СУСАННА… (5-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ажаб!.. Шу маҳалда Шарифаларнинг чироғи ўчмабди. Кимдир қоронғиликда пиқ-пиқ йиғламоқда.

Бу… Шарифанинг ўзи-ку!.. Наҳотки, мижжа қоқмай менинг кўйимда куйиб ёнаётган бўлса?.. Нега?.. Ахир, аза биз руҳларни безовта қилишини, чирқиллатишини биларди-ку! Нима сабабдан марҳум эрининг тинчини бузишга қарор қилдийкин? Бунинг ўрнига ҳов анави ўтинхонага биттагина шам ёқиб қўймайдими? Мен ўша шам тепасига бориб айланмайманми!?.

— Ҳа-а, — ўйладим юрагим сиқилиб. — Шунинг учун қалбим безовта бўлган, мени шу ёққа етаклаган экан-да!.. Гап буёқда экан. Безовталик мажбур этибди мени…

— Шарифа! — овоз бердим оҳиста.

Хотиним беихтиёр йиғлашдан тўхтади-да, ўрнидан туриб атрофга аланглади.

— Ким у?.. Ким деяпман?..

— Эшитдими овозимни? — сўрадим ўзимдан ўзим. — Ё яқин инсонлар руҳларни ҳам эшитишлари мумкинми?

— Мен Қодирман! — дедим баландроқ товушда. — Эшитаяпсанми мени?..

Шарифа овоз келган тарафга чопди…

Индамай туравердим.

Билардим, барибир у мени кўрмайди. Майли, товушимни пайқагандир, аммо қиёфамни ҳеч қачон кўра олмайди. Чунки жасадим бегона уйда ётибди…

— Сиз?.. Қодир ака, ўзингизми?..

Афсуски, хотиним мени кўра олди. Ҳа, у хўрсина-хўрсина келиб бўйнимга осилди.

— Ахир… Мен ўлганман-ку! — дея олдим аранг. — Эшитаяпсанми, сен қучиб турган руҳим холос.

— Нималар деяпсиз?.. Сиз ўлган эмассиз! Хаёлингиз жойидами?.. Менга қаранг, тузалиб қолдингизми? Ҳеч қаерингиз оғримаяптими?.. Нега жимсиз? Гапирсангиз-чи, Қодир ака!..

— Қўйвор мени! — Шарифанинг қўлларини бўйнимдан олиб ташладим-да, ортга тисландим. — Сен хато қилаяпсан! Мен ўлганман, эшитаяпсанми, ўлганман! Ахир, ўз қўлларингминан ювгич аёлникига олиб бординг-ку!.. Мен… Орқага қайтишим керак… Фариштам кутаяпти мени!.. Агар ёнида йўқлигимни билса, ранжийди. Энди сен… Сабрли бўл! Ҳадеб куяверма! Ҳали ўзингга мос йигитни топасан.

— Йў-ўқ!.. — бақирди Шарифа қайтадан мени қучиб.

Унинг ҳайқириғини эшитиб қайнонам оёқ яланг чопиб чиқди.

— Қодиржон!.. Вой Худойимга шукр-ей!.. Илойим Фарзиниса омон бўлсин!.. Опош бўлдингизми, болам?..

— Эна, куёвингиз ақлдан озиб қопти! — баттарроқ қичқирди Шарифа. — Нуқул ўлганман, арвоҳман деб мени қўрқитаяпти!

— Қўйинг, болам, ундай қилманг! Юринг, иссиқ хонага кирамиз!.. Қайноқ чой дамлаб бераман! Юра қолинг!..

Шу тобда хаёлларим чалкашиб кетганди…

Бўғзимга нимадир тиқилган каби энгашиб олдим.

Ўқчий бошладим.

Кўз ўнгимни қоронғилик босиб, бошим гир-гир айланаётганини ҳис этдим.

Шарифа орқамдан келиб бошимни маҳкам босиб турар ва йиғи аралаш шивирларди:

— Қусинг, Қодир ака, қусаверинг!.. Қўрқманг!..

