Бош вазиригача вирус юқтирган қироллик. Британиядаги «тутуруқсиз» карантин ҳақида

0

Коронавирус Европани забт эта бошлаганда Британия ҳукуматида аввалига жамоавий иммунитетни муҳокама қилишди, сўнг карантин жорий этишди, кейин эса уни ҳукумат аъзоларининг ўзлари буза бошлашди. «Натижа» эса жуда ёмон – 270 мингдан ортиқ одам вирус юқтирди. Британия қаерда хато қилди? Бу ҳақда «kun.uz» интернет нашрида эълон қилинган таҳлилий мақолада атрофлича фикр юритилган.

Аҳоли жон бошига коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича Буюк Британия Италия ва Испанияни қувиб ўтиб (38 мингдан ошиқ ўлим), бугунги кунда Европадаги эпидемиядан энг кўп азият чекаётган мамлакатлардан бири бўлиб турибди. Мамлакатдаги бундай вазиятга ОАВ асосан Brexit билан банд бўлган Борис Жонсон ҳукуматини айбдор қилмоқда. Журналистлар ҳукуматдаги карантин жорий қилишнинг асосий тарафдорлари бўлган раҳбарлар ҳам карантин қоидаларига амал қилмагани ҳақида ёзишмоқда. Бу эса ҳукуматга нисбатан норозиликни янада кучайтирган. Шунингдек, Шотландия ва Уэльс ҳукуматлари ҳам Буюк Британия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларидан норозилигини яширмаяпти.

Бош вазир маслаҳатчиси карантинни бузган

2020 йил 22 майда Буюк Британиянинг иккита етакчи газетаси – «The Guardian» ва «The Daily Mirror» ҳамкорликда бош вазир Борис Жонсоннинг катта маслаҳатчиси Доминик Каммингс билан боғлиқ суриштирув тафсилотларини эълон қилишди. Унга кўра, март ойи охирида коронавирус билан касалланган Каммингс Лондондан 420 километр узоқликдаги Дарэм шаҳрига ўз автомобилида борган. Бу шаҳар унинг туғилган шаҳри ҳисобланади ва у ерда унинг ота-онаси яшайди. Сафар давомида Каммингсга коронавирус юқтирган хотини ва кичик ўғли ҳамроҳлик қилган.

Бу янгилик дарҳол мамлакат бўйлаб тарқалди. Ахир Каммингс нафақат юқори мартабали ҳукумат амалдори, балки британияликларнинг «ташқи дунё билан алоқаларини қисқартирган» Brexit бош тарғиботчиси эди. Бош вазир маслаҳатчиси сифатида у нафақат пандемия хавфининг олдини олиш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган, балки ҳукуматнинг фавқулодда вазиятлар бўйича йиғилишларида ҳам қатнашади. Ўшанда у олимларни коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун иложи борича тезроқ кафе, ресторан каби жамоат жойларини ёпиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга ундаган.

Шу сабаб Каммингснинг ўзи жорий этилишида фаол қатнашган карантин қоидаларга риоя қилмагани маълум бўлганда, мамлакатдаги етакчи газеталар, шу жумладан Борис Жонсонга тарафдор бўлган «The Daily Mail» ҳам сиёсатчини қоралаб чиқди. Жонсон бошчилигидаги консерваторлар партиясининг кўплаб аъзолари уни ишдан бўшатиш талаби билан чиқишди.

Бироқ Буюк Британия бош вазири ўзининг катта маслаҳатчисига чора кўришдан бош тортди. 24 май куни шу мавзуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Борис Жонсон Каммингсни ҳимоя қилиб, «У қонунни бузмаган ҳолда, масъулият билан ҳаракат қилган ҳамда отасининг инстинктларига амал қилган», деб айтди.

Британияда Каммингсни ёқтирмайдиганлар уни «карьерасини устун кўрувчи хаёлпараст» деб аташади. Борис Жонсонга эса «Распутин» деган ёрлиқ ёпиштиришган. Турли карикатураларда Борис Жонсонни асосан ёвуз қўғирчоқ сифатида ҳам тасвирлашади.

2000-йиллардан буён Каммингс Консерватив партия аъзолари учун сиёсий стратегияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Каммингсни нафақат Буюк Британияда, балки дунёда жуда машҳур қилган ҳодиса унинг қиролликни Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиш кампанияси – Brexit раҳбари сифатида ишлаши бўлди.

У бирор сиёсий қарашларни қўлламаслигини тан олади, бу эса Каммингсни бепарволикда айблаш учун яхшигина сабаб бўлади. Айтганча, Каммингснинг рақиблари уни русларга мойилликда ҳам айблашади: Каммингс 1990-йиллар бошларида Россияда бир неча йил яшаган ва Достоевскийнинг асарларини яхши кўришини ҳам яширмайди.

Борис Жонсон коронавирусга қарши курашда қаерда хато қилди?

