СУСАННА… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Анчадан бери кўчага чиқмаганим шу лаҳзаларда аён бўлди. Осмонни тўлдириб ёғду сочаётган юлдузлар кўзни қамаштирар, туннинг муздек шабадаси юзимни сийпалаши, аллақаерлардан элас-элас қулоққа чалинаётган қурбақаларнинг қуриллаши баҳор яқинлашиб қолганидан дарак берарди.

— Мана, энди ҳақиқий дайдига айландим, — дедим овоз чиқариб. Ёнимда бир мири йўқ, бунинг устига қорним ҳам оч. Тунашга жойим йўқ. Бироқ ўтган галги хатомни такрорлаш ниятим йўқ. Тўғри-да, ўлиб кетсам ким ҳам куярди?! Ҳеч ким. Ҳатто Шарифа ҳам парвойига келтирмаса керак. Ким билсин боя аламига чидай олмай жаврадими балки. Ҳозир балки ортимдан одам жўнатар, қайтинг, дея оёғимга ётиб ялинар…

Йўқ, нима бўлганда ҳам энди у уйга қайтмайман. Ичкуёв бўлиб, заҳар-заққум ютгандан кўра тиламчилик қилиб кўча-кўйда ўтирганим маъқулроқ. Шунда бировдан дакки эшитмайман. Хоҳласа, беш-тўрт сўм садақа қилади, хоҳламаса, терс ўгирилади-ю жўнаб кетаверади…

Шундай хаёллар билан ярим соат деганда туман марказига етиб олдим. Кўчада ҳеч зоғ учмасди. Қатор-қатор дўконларнинг қоровуллари ҳам уйчаларига қамалиб олишибди. Аҳён-аҳёнда ўткинчи машиналарнинг узуқ-юлуқ сигналларигина атрофдаги сукунатни бузарди, холос.

Қарорим қатъий. Катта шаҳарга бораман. Машина тўхтатганим билан пулим бўлмагандан кейин нима фойда. Яхшиси, пиёда етиб оламан. Барибир, тонггача ҳали анча бор. Аста-аста юриб кетаверсам, бораман-да ўша шаҳарга! Қочиб кетмаган-ку!

Шу кўйи икки соатча йўл босдим. Болалигимдан очликка бардош қила олмаслигим яна панд бера бошлади. Ошқозоним тортишиб оғрий бошлади. Оёқларим ҳолсизланиб, тиззаларим букилиб-букилиб кетаётганди.

Қанийди, йўлдан қотган нон бўлсаям топиб олсам, дедим юрагим орзиқиб. Ҳарқалай очликни енгардим. Буёғи ҳеч қанча йўл қолмади. Агар шу аҳволда кетаверсам, йиқилиб қоламан. Ўтган-кетганнинг олдида шарманда бўламан…

Худо асради мени! Йўлда кетаётиб сувсиз ариқча ичида икки-учта қоғоз пул ётганини кўриб қолдим. Пуллар кўзимга худди ёруғ юлдуз каби шу қадар чиройли кўриниб кетдики, югурганча бориб териб олдим.

Ҳа, бу пулларга тандирда ёпилган иккита нон беради. Худога беадад шукр! Раҳмимни еди! Очликдан силлам қуришини хоҳламади. Энди нонвойхона топишим керак. Яқин орада учрай қолсайди. Акс ҳолда катта шаҳаргача ета олмайман…

Йўқ, ҳолдан тоймадим. Гарчи нонвойхона топа олмаган бўлсам-да, дадил юриб боравердим. Чўнтагимдаги пул менга куч бағишлаётганди гўё.

Шаҳарга яқинлашдим. Кўп қаватли уйлар, ранг-баранг бўёқлардаги дўконлар…

Катта кўчада ҳам машиналар гавжумлашиб қолди. Тезроқ бозорни топганимда, дарров нон сотиб олардим. У ёғига Худо пошшо! Қорнимни тўйдирганимдан кейин бамайлахотир иш қидираверсам бўлади.