Нимадир бошимга қаттиқ урилгандек бўлди. Миям ғувиллаб, қандайдир беўхшов товушлар қулоқларим остида шанғиллади ва ҳушимдан кетдим.

Кўзимни очганимда тепамда Шарифа мунғайганча ўтирарди. Бир-икки чуқур-чуқур нафас олишга уриндим. Кўксимда оғир тош турган каби бунинг уддасидан чиқа олмадим.

Сал ўтмай қорнимда қаттиқ оғриқ туриб иҳлай бошладим.

— Сизга нима бўлди? — пешонамга кафтини босди Шарифа. — Қаерингиз оғрияпти?

— Қ-қорним… — дея олдим зўрға. — Кўнглим айнияпти…

— Худойим-эй! — Шарифа даст ўрнидан турди-да тоғорача келтирди. — Мана, шунинг ичига қусаверинг! Мен… Мен дўхтир чақираман!..

Билмадим… Қандай дардга йўлиқдим-у, олдинда мени қай балолар кутаяпти экан…

Шу тунни оғир дард исканжасида ўтказдим. Врачлар келиб ошқозонимни ювишгач, оғриқ алламаҳалгача пасанда бўлмади. Тонгга яқингина алаҳлай-алаҳлай кўзим илинибди.

 

* * *

 

Эртаси куни аллакимларнинг баралла суҳбатидан уйғониб кетдим. Хона нимқоронғи эди.

Ташқарига қулоқ тутдим. Таниш овозлар…

— Биз Қодиржон билан эр-хотинмиз, — дерди бир аёл. — Унинг сизда кўнгли йўқ, билдингизми?!.. Чақириб беринг эримни!..

Бирпасга бошим ғувиллаб кетгандек, юрагим бир кўтарилиб тушгандек бўлди…

— Фариштам! — дея телбаларча ташқари эшикни очиб айвонга чиқдим. — Ўзимнинг фариштам!..

— Ана, кўрдингизми?.. — Юзларини ажин босган, ҳарир дуррани бошига танғиб бойлаб олган ўрта яшар аёл мен томон талпинди. Лекин Шарифа ва қайнонам уни юқорига чиқаришмади…

Тўхта! Бу аёлни қаерда кўрганман ўзи?.. Нега мени тап тортмай эрим деяпти? Ким ўзи? Қаерда кўришганман?..

— Қодир ака, — менга юзланди Шарифа. — Манави нусхани танийсизми?..

— Б-билмадим… — дедим ҳафсалам пир бўлиб. — У…

— Вой, кечагина «фариштам» дея бағрингиздан бўшатмай ўтиргандингиз-ку! — бақирди менга аёл. — Энди нега тонаяпсиз?..

— Шарифа, — хотинимга юзландим мен. — Бу ким ўзи?..

— Буми? — энди қайнонам олдинга чиқди. — Шу ярамас Фарзиниса фолбин бўлади… Мазангиз қочиб, ўзингизни билмай ётганингизда шуникига дам солиб қўяр деган умидда олиб боргандик… Ҳа-а, бекорга бу йигитни ташлаб кетинглар демаган экан-да! Ораларингда бир нима бор экан-да-а?.. Гапиринг, куёв!..

Бу гаплардан сўнг нималарнидир эслагандек, алламбалоларни фаҳмлагандек бўлдим…

Кўз ўнгимда яқин ўтмиш гавдаланди.

— Шарифа, — дедим титраб. — Бу аёл мени ўлгансан, мен фариштангман деганди… Эс-эс биламан, ҳушим ўлда-жўлда ётганимда дуолар ўқиди. Кейин… Мен ўзимга келдим… Карахт эканман чоғи… Ўзим ҳам аллақачон ўлганман деб хаёл қилдим… Ҳа, жасадимниям кўрдим!.. Кейин… Эслолмайман…

— Ана, эна, кўрдингизми?!. — Шарифа жонҳолатда бориб аёлнинг ёқасидан олди. — Мана шу эримга илми-амал қилган, эна!.. «Амал» ичирган унга!.. Дўхтирлар айтди-ку, ёмон нарса ичиб қўйган деб!.. Ҳозир буни…

Шарифанинг жаҳдидан азбаройи қўрқиб кетган аёл нуқул унинг қўлларини ёқасидан олиб ташлашга ҳаракат қилар, лекин кучи етмасди.

