СУСАННА… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

Орадан икки ой вақт ўтди. Мен шаҳарнинг далаларга туташган ери — кўп қаватли уйларнинг биридаги ертўлада деярли ўзим тенги йигитлар билан бирга яшай бошлагандим. Уларнинг аксарияти ўғрилик билан шуғулланар, барчалари етимхонада тарбия топган болалар экан.

Ҳаётим бироз изга тушгандек эди. Ҳамма қатори овқатланар, ертўла зах бўлса-да, ҳеч ким безовта қилмасди.

Фақат Ҳайдар ўғрининг кунлик берадиган ҳақидан кўнглим тўлмасди. То қоронғи кечга қадар тер тўкиб тиланчилик қилсам-да, у иккита, нари борса, учта нонга етадиган пул тўларди. Нима қилай? Тилим қисиқ. Шу одам менга жой берди, ишга жойлади. Қарши сўз айтишга ожизман. Худо кўрсатмасин, жаҳлини чиқарсам, мени кўчага ҳайдаб солиши аниқ.

Бунинг устига, Шарифанинг мени қидирмаётгани алам қиларди. Шунчалар беқадрлигимдан қаттиқ ўксирдим.

Мана, икки ойдан бери бегона шаҳардаман. Ҳар куним соғинч азобида ўтади. Кир, етмиш ямоқ ёстиққа бош қўйишим билан Шарифа ёдимга тушади. Бирга кечирган тунларни, лаззатли лаҳзаларни қўмсайман. Унинг эса парвойи фалак. Неча марталаб кўчада милиционерларни кузатдим. «Шулар балки мени қидираётгандир?» деган ўйда кўп бор уларнинг ёнидан ўтиб кетдим. Эътибор беришмади. Агар кимдир қидирувга берса, улар мени дарров пайқашарди. Тўхтатиб кимлигимни, шаҳарда нима қилиб юрганимни суриштиришарди.

Афсус, ҳаётда яна омадим юришмади. Яримта бўлса-да, не азобда топган бахтим ҳам мендан осонгина юз ўгирди.

Шундай кунларнинг бирида Сардор деган ҳамтовоқ йигит ярамга туз сепди.

У озғин бўлишига қарамай, жуда чайир йигит. Тиқилинч автобусларга чиқиб, чўнтак кесади. Пул ўғирлаётганда, неча марталаб қўлга тушган, оломон орасида қолиб, тепкилар еган. Барибир, қайтмайди. Бир-икки кун ертўлада дам олган бўлади-ю, тағин чўнтакка тушаверади. Ишқилиб, тегирмонга тушса, тирик чиқадиганлар хилидан.

— Анчадан бери кузатаяпман, — деди у тиланиб ўтирганимда, секин ёнимга келиб. — Яхшигина соққа қилаяпсан-у, ака ёлчитиб ҳақ бермаяпти сенга. Нимага индамайсан?

Бу саволдан сўнг юрагимни муз қоплагандек бир муддат тош қотдим.

— Биламан, — дедим бўшашиб. — Ўзим ҳам нима қилишни билмай юрибман.

— Сен сал пишиқроқ бўл!

— Қанақасига?

— Топган пулингнинг бир қисмини ими-жимида чўнтакка ур!

— Ҳайдар ака билиб қолса-чи?

— Қаердан биларди? Куни билан ёнингда ўтирмайди-ку! Бир баҳона топасан-да!

— Тўғри, — дедим жонланиб. — Хаёлимга келмаганини қара-я, Сардор. Менга қара, сизлар ҳам олиб қоласизларми пулдан?

— Албатта, олиб қоламиз-да. Жинни эмасмиз-ку, берганига сабр қиладиган. Бу ерни шаҳар деб қўйибди, ошна.

Ҳамтовоғимнинг бу сўзлари кўзимни мошдек очди. Ҳа, бугундан эътиборан тушган пулдан чегириб қоламан. Шундай қилмасам бўлмайдиганга ўхшайди!..

Бугун менга омад кулиб боққандек эди. Нолаларимга фаришталар омин дедими, кечгача анча-мунча пул ишлаб олдим. Ҳеч қачон бугунчалик кўп пул тушмаганди.

Шомга яқинлашганда, бир сиқим пулни яхшилаб тахладим-да, чўнтакка жойладим. Қолганларини эса Ҳайдар ўғри учун асраб қўйдим.

Одатига кўра, ҳамқишлоғим ўз вақтида қаршимда ҳозир бўлди. Олдинига ҳол-аҳвол сўради. Мен атайин қовоғимни уйиб, норозиландим.

— Бугун ишнинг мазаси бўлмади, — дедим олдини олиб. — Садақа берадиганлар кам бўлди.

