СУСАННА… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Вой, Худойим, қай гўрга кеп қолдик ўзи? — хотиним мен учун қадрли бўлган уй эшигидан ўтибоқ таққа тўхтади. — Қодир ака, бу ер нима? Омборми? Ҳали мени алдаб омборхоналарга опкелиб юрибсизми?

Мен қўлимдаги кўрпа-тўшакни бир четга ирғитдим-да, Шарифанинг кўзларига боқдим.

— Бу нима деганинг? — совуққонлик билан сўз қотдим. — Худди ҳеч нарсани кўрмаётган, илғамаётгандай гапирасан-а!.. Қанақа омбор?

— Нима бўлмаса? Шуни уй деб мени бошлаб келдингизми? Қаранг, ташқарида биронта чироқ йўқ. Ҳаммаёқ зимистон. Кимсасиз жойлар экан.

— Нима бўпти? Қоронғи бўлгани сабабли ҳеч ким кўринмагандир. Ана, кўрмаяпсанми, ҳов анави ёқда уй чироқлари ёниб турибди.

— Илоё пешонам қурсин! — Шарифа менинг бор умидларимни пучга чиқариб бир бойлам кўрпа устига ўтириб олди-да, саннашда давом этди. — Энамнинг иссиқ сандалида тинчгина ўтиргандим-а! Келиб-келиб шу ношуд эрнинг сўзигаям кираманми? Бу эр қачон бир ишни уддалаб қойиллатганди. Топган уйини қаранглар! Гўр ҳам бу уйдан иссиқ бўлса керак…

— Оғзингга қараб гапир! — ўшқирдим ғазаб билан. — Бу уй мен учун азиз, билдингми?! Қачонгача энангнинг хонадонида қисиниб яшайман? Мана, энди ўзимнинг беминнат уйим бор. Насиб бўлса, эртага далага чиқиб яхобга қарашаман. Бир ой амалласам, маош беришади.

— Яхобга қарашасизми, ундан нарига ўтиб кетасизми, мени қизиқтирмайди. Болам бунақанги омборсифат уйларда туғилишини хоҳламайман.

— Демак, яшамоқчи эмассан, шундайми?

Шарифа жонҳолатда ичига туфлади-да, юзини терс бурди.

— Худо асрасин бу уйда яшашдан!

Тонгга қадар мижжа қоқмадим. Шарифа қур-қур ўрнидан туриб, хонанинг уёғидан буёғига асабий бориб келар, нуқул эшитилар-эшитилмас қарғанарди.

У ҳийла тонг ёришиб, аллақаерларда хўрозлар қичқириб, қўй-қўзиларнинг маъраши қулоққа чалинганда, уйқу тўла кўзларини ишқалай-ишқалай, ўрнидан турди-да, кийимларини йиғиштира бошлади. Ора-сирада чанг босган дераза токчаларига, шифтга ёпишган қалин исларга алам билан қараб олишни ҳам унутмади.

— Қаерга отландингиз? — сўрадим ундан тепасига келиб. — Ҳозир анави шкафни тозалайман. Кийимларни ўша ерга жойлай қоламиз.

— Мен уй га кетаяпман, — деди Шарифа киноя аралаш. — Шкафингизам, мана шу омборингизам ўзингизга сийлов.

— Ҳазиллашаяпсизми? Ўзи кечагина кўчиб келган бўлсак. Келар-келмасдан кетишингиз нимаси?

— Олдин мени опкелиб кўрсатиш керак эди. Менам одамман, ўзимга яраша дидим, орзу-ҳавасларим бор. Мана шу чангалзорларда уйимдагиларни соғиниб ўлиб кетишни хоҳламайман.

— Уйингиз қочиб кетмаган-ку! Боргингиз келганда, катта йўлга чиқамиз, мингта машина бўлса, ўтирамиз-у, ярим соатда қишлоғингизга кириб борамиз.