— Қўй, қизим, — қайнонам оҳиста юриб борди-да, Шарифани айириб олди. — Қўшниларнинг олдида шарманда бўлмайлик! Худога солгин-у, қўйгин! Бундайларнинг жазосини Худо берсин! Энди-чи, Фарзиниса, обрўйинг борида жўнаб қол! Ўғлим кеп қолса борми, нақ бўғизлаб қўя қолади… Ҳе бетингдан бузилгур, жодугар!..

Аёл бир муддат нимадир демоқчидек каловланиб тургач, ранги пахтадек оқарганча ҳовлидан чиқиб кетди…

Шарифа эса қўлтиғимга кириб мени ичкари уйга етаклади…

Мен энди-энди ҳаммасини тушуниб ета бошлагандим.

Демак, ўлмаган эканман. Жоду таъсирида алаҳлабман… Жасад, хотиржамликлар… Ҳаммасига ўша карахтлик, замонавий тилда айтганда, гипноз таъсири сабаб бўлибди.

Шу жодугар аёл кўзларимга фариштадек кўринибди. Уни суйиб эркалабман… Қандай қилиб?..

Наҳотки, яна балога йўлиққан бўлсам?.. Шарифага хиёнат қилдимми ҳали? Ёши қирққа яқинлаган аёл билан-а?.. Қандай юз билан унинг кўзларига қараяпман?..

Қалбим уйғонгандек, минг пушаймонлар билан хотинимга зимдан назар солдим.

Йўқ, Шарифанинг кўзларида нафрат чўғини кўрмадим. У ҳамон менга дардли нигоҳлар ила боқарди.

Бу ҳолат кўзларимни мошдек очиб, юрагим оғриди, алам ва надоматлар оловида куйиб жуфти ҳалолимнинг тиззаларини қучдим-у, бор овозда додлаб юбордим:

— Мени кечир, Шарифа!!!

 

* * *

 

Орадан бир ой ўтиб, ўзимга кела бошладим. Вужудимни дастлабки кунлардаги беҳоллик бутунлай тарк этган, иштаҳам яхши, бошим ҳам айланмаётганди. Шарифа ҳар куни атрофимда айланиб-ўргилар, «уни енг, буни енг» деявериб ҳоли-жонимга қўймасди. Энди чинакам оилавий бахтга эришаётгандек эдим. Аммо барибир енгил нафас ололмасдим. Чунки ичкуёвлигим қалбимни эзарди.

Бу уйга бегоналигим ва табиатан одамовилигим мени буткул ёввойига айлантириб қўйганди.

Хотинимнинг уйига келганимга ҳам бир ойдан ошди. Лекин ҳалигача ҳовлига чиқиб сайр қилишга-да юрагим дов бермайди. Ташқарига чиқсам, худди бу уйдагилар менга ола қарайдигандек, орқаваротдан пичир-пичир қила бошлайдигандек туюларди.

Ҳовлига чиқсам-у, Шарифанинг акаси менга бақира бошласа-чи? дея ўйлардим ўзимча. Ёки опаси очиқчасига лаб буриб, масхараомуз тиржайиб қўйса-ю, бу ҳолатига кўзим тушиб қолса, қандай аҳволга тушаман? Адойи тамом бўламан-ку! Бундан кўра ер ёрилса, ерга кириб кетганим яхши эмасми? Худойим, яшаш, эркин нафас олиш бунча мушкул бўлмаса!?. Қачон шундай кун келарканки, ҳеч нарсани ўйламай, ҳеч кимдан ҳадиксирамай, ўйнаб-кулиб яшарканман?! Шундай ҳаёт кечиришга наҳотки ҳаққим бўлмаса? Ахир бегона шаҳарга бориб кўчаларда тентириб юрган чоғларимда ҳам бу қадар тушкун кайфиятга асир бўлмагандим! Ёнимда Шарифа эркаланиб ўтиради-ю, унинг сочларини силашга, эмин-эркин бағримга олишга қўрқаман. Гўёки ҳозир уйидагилардан бири кириб қолиб мени шарманда қиладигандек, таъна тошларини ота бошлайдигандек безовтаман. Қанийди, хароба бўлсаям кичик бир кулбанинг эгаси бўлсам! Ҳеч кимга бўйин эгмасдим, ҳеч нарсадан ҳайиқмасдим. Майли, тошдек қаттиқ бўлса-да, бир бурда нонимни ўзим топиб ердим. Қачон келади ўша кунлар? Ё бир умр сиғиндилик азобини тортаманми? Ундан кўра ўлиб кетсам яхши эмасми?