Каммингс билан содир бўлган иш Борис Жонсон ҳукумати нафақат Буюк Британия жамоатчилиги, балки халқаро майдонда омма томонидан кескин танқид қилинган биринчи иш эмас. Ўз навбатида Каммингс карантинни бузган ягона юқори мартабали амалдор ҳам эмас. Унгача ва ундан кейин ҳам Буюк Британия ҳукуматидаги мансабдорлар карантин қоидаларига амал қилмагани кузатилган. Ҳатто шу иш ортидан Буюк Британия бош эпидемиологи Нил Фергюсон ҳам ўз жамоаси билан бирга истеъфога чиқди.

Мамлакатда коронавирусдан вафот этиш кўрсаткичи ҳам паст эмас – ҳар миллион кишига 553,37 та ўлим. Буюк Британия 25 май ҳолатига кўра коронавирусдан энг кўп азият чеккан Европанинг икки мамлакатидан бири Италияни қувиб ўтди. Қитъада касаллик ҳолатлари энг кўп бўлган Испаниядан эса бироз ортда боряпти. Айни дамда қиролликда 272 минг киши вирус юқтирган ва улардан 38 мингдан ортиғи вафот этган.

Буюк Британияда коронавирусга чалиниб вафот этганларнинг аксарияти Швецияда бўлгани каби қариялар уйларида яшаётган кексалар экани айтилмоқда. Бундан ташқари, ОАВ коронавирусга чалиниб вафот этганлар сони расмий статистикадагидан анча юқори бўлиши мумкинлигини ҳақида ёзмоқда.

Уларнинг бундай хулосага келишига миллий статистика бюроси қариялар уйларида вафот этганлар сони тўғрисидаги маълумотларни икки ҳафталик кечикиш билан эълон қилгани сабаб бўлди. Буюк Британиядаги қариялар уйларида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни эътиборсиз қолдиргани учун Борис Жонсон кўплаб эътирозларни эшитишига тўғри келмоқда. Айниқса 2020 йил апрель ойида, айни пандемия кенг тарқалаётган пайтда лейбористлар партияси раҳбари лавозимини эгаллаган, мухолиф партиянинг янги лидери Кир Стармер Жонсонни ҳаммадан ҳам кўпроқ танқид қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам Жонсон ҳукумати мамлакат учун муҳим бўлган кўпгина масалаларни ортга суриб асосий вақтини нима қилиб бўлса ҳам тезроқ Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш ҳаракатлари учун сарфлади.

Brexit расман 2020 йил 31 январь куни амалга ошган бўлса ҳам, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи билан келажакдаги ўзаро муносабатлари қай тартибда бўлиши ҳақидаги келишувлар узоқ музокараларни талаб қилди. Шу туфайли Борис Жонсон бошчилигидаги Буюк Британия ҳукуматига бошқа мамлакатларга қараганда коронавирусга қарши аниқ ва изчил кураш стратегиясини ишлаб чиқиш учун кам муддат қолди.

Натижада шифохоналарда шахсий ҳимоя воситалари етишмовчилиги юзага келди. Масалан, ҳимоя костюмлари ўрнига чиқинди солиш учун мўлжалланган елим пакет кийиб юрган ҳамшираларнинг фотосуратлари жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлди.

Ўшанда Европа мамлакатлари билан биргаликда дори воситаларини улгуржи тарзда сотиб олиш муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин эди, аммо Буюк Британия ҳукумати бундай имкониятни ҳам қўлдан бой берди.

Апрелда «The Guardian» нашри Британия ҳукумати Европа Комиссиясининг махсус дастури доирасида шифокорлар учун ҳимоя воситаларини сотиб олиш дастурларида иштирок этиш имконига эга бўлгани, аммо улар бу имкониятдан фойдалана олмагани ҳақида ёзиб чиқди. Маълум бўлишича, комиссия томонидан юборилган таклифнома Британия ҳукуматининг ишламайдиган электрон почта манзилига келган.

«Жамоавий иммунитет» ва гольф ўйнашга берилган рухсатнома ортидан келиб чиққан можаролар

Март ойи ўрталарида Италия ва Испания қаттиқ карантин қоидалари билан яшаётган пайтда, Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Вэлланс BBC билан суҳбатда қатъий тақиқларсиз ва «жамоавий иммунитет»ни ривожлантириш йўли билан коронавирусни енгиб чиқадиган Буюк Британиянинг махсус дастури ҳақида гапиради. Ўшанда у «махсус дастур тўлақонли жорий қилинса, Буюк Британия аҳолисининг 60 фоизи коронавирус инфекциясини юқтирган бўлиши»ни айтганди.

Британиядаги етакчи университетларининг беш юздан ортиқ академиклари, олимлари ҳамда тадқиқотчилари ҳукуматнинг коронавирусга қарши кураш ҳақидаги «махсус дастур»идан хабар топиши билан дастурни қайта кўриб чиқишни ва бошқа мамлакатлар сингари карантин чораларини янада кучайтиришни сўраб, ҳукуматга очиқ хат йўллади.

