СУСАННА… (13-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча ичкарига иккита милиционер кириб келди. Уларни кўрганимдан сўнг барча умидларим сўниб, аъзойи баданим нафрат алангасида ёна бошлади.

Демак, тушимга кирган мўйсафиднинг сўзларида жон борга ўхшайди. У мени мана шу хавфдан огоҳ этган экан. Эҳ, шу жойларга нега келдим ўзи? Ўша болали аёлни олиб келмасам, куним ўтмай қолмасди-ку! Худо мени нега бу қадар шўрпешона қилиб яратди? Нега?.. Қийноқларнинг, синовларнинг чек-чегараси бўлиши керак эмасми? Бошимни қай деворга урмай, балолар исканжасидан қутула олмасам. Нима қилай? Кимга додимни айтаман? Мени эшитадиган одам борми бу дунёда?!

Надоматлар бўлсинки, ҳозир оҳ-воҳ чекиб ўтиришдан фойда йўқ. Милиционерлар уйдаги курсиларга ўтириб, ёзув-чизув, сўроқ-саволга киришиб кетишди.

— Хўш, йигит, нега хотинингни калтакладинг? — дағдаға аралаш сўради улардан бири. — Сабаби борми?

— Вой, милиса болам, — гапга аралашди қайнонам. — Яхшиям мен кеп қолдим. Йўқса ўлдириб қўйишданам тоймайди, бу номард.

— Нима, тилинг танглайингга ёпишиб қолганми? — қайнонамнинг сўзларига эътибор қилмай сўрашда давом этди милиционер. — Гапир тез!

— Мен ҳеч кимни калтакламадим. — дедим бўшашиб. — Туҳмат қилишаяпти.

— Туҳмат? — ўрнидан туриб кетди Шарифа. — Ким туҳмат қиляпти? Мана, оёқларимни тепавериб, моматалоқ қилиб юборди!..

— Қаерда ишлайсан? — тағин менга юзланди милиционер.

— Ишламайман, ўқийман.

— Қаерда?

— Университетда.

Бу гал ҳам Шарифа орага тушди.

— Менинг пулларимга ўқияпти-да, бу бойвачча! Эртадан кечгача бозорда эшакдай ишлаб пул топаман-у, шу ноинсофга олиб келиб тутқазаман. Ана, эндиям ўзи пул топиб ўқиб кўрсин-чи?!

— Бўпти, гапни чўзманглар, — деди милиционер ўрнидан туришга чоғланиб. — Аризангизга асосан буни қамаб қўямиз. Яхшигина жарима тўласа, эси кириб, кўзи очилади.

— Ака, илтимос, бунга тайинлаб қўйинглар, уйга қайтмасин! Мен барибир ажрашаман. Эрта-индин судга ариза топшираман. Уйниям, машинаниям номимга ўтказиб берсин! Керакмас менга бунақа эр!

— Ўтказиб беради. Ўтказмай қаерга борарди. Қани, юр, олдимга туш! — буюрди милиционер шеригига қараб олиб. — Тезроқ бўл!

 

* * *

 

Мен қанча ўйламай, ич-этимни емай, Шарифанинг асл мақсадига тушуна олмадим. Агар ажрашишни хоҳласа, машинани тортиб олиш нияти бўлса, яхшиликчасига гаплашиш мумкин эмасмиди? Шунча жанжаллар кўтаришининг маъниси нимада? Билади, мен ўша эркакка эркаланиб айтган сўзларини эшитдим. Ўша эркак билан ораларида нимадир борлиги аниқ. Ҳаммасини англаб турибди. Нега шармандалик йўлига ўтиб олди? Муддаоси нима?..

Бахтга қарши, бу саволларга жавоб йўқ эди.

«Ялинмайман, бош эгмайман, — ўйлардим ўзимча. — Эндиги ҳаётим заққумга айланса ҳам, олиб бориб жарга қулатишса ҳам менга барибир. Жуда дўппи тор келса, ҳаммаси бир неча сониялик қийноқлар билан тугашини биламан. Ҳа, ўлиш учун нари борса саноқли дақиқалар зарур бўлади. Ундан кейингисига Худо пошшо! Ҳақоратлар, туҳматлар, шармандаликлар, нонкўрлигу юзсизликлар… Буларнинг барчаси нисбий нарсалар. Менинг бир томчи кўз ёшимга арзимайди булар. Хўш, шундай экан, нега ўзимни пастга уриб манавиларга ёки Шарифага ўхшаган сурбетларга ёлворишим, пойида тиз чўкишим керак? Бу менга нима наф беради? Баттар лойга қориштиради. Устимдан кулишади. Йиқилсам, устимга чиқиб тепкилашади».