Шу пайт хона эшиги ғийқиллаб очилиб, хонага Шарифа кирди. Унинг чеҳраси очиқ, юзларидан мамнунлик балқиб турарди.

Хотиним жилмайганча келди-да, ёнимга ўтириб бошини елкамга қўйди.

— Зерикмадингизми? — мулойимлик билан сўради сўнг. — Негадир ғамгинсиз? Ё тағин бирор ерингиз оғрияптими?

— Кўзларингизга қарашга ботина олмаяпман, — дедим юзимни терс буриб. — Хиёнатим учун ўзимни ўзим кечира олишим қийин.

— Қўйсангиз-чи, бунга сиз айбдор эмассиз. Ёмонлар бизни айирмоқчи бўлишди. Мен сизни кечирганман. Агар ҳушёр бўлсангиз, ҳушингиз ўзингизда бўлса, бу ишга қўл урмасдингиз. Тушунаман-ку.

Мен бош ирғиб, Шарифанинг сўзини маъқулладим.

— Кўрдингизми, — давом этди Шарифа. — Ҳаётда шунақанги ифлос аёллар ҳам бор экан. Бировнинг эрини тап тортмай ўзиники қилиб олишдан уялишмайди ҳам.

— Бас! — дедим қўрқа-писа Шарифанинг лабларига кафтимни босиб. — Ҳадеб эслатаверманг! Шундоғам бўларим бўлиб турибди.

— Ҳовлига чиқсангиз бўларди, — деди Шарифа ташқарига ишора қилиб. — Энам иккаламиз мазали манти пиширдик. Биргалашиб ердик.

— Чиқмайман, — дедим қатъий оҳангда. — Ташқаридан бегона аёлларнинг овози келаяпти. Шарманда бўлишни хоҳламайман.

— Вой, нега шарманда бўларкансиз? Қўшнимиз Ойниса хола чиққан, холос. Нима қипти? Сиз айб иш қилмадингиз-ку!

— Шарифа! — мен хотинимни икки елкасидан тутиб ўзимга қаратдим. — Ичкуёвлик осон эмас экан. Одамларнинг кўзига кўринишга уялиб кетаяпман. Тушунсангиз-чи! Сира кўника олмаяпман!

— Хўп, хўп, — Шарифа кўксимга бошини қўйди-да, оғир хўрсинди. — Унда мени эркаланг! Енгил тортасиз. Чиқмайман десангиз, мантини шу ерга олиб келаман. Икковлашиб мантихўрлик қиламиз. Ё ким кўп манти ейишга мусобақа ўйнаймизми?

Сезиб турибман. Хотиним кўнглимни кўтаришга, ўртадаги дилхираликларни униттиришга жон-жаҳди билан уринаяпти. Ҳа, унга ҳам осон эмас. Бир ёқда мен, иккинчи тарафда онаси, яқинлари… Ҳаммамизнинг қош-қавоғимизга қараши, «Ишқилиб аразламасин, жаҳл қилмасин, тушкунликка тушмасин, ёмон кайфиятда бўлмасин» деган ўйлар миясини кемириши аниқ. Бундай оғир юкни кўтаришнинг ўзи бўлмайди…

Шу тобда хона эшиги тарақлаб очилди-да, озғин жуссали, ёши энди ўн олтига яқинлашган кичик қайнсинглим Дилноза кириб қолди.