— Йўғ-э, — деди Ҳайдар ўғри шошилмасдан мен берган пулларни санаркан. — Ҳар куни тушган пул бугун камайибдими? Бўлиши мумкинмас, ука!

— Нима қилай? Ҳаммасини қўлингизга бердим.

— Қани, кўзойнакни ечиб, олдимга туш! — буюрди Ҳайдар ўғри жиддийлашиб. — Тезроқ бўл!

Буйруққа бўйсундим. Иккаламиз олдинма-кетин катта кўприк остига бордик.

Бу ер одамлардан буткул холи эди. Ҳайдар ўғри шунда ҳам эҳтиёт шарт чор атрофни кўздан кечириб олди-да, менга ўқрайди.

— Чўнтагингдагиларни чиқар! — ўдағайлади у. — Нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бақрайиб қолдинг? Чиқар чўнтакдагиларни!

Адойи тамом бўлаёзгандим. Ҳозир мени нималар кутиши элас-элас хаёлимдан ўтар, пулларни чиқариб унга тутқазарканман, дағ-дағ титрай бошлагандим.

— Кўрнамак экансан, Қодир! — қўлини бигиз қилиб, кўзларимга ўқталди Ҳайдар ўғри. — Қара, кўчада қолганингни кўриб, раҳмим келганди. Шундай ишни ишониб топшириб қўйдим. Сен-чи?

— Унда сизам инсоф қилинг-да, — дедим бўш келмай. — Пулларнинг ҳаммасини олиб қўяверсангиз…

— Хоҳлаганимда, бир тийинсиз ишлатардим, — деди у иягимни сиқиб. — Бу менинг точкам, билдингми? Ўзинг кимсан-а? Туришингга бир қара, сўтак. Туршагинг чиқиб ётибди-ку.

— Туришимга тил теккизманг…

— Ҳа-а, шунинг учун ўгай отанг ҳам қувиб солибди-да сени. Худоям кўрнамаклигингни билиб, сенга юриб қўйган хотинни дуч қилган.

— Сиз ким бўпсиз менга баҳо берадиган? — беихтиёр бақириб юбордим мен. — Нима ҳақингиз бор?

— Вей, тирранча! — деди Ҳайдар ўғри иягимни қаттиқроқ сиқиб. — Яхшиям, ҳамқишлоғимсан. Бўлмаса, абжағингни чиқарардим. Йўқол! Кўзимга кўринма, ифлос!

— Кетсам кетавераман, — дея зарда билан унинг чангалидан халос бўлишга уриндим. — Қўйворинг!

Ҳайдар ўғри иягимдан қўлини тортиб олди-да, автовокзал томонга ишора қилди.

— Агар шу атрофда юрганингни кўриб қолсам, мендан хафа бўлмагин. Йигитларга айтиб, дабдалангни чиқартираман. Бор энди, даф бўл!

 

* * *

 

Катта йўл бўйига етганимда, истар-истамас кўкка боқдим. Осмон қоп-қоронғи, чамаси, ёмғир ёғиш арафасида эди. Қуюқ булутлар баттар дардимни оширди.

«Қизиқ, — ўйладим ўзимча. — Бошимга бир ташвиш тушди дегунча ёмғир ёғадиган бўлибди. Наҳотки худонинг қарғишига учраган бўлсам? Қайси айбим учун? Ҳақимни талаб қилганим учунми? Ё беватанлигим сабабми?»

Шундай хаёллар исканжасида поезд вокзалига етиб олдим. Бу ерга Ҳайдар ўғри қадам босмаслиги аниқ. Вокзалдан туну кун одам аримайди.

Ана, ичкарида мен каби дайдилар кўп экан. Аслида, улар дайди эмас. Мардикорчилик қилиб, тунни шу ерда кечирадиганлар. Фақат уларнинг мендан бир фарқли жиҳати бор. Уларнинг зерикканда, ҳориганда, бетоб бўлганда борадиган манзиллари тайин. Уйсизлик муаммоси юракларини эзмайди. Ишлаб-ишлаб, чўнтаклари қаппайгач, уй-уйларига тарқалишади.

Ҳали вокзал эшигига яқин бориб улгурмагандим. Кимнингдир «Қодир! Ҳой, Қодир!» деган ҳайқириғини эшитиб орқага ўгирилдим.

Анча наридан шу шаҳарда яшайдиган синфдошим Тўлқин чопиб келарди.

Севиниб кетдим. Синфдошимни қучоқ очиб қарши олдим.

— Бормисан, ошна? — дедим Тўлқинни бағримга босиб. — Сени кўраман деб сира ўйламовдим.

Тўлқин сўзларимга эътибор қилмай, икки билагимдан маҳкам тутди.