— Бошимни қотирманг! — мени жеркиб кийимлар солинган елим халтани қўлига олди Шарифа. — Энам мени чўлда яшасин деб туғмаган. У кишининг тор қорнига сиққан, кенг уйигаям сиғавераман.

— Шунақами? — лаб тишлаб ортга тисландим. — Демак, бошидан яшаш ниятингиз бўлмаган экан-да!.. Аёл агар эри билан ҳақиқатан яшамоқчи бўлса, қийинчиликларга кўз юмиши керак эмасми?

— Тўйдим! Тушунаяпсизми, тўйдим! Сизга текканимга яқинда бир йил бўлади. Қачон яйраб келинлик гаштини сурибман-а? Шунча умрим гирдобларда ўтди-ку! Тағин ақллилик қиласиз. Ундан кўра…

— Бас қил! — беихтиёр Шарифага хезландим. — Овозингни чиқарма! Кетсанг кетавер! Мен шу ерда қоламан, тамом!

Шарифа нимадир демоқчидек бирпас иккиланиб турди-да, йиғлаганча ташқарига ўзини урди.

Мен унинг ортидан чиқмадим. Ҳеч нарса бўлмагандек, уёқ-буёқни тозалаб, қайтадан ўринга чўзилдим.

— Эҳ, онажон, — кўз ўнгимда яқин ўтмишда кўрган-кечирганларим гавдаланиб, юрагим сиқилди. — Қай кунларга солиб қўйдингиз? Катта шаҳарда тинчгина умр кечираётгандим. Биров мушугимни пишт демасди. Ишим, ётар-турарим тайин эди. Катта қозонда эл қатори қайнаб яшардим. Нега ҳаётимни чил-парчин қилдингиз? Мана, етти-саккиз ой ичида бошимга не кунлар тушмади. Бирор марта хабарлашай, ҳол сўрай демадингиз. Ўзим тутадим, ўзим ёндим, яна ўзим ўчдим. Нега ундай қилдингиз? Менда ўчингиз бормиди? Кўринг, тағин ёлғизман. Суюкли келинингиз сумкадаги пулларгача суғуриб олибди. Энди нима қиламан? Бу чўлларда кимнинг эшигини тақиллатиб бир бурда нон сўрайман? Йўқ, сўрамайман, ялинмайман. Ҳеч кимни кўришга кўзим йўқ! Лекин армонсизман. Чунки яхшими-ёмонми, энди ўз уйим бор. Бу уйдан бир қадам ҳам жилмайман. Шарифа эса… Ҳали кўрамиз, уйида менсиз қандай чидаб ўтираркан. Барибир қайтиб келади…

Бу ўйлар охири мени оёққа турғазди. Ҳа, тирик инсон ҳаракатда бўлиши лозимлигини тушуниб етмоқда эдим. Қолаверса, энди ўз уйимдаман. Ҳеч кимга боқиманда эмасман. Биров менга бир сўм пул ҳам бермайди. Ўзим югуришим, тер тўкиб ҳалол кун кечиришим шарт….

Эртанги кун ҳақида қайғуришим зарур. Бригадирни топиб иш сўрайман. Шундай ишлайки, бор аламларим, танамдаги ғуборлар чиқиб кетсин!

Бу манзил ҳар қандай одамнинг баҳри дилини очмай қолмасди. Бепоён далалар оппоқ қор остида уйқуга кетган. Яхоб берилган пайкаллар эса қарға, лайлак ва шу каби катта-кичик қушлар чуғур-чуғурига тўлган. Аҳён-аҳёнда катта йўлдан трактор ёки юк машинаси ўтиб қолади.

Мен чамаси ўн гектар келадиган дала ўртасида қўлида кетмон тутганча ҳали уён, ҳали буёнга ўгирилиб, шудгорга яхоб бераётган деҳқонни кузата бошладим.