Жуда ғалати бўларкан. Мисоли оғир гуноҳ қилиб қўйган одам каби Шарифани қўйиб юбордим-да, беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим. Хотинимнинг ўзи ҳам ноқулай вазиятда қолганини қизарган юзларидан сезиб турардим.

— Дилноза, эшикни тақиллатиб кирсанг бўлмасмиди? — шоша-пиша сочларини тўғриларкан, синглисини жеркиб берди Шарифа. — Уйда поччанг билан ўтирган бўлсак, мундоқ ўйламайсанми?..

Дилноза бир муддат тек қотиб турди-да, лабларини бурди.

— Нима, ўзимнинг уйимгаям тақиллатиб кирайми? — деди гезариб. — Жа ғалати экансиз-ку, опа!..

— Керак бўлгандан кейин тақиллатасан! — бўш келмади Шарифа. — Тақиллатмай кўргин-чи!..

— Э, боринг-э! Хўжайинлик қиладиган даврингиз ўтган! Бориб қайнсингилчаларингизга хўжайинлик қилинг!

Қизалоқнинг бу гаплари суяк-суягимдан ўтиб кетди. Нима демоқчи бу тирмизак? Шу уйда ўтирганимни юзимга солмоқчими? Балки «Опа, қанақа эр топгансиз ўзи? Уй-жойи бор, тайинлироғини топсангиз бўлмасмиди» демоқчи бўлаётгандир. Шу кичкинагина қиз таъна қилишга жазм этган бўлса, қолганларидан нима кутай?

Икки оғиз гап мени адойи тамом қилаёзганди. Шарифанинг юпатишлари ҳам қулоғимга кирмади. Ҳиссиз бир кимсадек бурчакдаги ёстиқни қучоқлаганча юзтубан ётиб олдим.

Қанча ётганим ёдимда йўқ. Вақт шомга яқинлашибди чоғи айвон чироғини ёқиб қўйишибди.

Ташқарида Шарифанинг кимгадир қаттиқ-қаттиқ гапиргани қулоғимга чалиниб, бошимни кўтардим. Қоп-қора парда ортидан ҳеч кимни кўриб бўлмасди.

Бир маҳал қайнонам Зарифа холанинг аллакимга гапираётганини эшитиб қолдим.

— Куёв жуда ёввойи, ландовурроқмикан-ей! — дерди зардали оҳангда. — Ташқаригаям чиқмайди. Уззукун уйга қамалиб ётгани-ётган. Овқатиниям қизим шўрлик олдига опкириб бераяпти-да, Унсиной!..

— Вой, шунақасиям бўларканми? Эс-ҳуши жойидамикан, ишқилиб?

— Қайдам. Қизимнинг пешонаси қурсин! Келиб-келиб етимча, одамови, қайсар эрга дуч келадими. Минг марта айтдим, шошмайлик, уёқ-буёқдан суриштириб кўрайлик деб. Қулоқ солмади. Ўлсам ўламанки, шунга тегаман, деб туриб олди.

— Тақдир-да, эгачи, — деди суҳбатдоши. — Қўяверинг, яхши бўп кетар.

— Яхши бўлмай ҳам қуриб кетсин! Майли, уйимда эркак йўқ. Ўғлим Норматвой ҳали ёш, куёв бўлсаям ўғиллик қилса, оғиримни енгил қилар деб ўйлагандим. Мен аҳмоқ ўлар ҳолатда ётса, жоним чиққудай бўлиб зир югурибман, йиғлабман, қизимни уришибман. Адашибман, ўргилай, адашибман. Битта нонхўр келиб қўшилишини билмаган эканман.

Индамадим. Бошимни деворга тираганча ўтириб қолдим.

Тағин бувижонимнинг ширин сўзларини қўмсадим. Хафа бўлганимда тиззасига бош қўйиб овунган чоғларимни соғина бошладим.

