Трамп Оқ уй қаршисида содир бўлган норозилик намойиши вақтида ерости бункерига беркингани маълум бўлди

0

АҚШ президенти Дональд Трамп 30 май куни кечаси Оқ уй қаршисида содир бўлган норозилик намойиши вақтида Вашингтон марказидаги ерости бункерига яширингани маълум бўлди. Бу ҳақда «The New York Times» хабарига асосланиб «daryo.uz» ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, Трамп бункерда бир соатга яқин бўлган. Бундан ташқари, бункерга Трамп билан бирга унинг турмуш ўртоғи Мелания ва ўғли Беррон ҳам тушган. Таъкидланишича, Трамп Оқ уй қаршисидаги норозилик намойишлари сабаб ғафлатда қолган. Юзлаб намойишчилар бино томон ҳаракатланган, АҚШ Махфий хизмати ва полиция ходимлари уларни тўхтатишга уринган. Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларига ғишт ва шиша идишлар отгани сабаб уларга қарши кўзни ёшлантирувчи аэрозолдан фойдаланишга тўғри келган.

Махфий хизмат ходимларида Оқ уй биноси хавф остида бўлганда президентни ҳимоя қилиш бўйича протоколлар мавжуд. Бироқ Оқ уй Трамп чиндан ҳам бункерга тушган ёки тушмаганини тасдиқлашдан бош тортган.

NYT’нинг таъкидлашича, 2001 йил 11 сентябрда содир бўлган террорчилик ҳужуми вақтида АҚШнинг 43-президенти Жорж Буш ва ўша вақтдаги вице-президент Дик Чейни ерости бункерида бир қанча муддат яширинган. Шундан сўнг, бункер деярли ишлатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга олиб келаётган норозилик намойиши 25 май куни Миннеаполисда полиция томонидан қўлга олинган 46 ёшли афро-америкалик Жорж Флойд вафот этганидан сўнг бошланди. Мамлакатнинг 25 та шаҳрида оммавий норозиликлар сабаб комендантлик соати эълон қилинган.

loading...