Адашмасам. Бу одамнинг ёши элликдан ошган. Офтобда тобланган жуссаси чайир. Худди пружинага ўхшайди. Ҳали ўнгга, ҳали чапга буралиб, ўз ишини қойиллатаяпти.

Бир муддат деҳқоннинг ҳаракатларини ҳавас билан кузатиб тургач, дала шийпонига кирдим.

Айвондаги сўрида Мўмин айтган паст бўйли, тақа мўйлов бригадир Сувонқул ака ўтирган экан.

Мен билан ўтирган ерида совуққина сўрашди.

— Мен… Ғаниободга кечагина кўчиб келгандим, — гап бошладим негадир ҳаяжонланиб. — Шунга…

— Шунақа дегин, жиян? — кулимсиради бригадир. — Бу ерларда яшаш оғирлигини билармидинг? Ҳали ёш экансан… Ўзинг нима дейсан?

— Эшитдим, — дедим ҳийла тетикланиб. — Бир кеча тунадим ҳам. Чидайман, ака.

— Хўш, касбинг нима? — сўради бригадир. — Тракторчимисан, ё сувчимисан? Қўлингдан нима келади?

— Очиғи… — бу савол мени довдиратиб қўйганди… Ахир менинг касбим йўқ… Умримда далага чиқиб яхоб бермаганман. Ҳеч қачон трактор рулига ўтирмаганман…

— Касбим йўқ, — жавоб қилдим қовоғим уйилиб. — Лекин… Буюрган ишингизни қилиб кетавераман.

— Ука, — деди бригадир бир сакраб сўридан пастга тушаркан. — Ҳозир қиш бўлса, қара, далаларни қор босган. Сувчиларимиз етарли. Локигин, тракторчидан қийналиб турибмиз. Ҳа энди… Ёрдамчилик ишлари баҳорга ярашади-да, ука!

— Унда мен нима қилай? — соддаларча сўрадим Сувонқул акага умидвор боқиб. — Наҳотки менбоп иш бўлмаса?..

— Баҳорда кел, ука, баҳорда, — гапни кесди бригадир. — Кўчиб келиб тўғри қилибсан. Ҳали баҳор келса, иш қайнайди бизда. Ҳозир эса… Тўғри, хафа бўлаяпсан. Бироқ мениям тушунишга ҳаракат қил. Қишда фақат сувчиминан тракторчига иш кўпаяди. Сенга ҳов анави сувчиларнинг ишини бўлиб бера олмайман-ку! Уларниям бола-чақаси бор. Қўй, мени қийнамагин, яхшиси бошқа бир иш топиб ишлаб тургин. Баҳорда, марҳамат, хоҳлаганингча иш топиб бераман, акаси…

Тарвузим қўлтиғимдан тушган каби йўл-йўлакай кенг шудгорларга тикилдим. Жонини жабборга бергудек куйиб ишлаётган сувчининг ҳаракатларини кузатдим.

Ана, кетмонни бу сувчи жуда усталик билан чопаяпти. Кетмониям ҳойнаҳой беш-ўн кило бордир-ов!.. Йўқ, бундай оғир ишларга мен дош бера олмасам керак. Чунки бувижоним мени ҳеч қачон оғир юмушга солмаган. Ҳатто бир челак сув кўтарсам, югуриб бориб қўлимдан тортиб оларди.

— Қўй, қўй, оғир кўтарма! — дерди бувим. — Ўзинг озғингина бўлсанг, тағин бел-мелинг мертилиб қолмасин, болам! Мен келинни нимага олганман? Ана, Норгул кўтараверади қанча сув бўлса!..