«Бувижон», дея ҳайқирарди қалбим йиғлаб. «Шундоқ қўшни қишлоқда яшаяпман. Сизгача бир ҳатлаб етгулик йўлдаман. Афсуски, юрак ютиб ёнингизга бора олмаяпман. Тоғамнинг ғазабли нигоҳларидан чўчимасам-да, кексайган пайтингизда сизларнинг тинчингизни бузгим келмайди. Биламан, агар борсам, тоғам албатта, яна жанжал кўтаради. Мен ҳам бўш келмайман. Хўш, унда нима бўлади? Катта муштлашув бўлади. Сизлар ўртага тушасиз. Кейин-чи? Маст ҳолда бобом иккингизга қўл кўтарса қўйса, чидай олмайман. У ярамасни ўлдириб қўйишдан қўрқаман. Унда сиз ҳам, бобом ҳам тамом бўласиз. Йўқ, бормайман, бувижон, бора олмайман! Эшитаяпсизми, таъналар, қарғишлар гирдобидан қутула олмаётган бўлсам, ўзим айбдорман. Тақдирни айблашга ҳаққим йўқ.

Ичкуёвликнинг илк кунлариданоқ мен татиб кўрмаган аламлар қолмади. Фақат Шарифа қолди ночорлигимни юзимга солмаган. Агар ундан ҳам шу сўзларни эшитадиган бўлсам чидай олмасам керак. Катта, серқатнов кўчаларни макон тутсам керак, бувижон! Вокзаллардаги уйсиз, қариндош-уруғсиз пиёниста дайдиларга ҳамроҳ бўлсам керак…

Беихтиёр кўзларим намланди. Ўпкам тўлиб, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Нафас олишим қийинлашиб, ҳансирай бошладим. Телбаларча ўрнимдан сакраб турдим-да, кийим-кечакларимни йиғиб елим халтага жойлай бошладим. Бу ишим худди эри уйдан ҳайдаб солган хотиннинг ҳаракатларига ўхшарди.

«Йўқ», дедим яна ўзимга ўзим елим халтани бир четга ирғитарканман. «Бу ишим аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Яхшиси, бўш қўл билан чиқиб кетаман. Қачон уй топганимда бу хонадонга қайтаман. Шунда ҳам хотинимни олиб кетиш учун. Унгача юравераман. Балки ўзимга муносиб иш топилиб қолар. Ахир, дунё кенг-ку! Наҳотки, бизга аталган кулба қаердадир бўлмаса? Бор ўша кулба. Фақат излашим, жонимни жабборга бериб қидиришим керак.

Бир маҳал ичкарига Шарифа қовоғини уйганча кирди-да, уф тортиб рўпарамга ўтирди.

Бир менга, бир бурчакда думалаб ётган халтачага боқди.

— Анави халтачадагилар нима? — сўради сўнг лаб буриб. — Тинчликми ўзи?

— Уми? Сизга омонат қолдириб кетаяпман.

— Омонат?! Қ-қанақа омонат?

— Мен кетаяпман, Шарифа. Буткул кетаяпман.

— Қаерга?! Момонгизникигами? Нимага кетасиз?..

— Худди ҳеч нарсадан бехабар одамдек сўрайсиз-а?! — дедим асабим қўзиб. — Эшитдим энангизнинг гапларини. Дарди ичида экан. Айтиб-айтиб олди. Шунча гап-сўзлардан кейин бу уйда қололмайман…

Шарифа бир муддат нимадир демоқчидек тараддудланди. Қошларини чимириб, деразадан ташқарига бир-икки марта қараб олди.

Сўнгра ёнимга қайтиб, кўзларимга боқди.

— Энамни ёмонламанг! — деди у лаблари титраб. — Сизга нима ёмонлик қилди? Нима, гапира олмайдими? Ким бўлибсизки, ҳаммамиз қаршингизда тилимизни тишласак-а?

— Нима?! — бу гапдан жоним чиқиб кетаёзди. Ўзим сезмаган ҳолда муштларим тугилиб, хотинимга хезландим. — Ҳали сенинг бунақа гапларинг ҳам борми?!