Шу пайт каттакон, ҳашаматли дўконлардан бирининг ёнида турган қора кепка, худди шундай рангли куртка кийган йигитга кўзим тушиб таққа тўхтадим. Негадир у жуда таниш кўринди. Қаерда кўрганман? Пойтахтдалигимдами? Йўқ, бўлиши мумкинмас. Ҳайратим ошиб яқинроқ бордим.

Ие, ахир бу Хонбувадаги қўшнимизнинг ўғли Ҳайдар ўғри-ку! Ўсмирлигида отаси билан жанжаллашиб қолиб, уйдан чиқиб кетган-у, қайтмаган. Айтишларича, у катта ўғри бўлиб кетган экан. Эслайман, болалигимда қишлоққа бир-икки марта барваста, билакларига игна билан ёзувлар туширилган ўртоқларини етаклаб келганди. Ўшанда ҳаммамиз уларнинг ортидан қолмагандик. Ўртоқларидан бири гитара чалиб қўшиқ ҳам куйлаб берганди.

Ҳайдар ўғри то ёнига боргунимча индамай катта йўлга қараганча тураверди…

— Танимади, — ўйладим ўзимча. — Нима қилсам экан? Отини атаб қўл чўзсам ҳам танимаса-чи? Шарманда бўлмасмиканман? Эҳ, шу иккиланишларим қолмади қолмади-да! Ҳеч бир ишга таваккал қўл ура олмайман. Шу туфайли манавинақанги аҳволга тушиб юрибман.

— Ҳайдар ака, — дедим бир-икки йўталиб олгач. — Ассалому алайкум!..

Ҳайдар ўғри менга хавотирли нигоҳ ташлаб олди-да, бирдан жўшиб кетди.

— Қодирмисан? Асқар тракторчининг жияни! Топдимми?

— Топдингиз, — дедим қувончимни яшира олмай. — Худди ўшаман, ака!

— Оббо сен-ей! — елкамга қоқиб нари бошлади Ҳайдар ўғри. — Шу маҳалда шаҳарда нима қилиб юрибсан, хумпар? Уйлангансан деб эшитгандим. Келин болани ёлғиз ташлаб келдингми? Нима бўлди ўзи? Тинчликми, ука?

Ҳайдар ўғрининг масхарали кулиши ғашимни келтирса-да, тишимни тишимга қўйишга мажбур эдим.

Лаб тишлаб жавоб беришга чоғландим.

— Тинчлик эмас-да! — дедим зўрға. — Иш қидириб юрибман. Иложи бўлса, ётоғи бор иш топсам дейман…

— Шунақами?.. Менга қара, бир гап эшитиб қолдим. Шу ростми?

— Қанақа гап?

— Нима десам экан? Хафа бўлмагин-у, тешик қулоқ эшитаркан-да!

— Сўрайверинг, — дедим қовоғимни уйиб. — Хафа бўлишдан кейин туғилганман, ака!

— Келин бола қиз чиқмаганмишми?! Ё адашдимми?

Ялт этиб Ҳайдар ўғрига боқдим.

— Сизга ким айтди?

— Айтишди-да қишлоқдан келганлар! Лекин шу рост бўлса, ғирт аблаҳ экан ўша қиз. Сендай йигитни алдаган бўлса…

— Бўлмаган гап, — дедим сир бой бермай. — Ўша айтганлар сизга ёлғон гапиришибди. Мен аҳмоқ эмасман-ку унақасига уйланиб! Ҳаммаси жойида бўлган.

— Шунақами? — ишонқирамай совуқ тиржайди Ҳайдар ўғри. — Ундай бўлса яхши бўпти. Майли, хижолат бўлма! Ундан кўра, ўзингдан гапир! Қишлоқда нима гаплар?