Ҳа, мен ана шундай эркалашлар қуршовида катта бўлганман. Анави сувчининг оғир кетмони тугул қўлимга оддий ўроқ ҳам ушламаганман…

Хўш, унда нега чўлу биёбонларга келдим? Ўзимча аламдан чиққунча ишламоқчи, қоп-қоп пул топмоқчи бўлдим?.. Пахта тўла зилдай оғир чойшабларни орқалаб чопишни, шудгор кечиб кетмон чопишни, баҳор ойларида трактор кетидан заҳарли дори ҳидини ҳидлаб пайкал кезишни ўзимга эп кўрмасам, чўлда нима бор эди менга? Тўғри, уйсизлик мени шу ёқларга бошлади. Буни тан оламан. Негаки, бировларнинг ҳовлисида сиғинди бўлиб яшаш жонимга текканди… Демак, буёғига пешонадагини кўришга мажбурман. Чидайман-да! Ўлиб қолмасман…

Фақат… Шарифанинг кетиб қолгани ёмон бўлди. Пулларигача олиб кетди-я ярамас!..

Биламан, ««хотин керак бўлса, орқамдан боради» деб ўйлаган ўзича. Унга қолса, ичкуёв бўлиб она уйида юраверсам. Юриб бўпман! Очдан ўлсам ўламанки, ўз уйимда яшайман. Мени бу йўлдан ҳеч ким қайтара олмайди.

 

* * *

 

Ўзимнинг қадрдон уйим рўпарасига етиб келдим-да, кимсасиз ҳувиллаб ётган квартираларга кўз солдим. Ҳайҳотдай уйда мен билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт ё беш оила яшар экан. Қолган квартираларнинг эшиклари ланг очиқ қолиб кетган. Ҳатто, деразаларигача кимлардир суғуриб кетибди… Эссиз умр, эссиз меҳнатлар…

Шу пайт қўшни подьезддан хушрўйгина ўрта яшар бир аёл қўлида иккита челак кўтариб ташқарига чиқди.

У қўлидаги челакларни ерга қўйди-да, мен томон бир қараб олиб яна ортга қайтди.

Негадир қалбимда номаълум умид уйғониб, аёлнинг қайтиб чиқишини кутдим.

Худойим, кошкийди ҳеч қурса шу аёлнинг менбоп енгилроқ иши бўлса! Ўша ишини битириб бериб нон пули олсам ва дўконга чопқиллаб кечқурунга егулик харид қилсам! Қўшни-ку, ахир! Қуруқ қўймасди!

Афсуски, бундай бўлмади. Аёл югурганча қайтиб чиқди-да, қўлига челагини илиб, катта йўл тарафга юрди.

— «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади» — деганлари шу-да, — ўйладим алам билан квартирам эшигидан ўтарканман. — Ҳеч бўлмаганда ўша икки челак сувини келтириб беришга қодир эдим. Битта нон берса етарди. Шуниям Худо менга кўп кўрди…

Йўқ, ҳеч нарсани ўйламайман, қайғурмайман. Ўлиб кетсин ҳаммаси! Ҳар ҳолда ҳозир ҳеч ким менга ола қарамайди-ку! Хоҳласам, у хонага, хоҳласам бу хонага кириб чўзиламан. Ҳеч ким халал бермайди, безовта қилмайди. Шунисигаям шукр!..

Шу ётганимча асрга яқин уйғондим. Ёдимдан кўтарилиб, ташқари эшик қия очиқ қолган экан. Хона ичи музлаб кетибди.

Ўрнимдан сакраб турдим-у, бир вақтлар бувам ҳадя қилган эски чопонга ўралдим.

Танам исиши учун беш-ўн дақиқа турган жойимда сакраб кўрдим. Фойдаси бўлмади. Қорним очиб, кайфиятим баттар ёмонлаша борарди.