Ҳа, бўш келмайман! Ҳаммасига, қийноқларга сукут сақлаб бардош бераман. Токи метин иродам олдида буларнинг ўзлари хижолатдан бош эгиб қолишсин!

Милиционерлар мени бўлимга олиб кириб, баъзи қоғозларга имзо қўйдиришди-да, камералардан бирига қамаб қўйишди.

Нимқоронғи камеранинг бир бурчагида мен тенги бир йигит тиззаларини қучоқлаганча жим ўтирарди. Калта енг футболка кийиб олгани сабабли икки билаги илма-тешик бўлиб кетганига кўзим тушди. Ҳойнаҳой, бу гиёҳванд бўлса керак, билагида соғ жойнинг ўзи йўқ, игна излари ўрни кўкимтир тусга кирганди.

Йигит мени кўрди-ю, даст ўрнидан турди. Бирпас бошимдан оёғимгача кузатиб тургач, бир бош силкиб олиб, саволга тутди:

— Нега қамашди сени?

Аввалига жавоб беришни хоҳламадим. Йигитнинг саволи ғашимни келтирди. Лекин бироз ўйлаб олиб, сукут сақлашни қўрқув аломати деб билдим ва ёлғондакам жавоб қилдим.

— Биттасини ўласи қилиб калтаклагандим.

— Ким эди у? Қишлоқимиди?

— Шунақа десаям бўлади.

— Нима, пулингни ўғирладими? Ё нашага пул бермадими?

Бундай лаҳзаларда сал совуққонроқ, гапдонроқ бўлишим шарт эди. Гиёҳвандларга кўп бора рўбарў келганман. Сал бўшашганингни сезишса, борингни шилиб олишга уринишади. Бир дақиқалик кайф-сафо учун ҳеч нарсадан қайтишмайди.

— Юрадиган қизимга гап отганди, — дедим хаёлимга келган гапни қайтармай. — Кечириб ўтирмадим.

— Вой ифлос-эй, — тишларини ғижирлатди гиёҳванд. — Бўйнини узиб ташламабсан-да!..

— Сал қолди.

Гиёҳванд негадир суҳбатни давом эттириш ўрнига бир-икки бўйнини қийшайтириб олган бўлди-да, жонҳолатда оёқларини, билакларини уқалай бошлади. Ним қоронғиликда ранги докадай оқариб кетганини ҳам билиб олиш қийин эмасди.

— Нима бўлди? — сўрадим гарчи хумор тута бошлаганини пайқаган бўлсамда. — Бирор ёрдам керакми?

— Ж-жонга тег-гди, — деди хириллаб камерадошим. — Вей, оғайни, бирор учли нарсанг йўқми-а? Учи ўткир буюминг борми деяпман? Нега индамайсан?

— Уни нима қиласан? — сўрадим ўзимни гўлликка солиб.

Гиёҳванд сал бўшашган кўйи аста қаддини ростлади-да, ташқарига ишора қилди.

— Ҳ-ҳозир томиримни кесиб қон чиқарсам, санчастга обориб ташлашади. Бир ҳафта маза қилиб дам олардим.

— Барибир, шу ерга қайтиб келасан-ку! — дедим унинг мақсадини тушунмай. — Нима фойдаси бор?

— Бўпти, сен, барибир, тушунмайсан.

У гапни кесиб секин камера эшигига яқин борди ва оёқлари билан тепа бошлади.

— Ҳой, начайлик, эшикни оч! Сигарет берларинг менга!

Сал ўтгач, камера эшиги очилиб, соқчилардан бири уни ташқарига олиб чиқиб кетди.

 

НАРГИЗА

 

* * *

Тунни деярли бедор ўтказдим. Гиёҳванднинг инқиллаб чиққани майлийди. Агар шунинг ўзи бўлса, безовталанмасдим. Камерани зир айланганча уёқдан буёққа чопаётган суваракларни кўргач, буткул тинчимни йўқотдим. Улар кўринишидан суваракка ҳам ўхшамасди. Беўхшов овоз чиқаришлари каламушни ҳам эслатиб юборарди.

Эртаси куни ичим зардобга тўлиб ўтирганимда, соқчи камера эшигини шарақлатиб оча бошлади.

Тонг маҳали гиёҳвандни олиб чиқиб кетишганди. Тағин олиб келишдими деган хаёл миямга урилиб юрагим орқага тортди. Очиғи, туни билан унинг аянчли инқиллаши, уйқу орасида даъфатан тиззамга шапатилаб қолиши жонимга текканди…

Йўқ, соқчи ёлғиз кириб келди.