Мен сал ўзимни босиб олгач, бўлиб ўтган ишларни бирма-бир гапириб бердим…

Ҳайдар ўғри мунгли ҳикоямни тоқат билан жим туриб тинглади. Сўзимни тугатганимдан кейин ҳам анчагача муштларини туга-туга бир неча марта уф тортиб олди…

— Сенга қандай ёрдам берсам экан? — бош қашиб олиб тилга кирди сўнг. — Мардикорчиликка ярамайсан. Бу аниқ. Бир ҳафта ишласанг, чўзилиб қоласан. Бунинг устига мардикорларга доимий жой ҳам беришмайди. Кунлик ишларда ишлаганингдаям сарсон бўлиб қолишинг ҳеч гапмас. Менинг ишимни умуман эплай олмайсан. Сени бу йўлга умуман яқинлаштира олмайман.

— Нега? — сўрадим тушунмай. — Наҳотки қийин бўлса?

— Буни шаҳар деб қўйибди, ука, — деди Ҳайдар ўғри. — Шундай одамлар борки, минг азобда топиб келган пулингни кўз очиб юмишга улгурмасингдан «шумо» қип қўйишади.

— Унда заводгами, фабрикагами ишга кирсам-чи?

— «Праписканг» қишлоқда-ку! Бусиз уёқларга яқинлаша олмайсан.

— Демак, сира иложи йўқ экан-да! — Бошимни эгиб аста ортга тисландим.

— Битта зўр иш бор, — кутилмаганда жонланиб елкамдан тутди ҳамқишлоғим. — Агар рози бўлсанг, ётоғингам бўлади, чўнтагингдан пул ҳам узилмайди.

— Бўлди, розиман! Кўчада қолмасам бўлди.

— Кейин пушаймон бўлмайсанми? Мендан хафа бўлмайсанми?

— Йўқ. Иш, яшашга жой бўлса бас. Қандай иш ўзи, ака?

— Ҳм-м… Нима десам экан? Мени қийнаб қўядиган бўлдинг-ку сен бола!

— Сизни уялтириб қўймайман, Ҳайдар ака! — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Иш топиб берсангиз бўлди. Уддалайман.

— Яхши, ўша ишни сенга топшираман, — деди Ҳайдар ўғри бош қашиб. — Агар уддаласанг, ошиғим олчи деявер!

— Бўпти, нима иш ўзи?

— Шаҳарда катта автовокзал бор. Ўша автовокзалнинг бурчагида ўтириб тиланчилик қиласан.

— Нима?! Тиланчилик?! Йўғ-э!

— Нима, ор қиласанми? Сенга ўхшаб тиланчилик қиладиганлар шаҳарда тиқилиб ётибди. Бу иш қанақа сердаромадлигини биласанми?

— Тўғри-ку-я, — дедим тутилиб. — Лекин қандай бўларкан?..

— Ўзинг биласан. Яхшилаб ўйлаб кўр. Сенга бундан ортиқ ёрдам бера олмайман.

Бирпас сукутга толдим. Ўзимча олдимга рўмол ёки дўппи қўйиб ўтиришни, ўтган-кетгандан садақа сўрашни тасаввур қилиб кўрдим…

Тўхта, кечагина тиланчилик ҳақида ўйлагандим. Тиланчи бўлишга-да рози эдим. Ҳозир нега ўйга толдим? Наҳотки, Ҳайдар ўғрининг сўзлари ҳақиқат бўлса? Ростдан ҳам ор қилаяпманми? Кимман ўзим? Шунчалик ғурурим баландми? Ё аслзодаларданманми? Ҳозирги туришимда бир пуллик қиммати йўқ бир бечораман-ку! Яхшики, шу ўғрини учратдим. Бўлмаса нима қилардим? Қай деворга бош урардим. Қора терга тушиб бетон қуярмидим, ёки ғишт таширмидим? Шуни ҳам топа олмаганимда-чи? Кечқурунлари вокзаллардаги ўриндиқларда ўтириб чиқишлар-чи? Бундай азобларга чидай олармидим? Албатта йўқ.

