«Сабру садоқат»: Саид билан Саида ҳақида

0

«Ўзбеккино» МА томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб беш қисмли «Сабру садоқат» номли сериал эфир юзини кўриш арафасида.
Киносериал жорий йилнинг 8-12 июнь кунлари юртимизнинг барча давлат ва нодавлат телеканаллари: «O’zbekiston», «Bolajon», «O’zbekiston tarixi», «Oilaviy», «Yoshlar», «Mahalla», «Sevimli TV», «ZO’R TV», “MY5″, «Milliy», «Uzbekistan-online. uz»да намойиш этилади.
«Сабру садоқат» «Ўзбеккино» МАнинг махсус лойиҳаси бўлиб, сериал ёзувчи ва унинг рафиқаси Саида Зуннунова ҳаётига бағишланади.


Фильмда меҳр-муҳаббат, улкан бардош, кучли матонат, букилмас ирода, енгилмас ғурур ҳақида ҳикоя қилинади.
Киносериал 1950-1955 йиллардаги реал воқеликларга асосланган.
Режиссёр Ҳамидулла Бобоқулов «Сабру садоқат» телесериалини Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильми асосида суратга олган.
«Ушбу махсус лойиҳа ҳаммамизга қадрдон «Саид билан Саида» фильмига киритилмай қолган янги саҳналар билан бойитилди. Бу томошабинлар учун Саид Аҳмаднинг 100 йиллик тўйига ҳақиқий туҳфа бўлади. Буюк ёзувчи ҳақидаги сериални суратга олиш эса Нозим Аббосовнинг эзгу орзуси эди ва бу орзу эндиликда рўёбга чиқадиган бўлди», — дея таъкидланади «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ахборотида.
Ўзининг унутилмас асарларини халқига мерос қолдирган адиб ва унинг ёрқин хотирасига бағишлаб «Сабру садоқат» фильми суратга олинди.
Телесериалда сиз анчадан бери экранларда кўриниш бермаётган таниқли актрисалар Дилноза Кубаева, Шодия Абдураҳмонова, Шаҳло Темирова ва Жамила Ғофуроваларнинг ижросига баҳо беришингиз мумкин.


Демак, премьерани кутамиз ва телесериал ижодкорларига эса омад тилаймиз.

loading...