— Нима бўлса бўлар, бувижонимникига бораман, — дедим овоз чиқариб. — Анчадан бери уларни кўрмадим. Ҳарқалай, кўксимдан итариб ҳайдамас тоғам. Нари борса, унинг кўзига кўринмайман-қўяман…

Асрга яқин йўлга чиқдим. Катта йўл бўм-бўш эди. Ғира-шира қоронғиликда таваккал йўлга тушдим. Тахминан биламан. Агар биз машинада бир соат йўл юрган бўлсак, пиёда икки-уч соат деганда Хонбувага бемалол етиб оламан. Балки бирор йўловчи машина ўтиб қолар…

Адашмабман. Юз метрча юриб-юрмай, узоқдан юк машинаси келаётганини кўриб таққа тўхтадим ва астойдил қўл силтай бошладим.

Машина рўпарамга келиб тормоз берди.

Не кўз билан кўрайки, ҳамқишлоғимиз Ёқуб ака экан. У кишини мана шу тарафларда ишлайди деб эшитардим…

Хурсанд бўлиб кабинага чиқиб ўтирдим.

— Ие, Қодирвоймисан? — сўрашиш учун қўл узатди Ёқуб ака. — Чўлда нима қилиб юрибсан, ука?

— Шу ерга кўчиб келдим, — дедим ғурур билан. — Насиб бўлса, шу ерларда яшамоқчиман.

— Шунақами? Жуда тўғри қилибсан-да, Қодирвой. Ғаниобод етти хазинанинг бири дейишади. Агар қўл-оёғинг чаққон бўлиб, гектар-гектар шоли эка олсанг, ишим беш деявер. Хўш, йўл бўлсин кеч тушганда?

— Бувимминан бобомнинг ҳолидан хабар олиб келай дегандим. Анчадан бери кўрмадим уларни.

— Ў, бу ишинг вообше зўр бўпти. Улар қариб қолишди. Тез-тез хабардор бўлиб дуосини олгин!

— Тўғри айтасиз. Икковлариям ғанимат. Шунга…

Ёқуб ака ортиқ ҳеч нарса демади. Радиосининг овозини баландлатиб, ёқимли қўшиққа жўр бўла кетди.

Хонбувага етиб келганимда вақт шомдан оғиб қолганди. Қор аччиқ шабада аралаш гупиллаб ёғарди.

Кесак девор оша аста ичкарига мўраладим. Бувим ва бобом яшайдиган хона чироғи ёниқ. Тоғамлар тараф эса зим-зиё эди.

— Хайрият, — кўнглимдан ўтказдим негадир тахта эшикдан ўтишга иккиланиб. — Тоғам йўққа ўхшайди. Балки хотин-бола-чақасини олиб қайнотасиникига кетгандир. Ишқилиб, шундай бўлсин!

Ҳа, гарчи бир умр яшаб, шу ерда улғайган бўлсам-да, кўнглим безовта, юрагим ғаш эди. Шу тобда бувимнинг ҳовлиси менга буткул бегонадек туюлар, ҳозир кимдир келиб қолади-ю, «Ҳой, кимсан? Бу ерда нима қилаяпсан?» дея ёқамдан оладигандек нуқул атрофга аланглардим.

— Дадил бўлишим керак, — таваккал ичкарига кирдим. — Шайтоний ўйларни калламдан чиқариб ташламасам бўлмайди. Бу, ахир, қадрдонларимнинг хонадони-ку!..

Барибир эҳтиёткорликни қўлдан бермай, секин бориб деразадан ичкарига мўраладим. Бобом сандалда ўтирганча астойдил тасбеҳ ўгирар, бувижоним эса оппоқ пахталарни ситиш билан банд эди.

Уларни кўргач, юрагим алланечук бўлиб кетди. Ўпкам тўлиб, кўзларим ёшланди.

Лаб тишлаган кўйи эшикни очиб ичкарига ўзимни урдим.

— Бувижон! Бобожон!.. Ассалому алайкум!..

— Вой, Қодиржонмисан? Ўзим ўргилиб қўя қолай! Бормисан, болам?..

Мен букчайиброқ қолган гавдасини аранг кўтариб менга пешвоз чиққан бувимнинг елкасига бош қўйганча бирпас жим туриб қолдим. У ҳам бир сўз демас, пиқ-пиқ йиғларди.