Нима бўлса тақдиримдагини кўрганим бўлсин. Мен Нурмат қораникидаги хўрликларни, йигитлик номусим топталганини, ичкуёвлик мушкулотларини унутмаслигим керак. Бунга ҳаққим йўқ. Хўш, тиланчи бўлсам нима ўзгаради? Ҳеч нарса. Шаҳарда биров мени таниб ўтирибдими. Ер чизганча ўзим билган дуоларни ўқиб тиланавераман. Ҳар ҳолда ҳамқишлоғим менга ёмонликни раво кўрмас…

— Розиман, — дедим Ҳайдар ўғрига. — Тиланчилик бўлса бўлибди-да, ака! Пул тушиб турса бўлди.

— Мана бу бошқа гап, ўғил бола! — деди Ҳайдар ўғри чеҳраси очилиб. — Унда сенминан соат роппа-роса кундузги ўн бирларда автовокзалда учрашамиз.

— Хўп бўлади.

— Ҳозирча шаҳар айлан, томоша қил! Айтганча, бир гапни айтиб қўяй. Ҳеч қачон аёл кишига сиғинма! Улар дўст бўлишмайди.

Шундай деди-да, Ҳайдар ўғри соатига бир қараб олиб, тор кўчалардан бири томон кета бошлади.

Мен бўлсам уни тўхтатгим келди. Пича пул сўрамоқчи бўлдим. Афсуски, ҳаддим сиғмади.

Бошимни эгганча таваккал шаҳар ичкарисига йўл олдим.

 

* * *

 

Орадан ярим соатча вақт ўтгач, бирдан ҳаво айниб, ёмғир қуя бошлади. Автовокзалга деярли етай деб қолгандим. Серсавлат чинорларни оралаб юришга мажбур бўлдим.

Очиғи, туни билан йўл юриб, роса ҳолдан тойгандим. Чарчоқ ўз кучини кўрсатиб, кўзларим юмилиб борар, силлам қуриб, тиззаларим букилиб-букилиб кетарди.

Бир амаллаб автовокзалга етиб олдим-у, бўш ўриндиқлардан бирига чўкиб, кўзларимни юмдим.

Қалбим бўм-бўш эди. Ҳеч нарсани идрок этмасдим.

Қорним очлигидан аъзойи баданим қалтирарди.

Шу тобда арава тўла нон олиб ўтиб кетаётган болакайга кўзим тушиб, беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим.

— Ҳой, бола, тўхта! — бақириб юбордим тўсатдан. — Кетиб қолма!

Шоша-пиша чўнтагимни ковлаб, қоғоз пулларни чиқардим-да, менга ҳайрон бўлиб қараб қолган болага узатдим.

— Бу пулингизга иккита нон келади, — деди бола совуққонлик билан. — Танлаб олаверинг, ака!

— Яшавор, ука! — дедим хурсанд бўлиб, бўрсилдоқ нонларнинг иккитасини қўйнимга урарканман. — Яхшиям, кеп қолдинг! Сен келмасанг, ҳолим хароб бўларди…

Нон сотувчи бола гапларимга тушунмади, шекилли, бир менга, бир йўлнинг нариги четидаги дўконларга боқди-да, елкасини қисганча йўлига равона бўлди.

Дунёда нондан тўйимли озуқа бўлмаса керак. Оби ноннинг биттасини тамшана-тамшана еб битиргач, дарров кўзларим очилиб, ёруғ дунёга бошқача нигоҳ билан қарай бошладим.

Автовокзалнинг бир бурчагида қўлида исириқ тутатилган идиш билан у ёқдан бу ёққа бориб келаётган ўрта яшар эркакка кўзим тушди. Азбаройи очлигимдан боя кўрмаган эканман. Ҳайратланиб унга яқин бордим. Зимдан ҳаракатларини кузатдим. Ҳар қалай, яқин орада ўзим ҳам шу эркак каби бировларга мўлтираб боққанча, пул ишлаб топиш пайида бўламан. Фақат менинг қўлимда исириқ тутатилган идиш бўлмайди…

Эркак автовокзалга кириб чиқаётганларнинг ҳеч бирини кўздан қочирмас, тап тортмай уларга яқинлашиб, барчаларига тутун пуфлаб дуо ўқирди.

