Вазирлик изоҳи: Масофавий таълимга ўтилган бўлса-да, нега олий ўқув юртларида контракт нархи ўзгармади?

1

Амалдаги қонунчиликка кўра, олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдорини белгилаш бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади.

Харажатлар таркибининг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ва ходимларга тўланадиган иш ҳақи (ажратмаси билан) ва унга тенглаштирилган тўловлар, талабага ҳар ой тўлаб бориладиган стипендия тўловлари (“стипендияли” тўлов-контракт қиймати миқдорида), ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳамда бошқа турдаги сақлаш харажатлари ташкил қилади.

Бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун ижтимоий ҳимояланган тўлов-контркт миқдорлари амал қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 2019/2020 ўқув йили учун тасдиқланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорлари бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизини қопламоқда, холос. Мазкур маблағлар профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қисман қопламоқда. Қолган харажатлар олий таълим муассасасининг бошқа молиявий манбалари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сон Фармонига мувофиқ,  талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 27 мартдаги 233-сон буйруғи билан олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш чоралари кўрилди.

Мазкур буйруқ асосида вазирлик масъул ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимлари томонидан электрон ўқув ресурслари талаб даражасида ишлаб чиқилди ва масофавий таълим платформасидан фойдаланиш йўлга қуйилди. Шунингдек, талабалар учун масофавий курслардан фойдаланиши бўйича тегишли йўриқнома ишлаб чиқилди ва уларга масофадан тушунтирилди.

2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестрида белгиланган машғулотларга ажратилган соатларни талабалар томонидан масофавий таълим асосида ўзлаштириш (масофавий бериш мумкин бўлмаган лаборатория ва амалиётнинг бир қисми) июль-август ойларига ёки кейинги ўқув йилига ўтказилиши белгиланди. Олий таълим муассасасига юклатилган, талабаларга билим бериш мажбуриятлари олий таълим давлат стандартлари асосида бажарилиб келинмоқда.

Бугунги карантин кунларида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва ходимларига ўз вақтида ойлик маошлари, таътил пуллари ва талабаларга стипендиялар мос равишда Давлат бюджети ва олий таълим муассасаларининг контракт маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилганлиги муносабати билан уни ташкил этиш ва моддий-техник базасини яратишга ҳам олий таълим муассасалари томонидан қўшимча маблағлар сарфланмоқда.

Шу билан бир қаторда, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг асосий қисмини ташкил этувчи иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловлар харажатлари ўзгармайди, шунингдек, фақатгина коммунал хизматлардан карантин даврида фойдаланиш қисқариши ҳисобига қисман харажатлар камайса-да, базавий контракт қиймати ижтимоий миқдорда белгиланганлиги инобатга олинмоқда.

Олий таълим муассасалари ётоқхоналарида яшовчи талабалар ётоқхона учун ўқув йилида белгиланган тўловларни тўлиқ тўлаган бўлсалар, фойдаланилмай қолган ойларига тўланган маблағлари талабанинг ёзма мурожаатига асосан қайтариб берилади ёки унинг розилиги билан кейинги ўқув йилига ўтказиб, ётоқхонада яшаши учун ҳисобланиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим

вазирлиги ахборот хизмати

loading...

1 ТА ФИКР

  1. бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизини қопламоқда, холос. Мазкур маблағлар профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қисман қопламоқда. Қолган харажатлар олий таълим муассасасининг бошқа молиявий манбалари ҳисобидан амалга оширилмоқда – институтларнинг бошка молиявий манбаси борми узи студентдан билмайдиганларга айтворинг илтимос. Яхшиси кискача килиб куп ёзув ёсмасдан камайтирилмайди деб куяколларинг.

Comments are closed.