— Йиғламанг, — шивирладим бувимни юпатиш асносида. — Сизларни соғиниб кетдим. Шунинг учун келавердим.

Бобом ҳам ёши саксондан ошганига қарамай, аллақачон ўрнидан туриб улгурган экан.

Биз қучоқлашиб кўришдик.

— Қани, сандалга ўтир, чироғим! — бувим дарров тахмондан бахмал кўрпача олди-да, алоҳида ўрин тўшади. — Кел, совуқда келгандирсан! Исин, ўғлим!

— Ишқилиб, тоғам йўқмиди уйда? — сўрадим бобом дастурхонга фотиҳа ўқиб бўлгач. — Тағин…

— Э, юргандир-да санғиб, — қўл силтаб қўйди бобом. — Куни кеча хотини болаларини олиб уйига кетиб қолган.

— Жанжал қилдими?

— Ҳа, ичиб келиб иккаласи жиқиллашиб қолганми, келиннинг йиғлаб чиқиб кетаётганини кўрдим. Индамадим.

— Тўри қилибсиз, — дедим бобомга. — Қачонгача аралашасизлар?!. Эр-хотин ўзаро келишиб олаверишади.

Бувим Бу орада бир коса қайноқ кулчатой келтириб олдимга қўйди.

— Ол, қара, кулчатойга сут ҳам қуйиб юборганман. Қорнинг очдир, ахир! Тўймасанг, қозонда овқат кўп, олақол!

Косадаги буғи чиқиб турган овқатга, бўрсилдоқ нон бўлакларига тамшаниб боқарканман, бир қувондим, бир хўрлигим келди…

Эҳ, меҳрибонларим-а!.. Яхшики, сизлар бошимдан даҳшатли лаҳзалар кечаётганини билмайсизлар! Бу овқатга қанчалар зор қолганимни, ҳозирги ҳолим ахлат титиб кун кечирадиган дайдиникидан-да баттарлигини билсангиз, не кўйга тушардингиз? Чидолмасдингиз. «Ўғлимиз катта бўлди, уйланди, бир кунини кўра олади» деб хаёл қилаяпсиз-у, хотиржамсиз. Минг афсус. Ўғлингиз ҳануз қоқилишлардан мосуво эмас. Ҳар қадамда дуч келаётган тўсиқлар, аламли онлар унинг тинкасини қуритган ҳисоб…

Кўнглимдан не аламлар кечмасин, бу икки кексага сездирмай, иложи борича хотиржам, жимгина овқатланишга уриндим.

Иккинчи косадаги овқатни ҳам паққос туширганимдан сўнг ичим қизиб, ўзимни анча тетик ҳис этдим. Бу орада бобом тасбеҳ ўгиришдан тўхтади-да, деразадан ташқарига бир қараб олиб, ўрнидан қўзғалди.

— Сизлар ўтира туринглар! — деди бобом ҳассасини қўлга олиб. — Мен мачитда хуфтон ўқиб келаман. Қодиржон, тағин кетиб қолмагин!

— Хўп бўлади!

Бобом чиқиб кетгач, болалигим тутиб секин бордим-да, бувижонимнинг тиззасига бош қўйдим ва пахтадек оппоқ сочларидан кўз узмай пичирладим:

— Буви, чарчадим! Жуда чарчадим!

 

* * *

 

Орадан чамаси ўн беш дақиқача вақт ўтди. Ташқарида шамол турдими, тўсатдан уй эшиги шарақлаб очилиб кетди. Шу заҳоти ичкари қиш совуғига тўлди.

Бу орада ҳовлида оёқ товушлари, кетидан тоғамнинг кимнидир бақириб-бақириб койиётгани қулоғимга чалинди.

Бувим шоша-пиша ўрнидан туриб ташқари эшикни ёпди. Унинг ранглари оқариб, вужуди титрай бошлаганди.

