб бирпас жим қолди-да, атрофга аланг-жаланг қараб ниманидир қидира бошлади.

— Нима бўлди? — сўрадим совуққонлик билан. — Бирор нарсани йўқотдингизми?

— Ҳаммасини эшитдим, — деди Шарифа кўзимга тик боқиб. — Дардингиз барибир ичингизда қолган экан. Айтиб олдингиз. Енгил тортдингизми?

— Нима дебман? Сизни ёмонлабманми?

— Бу ёмонлашданам баттар! — деди Шарифа. — Энди умрим таъна эшитиб ўтаркан, шекилли…

— Ундай деманг! Мен сиз ҳақингизда гапирмадим.

Шарифа ортиқ гапирмади. Пиқиллаб йиғлаганча бурчакка ўтириб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Берилаетган маколалар ва хикояларга гап йук, жуда яхши сайт, лекин рекламаси роса жонга тегди, ха деб асабни бузганидан бу сайтга энди кирмайман деб юборади одам

Comments are closed.