— Исириқ минг дардга даво! Исириқ-исириқ, Усмон исириқ! Худо умрингизни зиёда қилсин, азизлар! Бало-қазолардан чивиндек жонингизни асрасин!..

Тикилиб қолганимни кўриб, исириқчи ўзини сал четга олган бўлди.

— Сизгаям исириқ тутатиб қўяйми? — сўради сўнг мулойимлик билан. — Кўринишингиздан мазангиз йўққа ўхшайди.

— Менинг пулим йўқ-да!.. Мен…

Ҳали сўзимни тугатиб улгурмай, исириқчи шоша-пиша қўлидаги пулларни чўнтакка урди-да, кетишга чоғланди.

— Майли, биродар, яхши қолинг! «Катта» келаяпти!..

Ҳайрон бўлиб, ортимга ўгирилдим. Йигирма-ўттиз қадамча нарида Ҳайдар ўғри биз томон юриб келарди.

«Наҳотки шу ҳам Ҳайдар ўғрининг одами бўлса? — ўйладим сал қурса чопқиллаб қоча бошлаган исириқчининг орқасидан боқиб. — Унда нега қочаяпти? Ҳайдар ўғри шунчалик қўрқинчлимикин?»

Бу орада ҳамқишлоғим ёнимга келди-да, елкамга қоқди.

— Хўш, яхшимисан энди? — сўради у тобора узоқлашиб бораётган исириқчига зимдан назар солиб. — Кутдириб қўйдим-а сени?

— Йў-ўқ, ака, кўп кутмадим, — жавоб қилдим сал тутилиб. — Шу атрофда айланиб…

— Хўп, юр, бизникига борамиз! — деди Ҳайдар ўғри бирдан қовоқ уйиб. — Ё ҳозироқ иш бошлайверасанми?

— Шундай қилсам, яхши бўларди. Ҳар ҳолда…

— Яхши, унда кетимдан юр-чи!

Ҳамқишлоғим мени автовокзалнинг орқа тарафига олиб ўтди. Бу ердан ўткинчиларнинг кети узилмасди. Ҳамма қаёққадир шошилар, шошилмаганлари писта чаққанча хотиржам кетиб борарди.

— Мана шу бурчак сенинг точканг бўлади, — уқтирди Ҳайдар ўғри. — Сен қўрқма, биров мушугингни пишт деёлмайди. Башарти, биров-ярим келиб пўписа қилса, мени айтавер!

— Хўп, ака, — дедим бўшашиб. — Кейин-чи?

— Тўғри асфальтнинг устига ўтиравер! Ундан кейин-чи… — Ҳайдар ўғри сумкачасини очиб, қоп-қора кўзойнак чиқарди-да, менга узатди. — Манавини тақиб ол! Ўзингни сўқир қиёфасига соласан-да, билган дуоларингни ўқиб тиланаверасан! Зинҳор кўзинг очиқлигини сездирма!

— Нима бўлади? — сўрадим соддаларча. — Калтак ейишим мумкинми?

— Қанақа калтак? — совуқ жилмайди ҳамқишлоғим. — Пул яхши тушмай қўяди. Даромад яхши бўлиши учун-чи, ука, одамларнинг раҳмини келтира олишинг керак. Энди тушундингми?

— Тушундим, — дедим қатъий оҳангда. — Бошлайверайми?

Ҳайдар ўғри яна сумкачасини очиб, эски бир чит рўмолни қўлимга берди.

— Бу рўмолни олдингга ёйволасан. Мен шом маҳали келаман. Фақат ишончимни оқлагин! Акс ҳолда, хафа бўламан.

— Менга ишонаверинг, ака. Ҳаммасини сиз айтгандек бажараман.