— Тур, кетдик судга! — буюрди у совуққонлик билан. — Ул-бул нарсанг бўлса олвол! Тағин биз балога қолиб юрмайлик!..

Мен соқчининг кузатуви остида ташқарига чиқдим. Милициянинг деразаларига темир панжара ўрнатилган машинаси мени олиб кетишга шай бўлиб турарди.

Милиционерлар яна икки пиёнистани мен чиққан машинага ўтқазишди ва биз суд залига жўнадик.

Йўқ, қаршимда афти-ангори бир аҳволда кетиб бораётган пиёнисталарга боқиб сира ҳайрон бўлмасдим. Уларга нисбатан қалбимда масхаралашга арзирли туйғу ҳам зоҳир эмасди. Нимамга масхаралайман? Иккови ҳам ҳеч нарсанинг ташвишини қилмайди. Қўлига пул тушса, дўкондан ароқ олади-ю, ичиб маст бўлади ва гўё еттинчи осмонда парвоз қила бошлайди.

Асосийси, ётиб қолгунча ичганда ҳам эмаклаб бўлса-да, ўз уйига кириб боради. Ҳеч бирини кимдир қўлидан етаклаб ташқарига чиқариб қўймайди. Тили узун. Чунки ўз уйи бор. Ҳарқалай, мен каби суддан чиққач, қаерга бориш, қаердан паноҳ қидириш ҳақида бош қотирмайди. Улар чинакамига бахтли одамлар.

Суд залидан баттар бўшашиб чиқдим. Юз минг сўм жарима ёзишди. Бу ҳам майлийди, паспортимни қўлимдан тортиб олишди. Қачон жаримани тўласам, ўшанда қайтаришармиш.

Катта шаҳарда ҳужжатсиз юришнинг ўзи бўларканми?! Уйинг, тайинли иш жойинг бўлса-ку, ташвиш чекмайсан. Ишдан кела солиб уйга кирасан. Аммо мен каби кўча кезишга маҳкум кимсаларга осон кечмайди. Милиционерлар ҳар қадамда тўхтатиб ҳужжатингни сўраши мумкин. Кўрсата олмасанг, тағин қамаб қўйишади. У ерда эса иштонини ҳўл қилган боладек биқиниб ўтираверасан…

Шу лаҳзаларда бобом раҳматлининг қадри ўта бошлаганди. Қачон ҳозиргидек аҳволда қолсам, «Йўқ, бу йўлдан кетишинг тўғри эмас, мана бунисидан юр, афсусланмайсан» дея маслаҳат берарди. Ҳозир эса нима қилишни билмайман, қай кўчадан кетиш мумкинлигига фаҳмим етмайди.

Ярим соатча катта йўл четида ўтириб бош қотирдим. Чўнтакда ҳемири йўқ. Итдай очман. Азбаройи чанқаганимдан кўзларим олма-кесак териб ичимлик сув қидираман. Бахтга қарши шаҳарда сув ҳам сотилади.

Аламим келди. Наҳотки, бир пиёла сув сотиб олишга қурбим етмаса? Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Кимдан нажот сўрайман?

Шундай ўйлар миямни кемириб турганда, оғир сумкасини инқиллаганча кўтариб келаётган кекса бир кампирга кўзим тушди. Кампир рўпарамга етгач, қўлидаги юкни ерга қўйди-да, шундоқ ёнбағирдаги бетон устига ўтириб олди.

— Бечора онахоннинг ҳеч кими йўққа ўхшайди, — кўнглимдан ўтказдим. — Менга қараб-қараб қўйяпти. Ҳойнаҳой, кўмак сўрагиси келаяпти-ю, ийманаяпти. Ўзим бориб сўрасаммикан? Башарти ёрдам керак бўлмаса, уришиб ташламасмикан? Шаҳарда шартаки аёллар кўп бўлади дейишарди. Уларга билмай гапириб қўйсанг, нақ балога қоларкансан. Дод-вой қилишдан ҳам тойишмас экан. Йўқ, таваккал бораман олдига. Еб қўймас, ахир!

Мен эҳтиёткорлик билан кампирга яқинлашиб, мулойим оҳангда сўрадим:

— Онахон, мабодо ёрдам керак эмасми?

— Вой, онанг айлансин, яхшиям сен бор экансан, — дея ўрнидан туриб кетди кампир. — Қара, бозорга тушгандим, шу ерга етганда юкларимни кўтаришга кучим қолмади.

— Қаерда турасиз? Мен обориб бераман.

— Раҳмат, ўргилай, раҳмат! Мен-чи, ҳов анави тўққиз қаватли домда тураман. Тўққизинчи қаватда, ҳа! Обкириб берсанг, дуо қилардим, болам!