— Тоғанг келди! — деди бувим титраб. — Сен индамагин, жон болам! Феълини биласан-ку!

Бувим сўзини тугатиб улгурмай, тоғам чайқалганча кириб келди. У пича менга, бувимга боқиб, хона ичларини кўздан кечирган бўлди-да, ўдағайлай бошлади.

— Ҳа-а, нимага келдинг яна? — ўшқирди тоғам. — Пишириб қўйганмиди? Ё бўлмағурлигингни қайнонангам билиб қолдими?

— Қўй, болам, жиянингни уришмагин! — орага тушди бувим. — Ҳозир келди ўзи.

— Сиз аралашманг, эна! — бақириб берди тоғам. — Айтганман-ку ёнини олманг деб!

— Сенга ёмонлик қилмади-ку Қодиржон! — бўш келмади бувим. — Болаликдан бирга ўсгансанлар. Укангдай бўп қолган. Ҳадеб сиқувга олаверасанми, болам?

— Хотинимни бўралаб сўкканини эшитгандингиз-а? Тили бир қарич бунинг, ҳа, бир қарич!

— Ҳечам ундаймас. Жиянинг ювош-мўмин. Гап экан деб гапиравераркансан-да сенам!

— Вей, итдан тарқаган, — кутилмаганда тоғам ёқамдан олди. — Бор, кет! Қорангниям кўрмай бу уйда, тушунаяпсанми, кўрмай! Ўша пиёниста отангникига бор. Йўқол тез!

«Қурбақани боссанг ҳам вақиллайди» деган гап бор. Мен бу ҳақоратларга чидаб тура олмасдим. Зарб билан тоғамнинг қўлларини ёқамдан олиб ташладим.

— Кетмасам, нима қиласан? Қўлингдан нима келади? Урасанми?

— Ие, — тоғамнинг кайфдан қизарган кўзлари каттароқ очилди. — Ҳали мени сенладингми? Сен-а?..

У лабларини қаттиқ тишлаб менга мушт туширишга тутинди. Лекин уддалай олмади. Тағин қўлини қайириб ташладим. Бу ҳаракатимдан азбаройи алами келиб жонҳолатда бўйнимдан сиқиб олди-да, ташқарига судраклай бошлади.

— Вой шўрим! Эшитганлар нима дейди? — бувим ўртамизга тушиб тоғамни мендан ажратиб олмоқчи бўларди. — Ҳой, болам, қўйгин энди! Жиянингда гуноҳ йў-ўқ…

Тоғам беихтиёр мени қўйиб юборди-да, билагидан тортқилаётган бувимга хезланди.

— Эна, қоч дедим! Ҳозир абжағингни чиқараман!

— Майли, урсанг мени урақол! Лекин Қодиржонга тегма, жон болам! Қанча урсанг ҳам мени ур!

— Қўйвор қўлимни! — бақирди у бувимга. — Қўйвор дедим!

— Йўқ, ичкарига кир! Ўзингни босиб ол!

— Э, қўйвор!..

Тоғам бувижонимни куч билан бурчакка итариб юборди. Шўрлик бувим учиб бориб боши билан деворга урилди ва чалқанчасига йиқилди.

— Нима қип қўйдинг, ифлос! — қичқирдим тоғамга ва куч билан юзлари аралаш мушт туширдим.

Аммо у менинг зарбамга жавоб қайтармади. Ортимдан бувимнинг тепасига борди-да, турта бошлади.

— Эна, кўзингизни очинг, эна! Сизга нима бўлди? Кўзингизни очсангиз-чи!..

Мен бувимнинг бошидан қон сизиб чиқаётганини кўрдим. Нимадир ёдимга тушгандек, титраб-қақшаб юрагига қулоқ тутдим. Сўнгра томир уришини текширдим. Юрак ҳам, томирлар ҳам қилт этмасди.