Шундан сўнг турли босимлар остида қолган Борис Жонсон 23 мартга келибгина карантин эълон қилди. Унга кўра, аҳоли эҳтиёжи учун зарур дорихоналар ва озиқ-овқат дўконларидан бошқа аксарият жамоат жойларининг ёпилиши белгиланди. Одамларга зарурар бўлмаса, уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия қилинди. Уч кун ўтиб Борис Жонсоннинг ўзи ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди.

10 май куни Британия нашрлари Жонсон ҳукумати коронавирус профилактикаси бўйича оммавий кампаниянинг барча учун содда ва тушунарли бўлган «Уйда қолинг» шиорини «Ҳушёр бўлинг» деб ўзгартирмоқчи эканидан хабар топади.

Янги шиор Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержен томонидан дарҳол танқид қилинади. Унинг сўзларига кўра, «Уйда қолинг» шиоридан фарқли ўлароқ янги «Ҳушёр бўлинг» шиори жуда ғализ ва мавҳум. У Буюк Британия ҳукуматидан янги шиорни Шотландияда қўлламасликни сўради. Шунингдек, Борис Жонсон ҳукумати томонидан илгари сурилган янги шиор Уэльс ҳукуматига ҳам ёқмади. Уэльс ҳукуматидаги вазирлар, айниқса соғлиқни сақлаш вазири Жонсон ҳукумати ихтиро қилган янги шиор Буюк Британиянинг тўртта маъмурий ҳудуди – Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия учун бирдай мос тушмаслигини айтиб чиқишди. Шунинг учун ҳам Уэльс ҳукумати ҳануз «Уйда қолинг» шиоридан воз кечмади ва ўз аҳолисига заруратсиз уйдан чиқмасликни тавсия қилиб келмоқда.

10 май куни Британия ҳукумати коронавирус билан боғлиқ карантин тадбирларини май, июнь ва июль ойларида уч босқичда енгиллаштириб бориш режасини эълон қилди. Унга кўра, аввало масофадан туриб ишлашнинг иложи бўлмаган ва ишхонасига бориб ишлаши лозим бўлган ходимларга карантин чеклови бекор қилинади. Сўнгра қурувчиларга, ундан кейин паблар ва кинотеатрлар фаолият кўрсатишига рухсат берилиши назарда тутилган эди.

Британияда жорий қилинган карантин қоидаларини турли минтақалар ўзича қўллади ва бунинг ортидан тартибсизлик юзага келди. Масалан, Англияда кўчаларда ёки боғларда очиқ ҳавода спорт билан шуғулланишга ҳам рухсат беришмади. Уэльсда эса бу чеклов йўқ эди.

Шундан сўнг кўпчилик карантин пайтида тоза ҳавода айланиш имконияти бўлган Уэльсга йўл олди. Уэльс биринчи вазири эса Буюк Британиянинг бошқа ҳудудларидан Уэльсга «тоза ҳаводан нафас олиш учун» келаётганларни жаримага тортиш билан таҳдид қилишга мажбур бўлди.

Борис Жонсон 13 майдан бошлаб Англиядаги гольф клубларга ўз фаолиятини тиклаши учун рухсат беришни ваъда қилди. Аммо Буюк Британиядаги асосий гольф клубларнинг бир қисми Уэльсда, яна бир қисми Англияда жойлашган. Уэльс ҳатто гольф клубларига бўлса ҳам бегоналарни қўймоқчи эмас.

Анча вақт давом этган қизғин баҳслардан сўнг Борис Жонсон ҳукумати минтақавий раҳбарларни гольф клубларига кимлар аъзо бўлса, ўшалар бориши мумкинлиги ҳақидаги қоидани жорий қилишга кўндира олди. Масалан, англиялик фуқаро Уэльсдаги гольф клубга аввалдан аъзо бўлса, у яна бориб шуғулланиши мумкин.

Апрель ойи охирида Борис Жонсон британияликларга мурожаатида мамлакат касалликни енггани ва коронавирус эпидемияси чўққиси ортда қолгани ҳақида гапиради. Май ойи бошларида ҳақиқатан Буюк Британияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони сезиларли даражада камайди. Бироқ Борис Жонсонга танқид тошларини отаётганларнинг фикрига кўра, у карантин қоидаларини жорий қилишда сусткашликка йўл қўйган.

Улар Жонсон ҳукумати карантинни ҳеч бўлмаса бир ҳафта олдин жорий қилганида, вирус туфайли 40 мингга яқин одам вафот этмасди дейишмоқда. Уларнинг Борис Жонсон ҳукуматига нисбатан билдираётган айбловларига ҳам қўшилса бўлади. У бошида коронавирус тарқалишига жуда эътиборсизлик билан қаради ва бунинг ортидан нафақат ўзи, балки ҳукуматдаги бир нечта юқори лавозимли амалдорлар ҳам хавфли вирусни юқтириб олишди. Шунингдек, карантин кеч жорий қилингани учун мамлакат вирус юқтирганлар ва ундан вафот этганлар сони бўйича «юқори ўринларга» чиқиб кетди…

loading...