— Бўпти, омадингни берсин! Айтганча, бояги исириқчини ёнингга яқинлаштирма! Униям ўз точкаси бор.

Ҳайдар ўғри мендан узоқлашиши билан кўрсатилган ерга чўкдим-да, эски рўмолни олдимга ёйиб, қора кўзойнакни тақдим.

Тиланишнинг йўл-йўриқлари ҳақида йўл-йўлакай ўйлаб олгандим. Аллақачон ёдлаб олган тўрт қатор шеърни ҳазин товушда айта бошладим:

Биродарлар, ёруғ дунё жамолин кўрмоққа зордирман,

Ёмонлар оёқ остинда кузги бир хас каби хордирман.

Мурувватни дариғ тутманг, Яратган сизни ҳам сийлайдур,

Нетай, зулматидан куйдим, ўшал зулматга мен ёрдирман…

Сездим. Олдинига ўткинчилар ҳайрон бўлишди. Кимдир елка қисиб олди, яна кимдир бош чайқаганча йўлида давом этди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўткинчилар қаршимда энгашиб, эски рўмол устига қоғоз пулларни ташлай бошлашди. Ҳатто улардан баъзилари: «Ўкинма, укам, худо сенга сабр берсин!» дея юпатиб ҳам кетди.

Орадан икки соатча вақт ўтгач, рўмол пулга тўлди. Одам кўринмай қолган маҳални пойладим-да, жон ҳолатда пулларни чўнтакка уриб, яна шеър ўқишда давом этдим.

 

* * *

 

Тушга яқин тепамда озғиндан келган, тахминан мендан икки-уч ёш кичик, елкасини қисиброқ турадиган бир йигит пайдо бўлди. У аввал рўмол устида йиғилиб қолган пулларни тахлаб, қўлимга тутқазди-да, чор-атрофни обдан кузатиб олгач, қулоғимга шивирлади:

— Мени Ҳайдар акам жўнатди. Агар «ташқари»га чиқиб келмоқчи бўлсангиз, мен ёрдамлашарканман. Фақат одамларга кўр эмаслигингизни сездириб қўйманг! Пайпасланиб-пайпасланиб, аста елкамдан тутинг-да, менга эргашинг!

— Шунақами? — дедим мамнун бўлиб. — Ўзим ҳам қандай йўл тутишни билмай тургандим. Бунинг устига, қорним очди.

— Хавотир олманг, мен иккита перашка опкелганман. Кейин еб оласиз…

Мен эҳтиёт шарт ўткинчиларга разм солиб олгач, йигит айтганидек, сўқирларча пайдар-пай ҳаракатлар билан унинг билагидан тутиб, ўрнимдан турдим.

Одам бошига не кун тушса, барчасига осонгина кўникаркан. Мен ҳам бир куннинг ўзида тиланчиликни касб қилиб олгандек эдим. Эрталабки тортиниш, безовталиклардан асар ҳам қолмаганди. Ўзимни жуда эркин тутар, баъзан мижозларнинг раҳмини қўзғатиш учун ёлғондакам йиғлаб ҳам олардим…

Шомга яқин Ҳайдар ўғрининг ўзи олдимга келди. Қўлида қандайдир тугун, аммо негадир безовта эди. Қўлидаги сигаретни чўзиб-чўзиб тортганча қаршимга энгашиб, икки елкамдан тутди.

— Маладес! — деди у елим халтачадаги пулларни қўлига оларкан. — Вей, артистлар ҳам сенчалик роль ўйнай олмайди. Ҳали бунақасини кўрмагандим.

— Нима қилай? — бош эгдим беихтиёр юрагим сиқилиб. — Шу кунлар пешонамга ёзилган экан-да, ака. Яхшиямки, сизни учратиб қолдим. Бўлмаса, ҳозирги ўтиришлар қаёқда эди? Раҳмат сизга!

— Бўлди, раҳматни кейин айтасан. Ҳозир ўрнингдан тур-да, мен билан юр! Бизникига борамиз!