— Хўп, бўлади, қани, кетдик унда!

Бу мен учун жуда қулай вазият эди. Кампир кўнгли очиқ аёлга ўхшайди. Ҳеч қурса, сув берар. Ўлар жойда эмас-ку!

Юкларни қўлимга олдим-да, унга эргашдим.

Биз борадиган манзил икки юз метрча нарида экан. Ҳаш-паш дегунча лифтда кампирнинг квартирасига чиқдик.

— Юр, уйга кир! — деди уй бекаси аҳволимни англагандек. — Сенга чучвара сузиб бераман. Мусофирга ўхшайсан! Илойим умрингдан барака топ, болам! Оғиримни енгил қилдинг-а! Кам бўлмагин!

Кампир мени алқай-алқай ошхонадаги стол қаршисига ўтқазиб, чучвара иситиб келди.

— Ол, тўйгунингча еб ол! — деди у елкамга қоқиб. — Сени менга Худонинг ўзи етказди.

Бекорга «Йўқсилнинг қорни тўйса, дарди арийди» дейишмаган-да! Бир коса овқатни паққос тушириб, кетидан қайноқ-қайноқ кўк чой ичгач, ташвишлар унут бўлган каби енгил нафас олдим.

Лекин бу тахлит ўтираверсам, бир тийинсиз кўчада қолишим ҳеч гап эмас. Шундоқ ҳам бир соатча қолиб кетдим. Бир амаллаб мардикор бозорига етиб олишим керак. Тушга яқин иш берадиганларни чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмай қолади.

— Энди мен борай, она! — дедим гарчи бу уйдан сира кетгим келмаётган бўлса-да, истар-истамас ўрнимдан қўзғалиб. — Овқат жуда мазали бўпти. Раҳмат!

Кампир пича менга сирли боқиб турди-да, йўлимни тўсди.

— Сезиб турибман, — деди маъноли жилмайиб. — Сен ўғри, баттолга ўхшамайсан. Ё уйдан чиқиб кетгансан, ё энди қишлоқдан келиб қўнимга жой тополмаяпсан. Тўғрими?

Очиғи, онахоннинг топқирлигига қойил қолдим. Бироқ дардимни айтишни ҳам, айтмасликни ҳам билмасдим. Гўё тилим танглайимга ёпишгандек бир муддат қотиб қолдим.

— Болам, — жавобимни кутмай давом этди кампир. — Мен сендайларнинг кўпини кўрганман. Мусофирлик айбмас. Агар бошингга ташвиш тушган бўлса, тортинмай гапиравер! Нима бўлди?

— Нима десам экан? — каловланиб гап бошладим. — Ҳ-ҳа, тўғри топдингиз. Мусофирман. Иш излаб келгандим. Тополмадим. Шунга ижарада туришга уй қидирсамми деб…

— Шундай демайсанми? Уялиб туришингни қара-я!.. Ўтир! Икковлашиб бир ўйлайлик-чи, ажабмас иложи топилиб қолса!..

Бу гаплардан сўнг қалбимда умид учқунлари порлади. Астойдил ўтириб олиб кампирнинг оғзига тикилдим.

— Биласанми, — шошилмай гап бошлади онахон. — Бир қўшним бор. Менга ўхшаган кекса кампир. Анча йилдан бери ўсал ётибди. Ҳеч кими йўқ шўрликнинг. Нечталаб қиз-йигитларни ижарага қўйди. Ҳеч бири кўнглига ўтиришмади. Ким билсин? Яхши қарай олишмади чоғи. Агар жирканмайман, кампирнинг дуосини оламан десанг, мен кириб бир кўнглига қўл солиб кўрардим.

— Қайдам? — дедим хижолат тортиб. — Қандай бўларкин?

— Э, қандай бўларди? Ош-овқатдан қайғурмайсан, турар жойинг аниқ. Ижарага пул тўламасанг. Фақат Тожиниса кампирни парвариш қиласан. Кирларини ювасан, керак бўлса, чўмилтирасан.

— Ўрнидан тура олмайдими? Шунчалик оғир касалми?

— Ҳа-да! Беш йил олдин инсультга учраб шол бўлиб қолган. Шифтга термули-иб ётгани ётган. Пешона экан-да!..

— Майли, қарайман, — дедим жонланиб. — Ишдан қочмайман, ишонинг!

— Жуда яхши. Фақат айтиб қўяй, Тожиниса холанг жуда инжиқ. Касаллик шунақа қилиб қўйган-да! Чидайсан.

— Хўп.

— Унда сен ўтира тур! Мен бирров кириб гаплашиб кўраман. Шу баҳонада ҳолидан хабар оламан.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...