— Шаҳарда нима қилиб юрибсан, хумпар? — сўради у куйиниб. — Қишлоқда ишларинг расво бўлиб ётибди экан-ку.

— Нима бўлибди? Тинчликмикан?

— Тинчлик эмас-да, ўртоқ! — юзини терс бурди Тўлқин. — Боя укам келганди. Гап орасида айтиб қолди.

— Э, чўзмасдан тезроқ гапирсанг-чи! — силтадим уни. — Биров ўлибдими?

— Йўқ, ўлмаган. Лекин хотининг турмушга чиқаётганга ўхшайди.

— Нима? — бу гапни эшитганим ҳамоно юрагим шув этиб кетди. — Жинни бўлдингми, Тўлқин? Хотиним нимага турмушга чиқади?

— Мен қайдан билай? — елка қисди Тўлқин. — Айтдим-ку, укам гап топиб келди деб. Ўша қишлоққа борган экан, қатор-қатор машиналар турганини кўрибди. Ҳа, карнай-сурнай ҳам чалинганмиш. Ўтиб кетаётган болакайлардан сўраса, «Шарифа опамларникига эртага куёв келади», дебди.

— Шунақа дегин… — мен бўм-бўш қоп каби шалвираб, ўзим сезмаган ҳолда бетон тўсиқ устига ўтириб қолдим. — Наҳотки Шарифа мендан воз кечган бўлса?

— Вей, бўшашиб ўтиравермай, йўлга туш! — бақирди Тўлқин ўткинчиларнинг ҳайрон бўлиб қараётганига ҳам эътибор қилмай. — Бориб бил! Шаҳарда пишириб қўйибдими сенга ҳозир?

Мен даст ўрнимдан турдим.

— Тўғри айтасан, — дедим муштларимни тугиб. — Бекорга чиқиб келаётганимда, «Йўқолиб кет! Сендан кечдим!» демаган экан. Демак, нияти бузилган. Мендан яхшироғини топган.

— Қодир, сенга маслаҳатим, тезда қишлоққа жўна! Масалани ҳал қил!

— Илтимос, менга пича қарз бериб тур! — дедим дадил. — Тез кунда қайтараман. Тўғриси, ҳозир ёнимда бир мириям йўқ.

— Гап йўқ, — деди Тўлқин чўнтагига қўл солиб. — Мана, шунча пул етадими?

— Етади. Бўпти, кўришамиз. Раҳмат!

Бу хунук хабар мени адойи тамом қилаёзганди. Жонҳолатда эндигина ўрнидан қўзғалган такси ортидан чопдим.

«Эркак учун бундан ортиқ шармандалик бўладими? — ич-этимни ердим ҳамон. — Хотининг никоҳингда бўла туриб, бошқасига турмушга чиқиши ақлга сиғмайди-ку! Наҳотки бир чақачалик қадрим бўлмаса? Йўқ, энасини учқўрғондан кўрсатмасам, отимни бошқа қўяман! Агар шу гап рост бўлса, ҳамманинг олдида шарманда қиламан! Тўйини бузаман! Мени энди ҳеч ким қайтара олмайди».

Туман марказига етиб борганимда, вақт хуфтонга яқинлашиб қолганди. Биламан, қишлоқдаги тўйлар бу маҳалда тугамайди. Нари борса, энди куёвнавкарлар кириб келган бўлади. Ҳозир икки юз грамм ароқ ичаман-у, ана ундан кейин таксига ўтириб, Шарифаникига жўнайман.

Оч қоринга ичилган ароқ аъзойи баданимни қиздириб юборди. Сархушлигим сабаблими, миям янада тезроқ ишлаб кетгандек эди. Бошдан кечирган азобларим йиғилиб келиб, бўғзимга тиқилар, шу тобда ҳайқиришдан базўр ўзимни тийиб турардим.

Такси кўз очиб юмгунча ўзим учун таниш маҳаллага олиб борди. Шарифаларнинг уйи олдида машиналар ҳам, одамлар ҳам кўринмасди. Бир-иккита ўсмир болалар ариқ ёқасида берилиб копток тепишарди, холос. Фақат дарвозадан сал нарироққа қўйилган қозон ва темир ўчоқлар, ҳақиқатан ҳам, тўй бўлганлигини англатиб турарди.

«Кечикибман, шекилли, — ўйладим ўзимча. — Лекин фарқи йўқ. Ҳозир кириб олай, кўрсатаман хўрлашни уларга!»

Ўсмир йигитларнинг саломи ҳам қулоғимга кирмади. Дарвозадан ичкарига ҳатладим-у, бор овозда қичқирдим:

— Шарифа! Қаердасан, ярамас? Агар янги эрингникига кетган бўлсанг ҳам, мендан қочиб қутула олмайсан! Ким бор? Чиқларинг ифлос, уятсиз, ҳаромилар! Чиқ!..

