ФРАНЦИЯЛИК ФЕРМЕР ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАР БИЛАН УЧРАШДИ…

1

 

Францияда яшовчи фермер Морис Масс кунларнинг бирида эрта тонгда сигарет тутатганча ўзи яшайдиган Валансоль қишлоғидаги бепоён дала бошида турарди. Ўшанда соат эрталабки 05:45 эди. Кун эса… Аниқ эслайди. 1965 йил 1 июл эди. Мана-мана сигаретини чекиб бўлса, астойдил иш бошлаши лозим эди. Бир маҳал қандайдир товоқсимон, ёки дисксимон бир объект осмон-у фалакдан тушиб келди-да, фермердан тахминан 60-70 метрлар нарига қўнди. Азбаройи жаҳл отига минган фермер даласига қўнгани учун вертолёт учувчисини ғажиб ташлашга тайёр эди. Ҳа, олдинига фермер бу объектни вертолёт деб ўйлаганди. Яқинроқ борса, вертолёт эмас. Айлана атрофидан нур таратаётган дисксимон ёки товоқсимон фазо кемаси экан. Ўшанда фермер бу кема ўзга сайёраликларга тегишли эканини дарров фаҳмлади.

Орадан кўп ўтмай, бўйи чамаси 1 метрдан келадиган икки одамсимон шакл эгалари пастга тушди. Улар эгнига жуда ҳам тор кулранг-яшил тусли кийим ҳам кийиб олишибди. Боши эса катта. Ияклари қирралими-ей. Кўзлари ғилай. Улар ўзидан худди шернинг ириллашига ўхшаш  товуш чиқарарди.

Шу тобда ўзга сайёраликлардан бири фермер тарафга қаламсифат бир нарсани тўғрилади. Шу заҳоти фермер гўё шолга айланди. На жуссаси, на тили қимирлади. Худди тирик зомбига айланди қолди. Ўзга сайёраликлар эса қайтадан ўзларининг фазо кемасига ўтиришди-ю, учиб кетишди.

Орадан 20 дақиқача вақт ўтиб фермер ниҳоят ўзига келди. Гавдаси ҳам одатдагидек қимирлай бошлади. У югурганча кема келиб қўнган жойга борди. Объект ўзидан кейин чуқурлик ва намланган тупроқни қолдирибди. Бу тупроқ салдан кейин бетон каби қаттиқ тошга айланди. Ўша атрофдаги ўсимликлар, дарахтлар тез кунда чириб битди. Мутахассислар ўша объект қўнган жойдан тупроқ олиб таҳлил қилишганда, ўзга сайёраликлар кемаси ўзидан сўнг жуда юқори даражада кальций қолдириб кетгани маълум бўлди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Бу агар хакикатан хаи 1965 йилда булган вокеа булса яна 45 йилдан кейин ёзсангизлар аник янги сведый янгилик буларди. Франциялик Жуманазар ака.

Comments are closed.