«Қизим қизларга ўхшамайди»

0

— Қизим 15 ёшда бўлишига қарамай, тенгқур дугоналаридан фарқ қилади: қизларга ўхшаб чиройли кўйлакларга қизиқмайди.

Сочини бежирим турмаклаш, пардоз-андоз қилишга ҳам бепарво. Ўртоқларининг кўпчилиги ўғил болалар бўлгани учунми, хатти-ҳаракатлари ҳам қўпол. Ҳолбуки у тенги қизлар чиройли кўйлак, пошнали туфли олиб беринг, деб онасини ҳоли-жонига қўймайди.

А.СОБИРОВА,

(Тошкент шаҳри)

* * *

— Акалари орасида ўғил боладек ўсган ёки ўғил орзусидаги ота томонидан ўғил боладек тарбияланган қизлар аксарият ҳолларда аёлликни қабул қилишни истамайди, ўғил болаларга эргашади, — дейди Тошкент вилояти педагогика коллежи психологи Дилором САЪДУЛЛАЕВА. — Бундай қизлар балоғатга етиш даврида бошқа тенгдошлари каби тезроқ «катта қиз» бўлишга шошилмайди. Танасидаги аёлликка хос белгиларни рад этишга ҳаракат қилади, ҳатто ўзгаришларни нафрат билан қаршилайди. Уларда шаклланган бу муносабатда атрофдагиларнинг ҳам «ҳисса»си бор. Масалан, ота ёки она қизининг ўғил болаларга хос ҳаракатларини маъқуллаб, «Бу менинг ўғлим», «Ўғил-қизим» деб баҳо бериши қизларнинг ўғил бола ролини маъқул кўриб, унга кўникиб боришига сабаб бўлади. Уларнинг ўғил болалардек кийинишга, қўпол ҳаракатлар қилишга мойиллиги ошади.

Аслида ўғил болаларча ҳаракат қиладиган қизлар доимо кўмакка эҳтиёж сезади. Масъулиятни зиммасига олишни истамайди, кимгадир эргашишга мойил, ташқи таъсирга берилувчан бўлади. Бундан ташқари, меҳнаткаш ва ҳаракатчанлик ҳам уларга хос. Бундай қизларнинг қобилияти намоён бўлган соҳа бўлса, уни ривожлантиришга ёрдам бериш зарур. Айтайлик, у спортга қизиқса, тажрибали аёл спортчига шогирд тушиши вазиятни ўзгартириши мумкин. Шунда у ҳам ёқимтой, ҳам ҳаракатчан қиз бўлиб, фаол ҳаёт тарзига, ўзидаги ўзгаришларга ҳам кўника боради.

Қизингизда аёлларга хос табиатни шакллантириш учун унга ёқадиган ишларни биргаликда бажаринг. Тикиш-бичишни ўргатадиган ўқув курсларга қатнашишига шароит яратиб беринг. Қўл меҳнатидан фойдаланиб, либосларини безатишига кўмаклашинг. Бу дидини шакллантиради ва ўғил болалар даврасидан узоқлашиб, қизлар томон яқинлашишига ёрдам беради.

Вояга етаётган қизларнинг асосий қисми, албатта, назокатли катта қизга айланишни бесабрлик билан кутади. Айниқса, онаси билан яқин бўлганлар аёлликка хос ўзгаришларни мамнуният билан қаршилайди. Чиройли кийинишга интилади. Пардоз қилиш, баланд пошнали пойабзал кийиш, ўзидан катта қизлар билан ҳамсуҳбат бўлишга интилади.

Ўсмирдаги бу хоҳиш нормал ҳолат ҳисобланса-да, катталар буни ҳар доим ҳам тўғри қабул қилавермайди.

Бу вазиятда унга зуғум қилмай, уй ичида кийиниб, пардоз қилиб кўришига рухсат бериш лозим. Ўрни келганда, она пардоз қилиш учун ҳали сал ёшлигини, шундоқ ҳам чиройли эканини тушунтириши фойдадан холи бўлмайди. Чунки тажрибасиз ёш қиз ўринсиз пардоз қилиши ёки керагидан ортиқ упа-элик ишлатиши мумкин. Бунда она фарзандига меъёрни белгилашга кўмаклашиши керак. Ўсмир қизлар ўзларидан 4-5 ёш катта опаларига мўлжалланган кийимларни харид қилишни, улардай кийинишни хоҳлайди. Бунда ҳам қизни ортиқча сиқувга олмай, кўнглидаги либосни кийиб кўришига рухсат бериш ва кийгач, ҳозирча бу либос унга мос эмаслигини, ҳали бунга бироз ёшлик қилишини тўғри тушунтириш лозим.

Агар истакларига қаттиқ қаршилик қилинса, у хоҳишларини бошқа жойда амалга ошириб кўради. Масалан, сумкасига пардоз буюмларини солиб, мактабга боргач, бўяниши ёки соч турмагини ечиб, сочларини ёйиб олиши мумкин. Уйида тўғри тушунтириш олиб борилмаган қизлар, одатда, ота-онасининг ёнида рисоладагидек — сочлари ўрилган, ҳеч қандай пардоз-андозсиз юради ва ўқишда сочларини ёйиб, кўз-қошларини бўяйди. Уйга қайтаётганда эса бўёқларини ўчириб, сочларини яна ўриб олади. Табиийки, буни ота-она сезмайди. Фарзандингиз кўча-кўйда шу ишларни қилмаслиги учун илк қизиқишларини жеркимаган ҳолда қабул қилиш, дўстона тушунтириш лозим.

Дилроз АБРАЕВА

ёзиб олди.

loading...