Шу маҳал уй эшиги очилиб, олдин Шарифа, кетидан қайнонам, қайнсингилларим чопиб чиқишди.

— Ҳа-а, нега бақирасиз? Тинчликми? — Шарифа бир муддат мени кузатиб турган бўлди-да, алам аралаш қичқирди. — Бирор ерга ўт тушибдими?

Жавоб бериш ўрнига унга яқин бордим-да, бошдан оёқ қараб чиқдим.

— Янги атласлар кийиб олибсан, тинчликми? — сўрадим шубҳаларимни яшира олмай. — Ростданам тўйинг бўлаяпти экан-да, а?..

— Тўй? — Шарифа негадир ҳайрон бўлиб, менга қаттиқроқ тикилди. — Қанақа тўй?

— Эрга тегаётган эмишсан-ку! — дедим тутилиб. — Шу ростми?..

Бу гапимдан сўнг Шарифа беихтиёр титраб кетди.

— Эсингиз жойидами? — деди орқасида турган яқинларига бир назар ташлаб оларкан. — Ким эрга тегади?

— Қизим, эрингнинг эси кирди-чиқди бўлиб қолган кўринади, — луқма ташлади қайнонам лаб буриб. — Икки ойдан бери, худо билади, қайларда санғиган экан. Ажина чалса чалгандир-да!

Онасининг гапидан қайнсингилларим пиқ-пиқ кулишди.

Мен эса нима дейишни билмас, хижолатдан тилим лол бўлиб қолганди. Нималар қилиб қўйганимни, кимларнинг гапига ишониб тўполон кўтарганимни англаганим сари юзим шувут бўлиб борар, ҳозир ортга қайтишни ҳам, Шарифа билан кўришишни ҳам била олмай гаранг эдим.

Бу гал ҳам хотиним мени қутқарди. Оғзимдан келаётган ароқ ҳидини пайқадими, бир сесканиб, афтини бужмайтирди-да, маъюс жилмайганча келиб елкамга бошини қўйди ва ҳеч кимга эшиттирмай пичирлади:

— Ўзимнинг жиннивойим! Қайси аҳмоқ хотин бир эр билан яшаб туриб, иккинчисига тегаркан? Қайнсинглингизни турмушга бераяпмиз, Қодир ака…

 

* * *

 

Ойлар ўтиб, яна қилич яланғочлаганча қиш келди. Ташқарида қор гупиллаб ёғарди. Аччиқ изғирин нақ бурнингни узиб олгудек пишқирарди. Аммо менинг қалбимда ёз байрам қилаяпти. Теримга сиғмас даражада мамнунман.

Бугун Ғаниобод деган чўл ҳудуддан ўзим учун уй топдим. Мўмин деган дўстим топиб берди. У ёқларга ҳар ким ҳам юрак ютиб боравермас экан. Уйлар бўм-бўш эмиш. Ростдан яшайман, чўлда далага чиқиб жавлон ураман деган мард бемалол келиб хоҳлаган уйга кириб олиши мумкин экан.

Яқин дўстим Мўминнинг айтишича, ярим тунлари дала тарафдан чиябўриларнинг ув тортиши аниқ-тиниқ қулоққа чалинаркан.

— Агар ўша бўрилардан қўрқмай яшайман, даладаги оғир меҳнатга чидайман десанг, — деди Мўмин. — Биринг икки бўлади, ошна. Шоли экасан, пахта ишида ишлаб озми-кўпми пул топасан. Буёқда келин ҳам қимирлаб турса, қора қозон қайнамай қолмайди…

Шуларни ўйларканман, секин ёнимда жим кетиб бораётган Шарифага разм солдим. Унинг қовоқлари уйилган, ҳомиладорлиги сабабми, юзлари бўғриққан. Бошини эгган кўйи сукут сақларди.

— Ҳа, — ўйладим ўзимча. — Шарифага жуда оғир бўлди. Ҳомиладорлигида бу каби дилхираликлар, асаббузарликлар кетма-кет келди. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да!.. Қизиқ, ҳозир уйимизга кириб борсак, Шарифа нима деркин? Унга уй ёқиб тушармикан? Албатта ёқади. Менга маъқул келди-ку, унгаям ёқади-да!.. Учта ҳайҳотдай хона, балкони кенг, дераза, эшиклари мустаҳкам бўлса. Фақат… Печка масаласи қийин экан. Буниям йўлини топарман. Битта печканинг тадбирини кўра олмасам, нима қилиб юрибман!?.

Кўч-кўрон ортилган машина биз яшашимиз керак бўлган кўп қаватли уй томон бурилиб тўхтагач, ҳаяжоним ортиб сакраб пастга тушдим-у, Шарифага қўл узатдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...