Ўзбекистон мактабларида дарслар янги ўқув йилида ҳам онлайн режимида давом эттирилиши мумкин

0

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги 2020/2021-ўқув йилида ҳам мактаблардаги дарсларни масофадан ўтишга тайёрланмоқда, деб ёзмоқда daryo.uz. Вазирлик томонидан Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат Миллий телерадиокомпанияда «Онлайн мактаб» лойиҳаси учун доимий студия ташкил этишни кўзда тутади. Коронавирус пандемияси даврида телевизон видеодарслар намойиш этилган телеканаллардан халқ таълими тизимида масофавий таълимни ривожлантириш мақсадларида фойдаланиш тартибини сақлаб қолиш режалаштирилмоқда. Мазкур учта телеканалдан «Онлайн мактаб» лойиҳасини давом эттириш мақсадида фойдаланилади ва янада такомиллаштирилади.

Шунингдек, «онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб, 2020/2021-ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олишни йўлга қўйиш, мазкур видеодарсларни ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб бориш режалаштирилмоқда.

Қарорга кўра, ўқитувчилар ҳар бир ўтилган видеодарс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи, сурдопедагоглар эса 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ олади.

Платформа мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли бошланган масофавий таълимни тартибга солишга имкон бериши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида ўқув дастурлари ихтисослашган, ижодий мактаблар, шунингдек, мамлакатдаги президент мактаблари билан ҳамкорликда STEAM (фан, технология, муҳандислик, санъат, математика) дастури асосида яратилади.

Бир ой ичида дарсларни тасвирга олиш студиясини техник жиҳозлаш, 1 сентябргача эса www.maktab.uz платформасини яратиш режалаштирилмоқда. Платформа ишини ташкил қилиш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг виртуал серверидан имтиёзли шартларда ресурслар ажратилади.

Мобил алоқа компаниялари смс хабарлар ва бошқа қўшимча хизматлар ёрдамида www.maktab.uz платформасини бепул асосда оммалаштириши керак бўлади.

Шунингдек, янги платформа Discovery, National Geographic ва BBC каналлари билан ҳамкорликда ҳужжатли илмий-оммабоп фильмлар намойиш этади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашиб, карантин қоидалари кучайтирилган тақдирда «онлайн мактаб» рукни остида телевизион видеодарсларни тасвирга олиш жараёни Республика махсус комиссия томонидан белгиланадиган тартибда амалга ошрилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан кейин барча таълим муассасалари ёпилган. Мактаб ўқувчилари учун бир қатор телеканалларда видеодарслар эфирга узатилди. Карантин вақтида теледарслар ўтаётган ўқитувчилар Тошкентдаги Президент мактабига жойлаштирилди. Мактаблардаги якуний имтиҳонлар эса ўтказилмайдиган бўлди.

loading...