Бухорода коронавирусга чалинган аёл кимлар билан мулоқотда бўлганини яшириб, карантиндагиларнинг кўпайишига сабабчи бўлди

0

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тузилган штабнинг «Дарё»га хабар беришича, шофирконлик А. исмли аёл коронавирус юқтиргани тасдиқланган бўлса-да, олиб борилган суҳбат жараёнида у кимлар билан мулоқотда бўлганини яширган. Оқибатда касаллик бошқаларга ҳам тарқалиб улгурган ва 15 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган.

«Бу штаб аъзолари томонидан А. билан мулоқот қилган фуқароларни таҳлилдан ўтказиш ва карантинга олиш ишларида қийинчилик туғдирган ҳамда кўп вақт сарф бўлишига сабабчи бўлган. Йўқотилган вақт орасида эса А. билан мулоқотда бўлганлар ҳам яна бир нечта фуқаролар билан суҳбатга киришган бўлиши эҳтимолдан холи эмас», — дейилади штаб хабарида.

Ҳозирда фуқарога нисбатан суриштирув ишлари олиб борилиб, унинг неча киши билан мулоқотда бўлгани ўрганилмоқда.

Штабнинг қўшимча қилишича, туманда фуқаролар ўртасида олиб борилган огоҳлантиришларга қарамасдан, карантин қоидаларини бузиб, ниқобсиз юрганлар ҳам учрамоқда. Бунга қарши эса ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонун талаблари асосида таъсир чоралари кўрилмоқда.

«Хусусан, ‘Талисафед’, ‘Хўжа Ориф’, ‘Нурафшон’, ‘Саврак’, ‘Янги қишлоқ’, ‘Искогари’, ‘Чуқурак’, ‘Жўйнав’, ‘Гуломте’ маҳалла аҳолиси ҳимоя ниқобларисиз кўчада ҳаракатлангани учун мазкур ҳудуд фуқароларига нисбатан қатъий чоралар белгиланади», — дейди штаб масъуллари.

loading...