— Сенламанг мени! — овозини бир парда кўтарди Шарифа. — Агар бўлимли, киришимли бўлганингизда, шу гапларни эшитмасдингиз. Сизнинг ўрнингизда бошқаси бўлса-чи, манавинақанги уй ичига қамалиб ётавермасдан, келган куниёқ уйимдаги юмушларни бажарган бўларди. Сиз-чи? Ястаниб ётавердингиз. Уялмадингиз ҳам. Тўғри-да, энам қачонгача чидасин? Пенсионер бўлса, ўзини ўзи зўрға боқиб ўтирган бўлса. Сизниям қўшиб боқолмайди-ку!

— Валдирайверма! Сенга уйланганим учун дўппингни осмонга отмайсанми? Ё эслатиб қўяйми ўтмишингни?

— Ҳали шунақами?! — асабий шивирлади Шарифа. — Ўша кунни тағин юзимга солаяпсанми? Бопладим, нима дейсан? Боплаб юрволдим сенга теккунча! Бўлдими? Кўнглинг тўлдими энди?

Шарифа бир муддат гезариб турди-да, ув тортиб йиғлай бошлади. Ва йиғи аралаш саннашда давом этди.

— Шунинг учун ўгай отангиз сиғдирмаган-да! Ўша ердаям битта чўпни у ердан бу ерга олай демадингиз. Қўлингизни совуқ сувга ургингиз келмади. Ҳеч қурса менинг ҳурматим учун уй юмушларига ёрдам берсангиз бўларди-ку! Менгаям осонми?! Буёқда сиз, уёқда энам, акам, яқинларим… Қай бирларингнинг қош-қовоғингизга қараб мўлтирай?!..

Ҳа, хотинимнинг сўнгги сўзларидан сўнг тушуна бошлагандим. Ношудлигимни, одамовилигимни янада чуқурроқ англаб борардим…

Шарифа тўғри айтаяпти. Ҳозирги замонда ширин сўз, хушчақчақ, киришимли, шинаванда, меҳнаткаш бўлмасанг, туққанинггаям ёқмайсан. Бир кун келиб туққанинг ҳам портлайди. Қара, шу аёлнинг ақли етган нарсаларга менинг ақлим етмабди-я! Нега қайнонамнинг ўтидан кириб, сувидан чиқмадим? Қандайдир қизиқ-қизиқ гапларни ўйлаб топиб, кўнглини олмадим? Қайнонам индамаса ҳам ўзим эркак қиладиган ишларни бажариб қойиллатмадим? Нима халал берди менга? Шу хонадондагиларнинг қаршисига чиқсам, улар мени еб қўйишмасди-ку!..

Қанчалар нотавон банда эканман-а! Хўш, энди-чи? Нима қилай? Қандай йўл тутай? Барибир кеч. Хатоимни тўғрилашга кеч қолдим.

— Мени кечир, — дедим эҳтиёткорлик билан Шарифанинг билагидан тутиб. — Бу тарафларини ўйламаган эканман. Майли, яхшиси, кета қолай. Қачон уй топсам, ўшанда қайтаман олдингга. Сенлаганим учун яна кечиргин! Ҳар ҳолда хотинимсан-ку! Яқин олганимдан, сени яхши кўрганимдан сенлаяпман…

— Уй топмасангиз келмайсизми?

— Йўқ, келмайман.

— Мендан осонгина воз кечиб кетаверасизми?

— Мени қийнама. Сендан воз кечиб кетиш осон эканми?! Дунёни ағдар-тўнтар қилсам қиламанки, аммо иккаламиз учун уй топаман. Мана кўрасан, ҳали ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўяман ҳаммага.

— Сизга ишонмайман. Ҳозир кетсангиз, қайтмайсиз.

Мен жавоб бериш ўрнига кийимлар жойланган елим халтани қўлимга олдим-да, эшикни очиб ҳовлига чиқдим.

Ташқарида ҳеч ким кўринмасди. Илдам қадамлар билан дарвозахонага етдим…

Шунда Шарифанинг ичкари хонадан туриб бор овозда қичқирганини эшитдим.

— Йўқолиб кет, мараз! Кетсанг ундан нарига ўтиб кет! Кечдим сендай лапашангдан, кечдим! Қайтиб қорангни кўрмай!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...