— Нималар қилиб қўйдинг? — дея тоғамнинг ёқасидан олдим. — Бувимни ўлдириб қўйдинг, эшитаяпсанми, ўлдириб қўйдинг!

Тоғам нималар бўлаётганини англамаган каби бир муддат каловланиб турди. Кейин эса гўёки телба қиёфасига кирди. Бувимни маҳкам қучоқлаб силтай бошлади.

— Эна, туринг! Мени қўрқитманг, тура қолинг!..

Жасад қимирламагач, даст ўрнидан туриб кўзлари чақнаган кўйи уй ичини айлана бошлади.

— Ўлдириб қўйдим!.. Энамни ўлдириб қўйдим!.. Қотилман, қотил! Мен одам ўлдирдим!..

Шундай талмовсирашлар оралиғида югурганча бориб ташқари эшикни ичкаридан тамбалаб келди ва икки қўлимни сиқди.

— Менга қара, қутқар!.. — хириллаб ёлворарди тоғам. — Жўжабирдай жонман! Болаларим етим бўлиб қолади! Мен ўлдирдим дегин, жон Қодиржон!

Ҳа, бувим кучли зарбани кўтара олмай жон берганди. Буни ўз кўзларим билан кўриб турардим. Аммо қалбим бу фожиага сира ишонмасди. Бувижонимнинг ўлганини ҳечам тан олгим келмасди…

Кўзларим-чи? Дув-дув ёш тўкарди. Худди иситмаси кўтарилиб кетган бемор каби аъзойи баданиб олов каби ёнарди. Шунга қарамай, ҳамма нарсани идрок этиб турардим.

— Илтимос, Қодирвой, — ялинишдан тўхтамасди тоғам. — Мени қутқар! Бир укалик қил, Қодирвой! Қамалиб кетмай! Болаларим…

— Сенам одаммидинг? — дедим алам аралаш унга тикилиб. — Ҳайвондан баттар экансан, билдингми? Ўз туққан онангни ўлдирдинг-а, ўлдирдинг!..

Бу гапларимдан сўнг тоғам бирдан жим бўлди. Бирпас кўзларимга жавдираб қараб турди-да, қўрқа-писа қонига беланиб ётган жасадга нигоҳ ташлади.

— Қутқармайсанми, Қодирвой — сўради у синиқ товушда. — Менга раҳминг келмайдими?.. Ахир… сен ҳали ёшсан! Менинг болаларим бор… Жувонмарг бўламан қамоқда!..

— Қўрқма! — дедим йиғлаб. — Сен аблаҳ бўлсанг, мен сенинг аксингман! Лекин билиб қўй, бир умр икки қўлим ёқангда бўлади! Ҳеч қачон кечирмайман!..

— Хўп, хўп, — тоғам ҳовлиқиб қўлимдан тутди-да, қаршимда тиз чўкди. — Бир умр хизматингни қиламан, жон жиян! Шарманда бўлмасам бас!.. Отамнинг қарғишига қолмасам бўлди… Н-нима десанг де! Фақат мени қутқар!

Йўқ, мен болаликдан бирга катта бўлган тоғамнинг бу илтижоларига кўз юмиб кета олмасдим. Биламан… У билмай қолди… Онасига қўл кўтарди… Эртами-кечми, барибир бу қилмиши учун арзирли жазо олади. Бироқ… Айни лаҳзаларда унга қийин. Уни қутқармасам, жонига оро кирмасам виждон азобида қолиб кетаман…

— Бор, «Тез ёрдам»га қўнғироқ қил! — дедим бувимнинг жасадини маҳкам қучоқлаб. — Мелисаминан келсин! Мени тезроқ олиб кетишси-ин!

Тоғам мурдага яқинлашмоққа шайланди-ю, негадир ҳадди сиғмай, менинг талабимни бажо этиш илинжида ташқарига чопди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...