РОССИЯЛИК ПИЁНИСТА АКТЁР БИР БЕГУНОҲНИНГ БОШИНИ ЕБ, БЕВАСИНИ ҲАМ АРОСАТДА ҚЎЙДИ…

0

 

Эсингизда бўлса, яқинда россиялик машҳур актёр Михаил Ефремов маст ҳолда машина рулига ўтириш оқибатида қарама-қарши томондан келаётган фургоннинг йўлига чиқиб юборгани ҳақида хабар бергандик. Автоҳалокат туфайли фургон ҳайдовчиси Сергей Захаров оламдан ўтди. Ефремовни эса уй қамоғига жойлаштиришди. Қарангки, актёр яна бир балони бошлабди. У ўлимига сабабчи бўлган Сергейнинг иккинчи хотини Ирина Стерхованинг банкдаги ҳисоб рақами музлатиб қўйилди. Бева бир тийинсиз қолиб кетди.

Гап шундаки, Ефремов пиёниста бўлса-да, ҳар ҳолда машҳур-да. Мухлислар марҳумнинг оиласига моддий кўмак бериш ниятида яқин инсонлар кўмагида Иринага тегишли пластик карточка рақамини аниқлашган. Қарабсизки, пластик ҳисоб рақамига Россиянинг турли бурчакларидан пул келиб туша бошлаган. Ана шунда яна бир муаммо кўндаланг бўлган. Захаровнинг биринчи хотинидан икки ўғли бор экан. Кенжа ўғли жанжал бошлади. Иринани суюқоёқ дея ҳақорат қила бошлади. Пластикка келиб тушаётган пуллар аслида уларнинг ҳақи эканини айтиб туриб олди.

Алам қиладигани, Ирина пластик карточкаси рақами кимларгадир етказилгани, тарқатилгани, ҳисоб рақамга ёрдам пуллари келиб тушаётганидан буткул бехабар экан. Умуман, Ирина Интернетда ишлашни ҳам, бу тизимга киришни ҳам билмаскан. Жанжалдан кейин Захаровнинг икки ўғли банкка борган-у, ҳисоб рақамни музлатиб қўйишларини талаб қилган. Захарова ҳаммасидан хабар топиб банкка қўнғироқ қилган. Банкдагилар тез етиб боришини сўрашган. Борган. Барибир фойдаси бўлмаган. Банкдагилар то жанжал якун топмагунча, томонлар ўзаро келишиб олмагунча пуллар музлатилган ҳолда туришини айтишган.

Танишларининг айтишича, Ирина касалманд. Ўша пластик карточкасида ўзининг ҳам анчагина пуллари бор эди. Ногиронликдан тўланадиган нафақаларини йиғиб қўйганди. Тишларини даволатмоқчи эди. Ҳаммаси тугади. Ирина бошини чангаллаганча қолаверди. Яна бир алами келгани, ўша пластикка қанча пул келиб тушганини ҳам билмайди. Банкдагилар «анчагина бор» дейиш билан чекланишди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, актёр Михаил Ефремовга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. У камида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...