— Сизнинг уйингизгами? — сўрадим ишонқирамай. — Қандай бўларкин?

— Қанддай бўлади, ука, қанддай! — елкамга қоқди Ҳайдар ўғри. — Сен шунча пул топасан-у, кўчада қолдирсам, ноқулай. Юрақол!

— Айтганча… — иккиланиб ҳамқишлоғимнинг кўзларига умидвор термилдим. — Кўзойнакни…

— Э, еч бу матоҳни! Қара, атрофда ит ҳам қолмабди. Тез бўл!

Мен шоша-пиша кўзойнакни ечиб, кийимлар жойланган халтачага солдим-да, Ҳайдар ўғрига эргашдим.

Ҳамқишлоғим автовокзалдан чамаси уч юз-тўрт юз метрча нарида яшар экан.

Кўп қаватли уйнинг энг юқори қаватига лифтда кўтариларканман, Ҳайдар ўғрига зимдан кўз ташладим. Шу лаҳзаларда унга жуда-жуда ҳавасим келди. «Қара, — дедим ичимда ўз-ўзимга. — Мана шу ўғри мендан нари борса, етти-саккиз ёш катта. Буниям уйидагилари сиғдирмаган. Мана, йўлиниям, уйиниям топибди. Ихтиёрида менга ўхшаганларнинг ўн-ўн бештаси бўлса керак. Ҳаммамиз қўлига кечгача ишлаб топган пулларимизни тутқазамиз. Қандай бахтли одам-а! Куни билан нима қилса қилиб юради-да, кечқурун чўнтагини қаппайтирганча қадрдон уйига кириб келади. Ҳеч нарсанинг ташвишини чекмайди. Мен-чи? Қачон Ҳайдар ўғри даражасига етаман? Қачон шунақанги ажойиб уйларни сотиб олиб, хотиржам яшайман? Менга бошқалар қачон ҳавас билан боқадиган бўлади?»

— Сен шу ерда тура тур! — Ҳайдар ўғри лифтдан чиқиб, яшил рангга бўялган темир эшик қаршисида тўхтади-да, аста шивирлади. — Кеннойинг уйда. Ичкарига кириб, уни огоҳлантирай. Кейин ўзим сени чақираман.

Ҳали хаёлларимни бир жойга жамлаб улгурмай, ичкаридаги бақир-чақир қулоғимга чалинди.

— Йўқ! — деди бегона аёл баланд овозда. — Қаёқдаги қаланғи-қасанғиларни уйимга киритмайман!

— Ахир у ҳамқишлоғим, — бу Ҳайдар ўғрининг таҳдидли товуши эди. — Бизга бир дунё пул ишлаб беради. Мана кўрасан!

— Э, пулинг бошингда қолсин! Шундоғам уйим ҳаром пулларга тўлиб кетди. Йўқот унингни!

— Сенлама мени! — бақирди Ҳайдар ўғри. — Ҳозир…

— Нима ҳозир? Нима қиласан? Урасанми, келгинди? Ҳали отам олиб берган уйга кириб олганинг етмай, менга қўл ҳам кўтармоқчимисан?

— Секин, эшитиб қолади! Ҳазиллашдим, ҳазиллашдим…

— Ҳазилингни бориб энангга қиласан, билдингми?

— Хўп, ўзингни бос! Шарманда қилма!

Шу заҳоти ташқари эшик очилиб, қаршимда Ҳайдар ўғри ҳозир бўлди.

Унинг кўзлари ғазабдан чақнаб, қовоғидан қор ёғарди.

— Ўхшамади, — деди ҳамқишлоғим қўл силтаб. — Кеннойинг жа шаллақи, хафа бўлмайсан, ука! Юр, сени ўзимизнинг йигитларга қўшиб қўяман! Ишон, у ерда хор бўлмайсан. Ҳамма нарса етарли.

Мен ҳеч нарсага тушунмай, Ҳайдар ўғрининг кетидан юрдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...