Билл Гейтсдан ҳам бой одам

0

Билл Гейтсдан сўрашди:

– Бу дунёда сиздан ҳам бой одам борми?

Гейтс:

– Ҳа, мендан ҳам бойи бор, – деб жавоб берди.

– Ким у? – сўрашди.

– Ўқишларимни тугатиб, «Microsoft» ширкатини қуриш ишлари билан учиб кетиш учун Нью-Йорк аэропортига бордим. У ерда бир газета сотувчисига кўзим тушди. Қўлидаги газеталардан бири диққатимни тортди. Қўлимни чўнтагимга солдим, майда пулим йўқ эди. Бироз узоқлашдим, ўша қора танли ва ёш газетачи бола ёнимга югуриб келиб:

– Жаноб, марҳамат, газета мендан сизга ҳадя, – деб газетани узатди.

Мен унга:

– Ёнимда майда пул йўқ, – дедим.

У ҳам:

– Мен буни сизга ҳадя қилдим, – деди.

Бу ҳодисадан роппа-роса 3 ойдан кейин айнан ўша аэропортда яна учрашиб қолдик. Бир газета диққатимни тортди. Яна чўнтагимда майдам йўқ. Бола газетани узатиб, «Олинг», деди. Мен унга: «Болам, ўтган сафар ҳам шундай ҳолат юз берганди. Сен шундай ҳолатда ҳар кўрган одамингга газета ҳадя қиласанми?» – деб сўрадим.

– Албатта, мен ҳадя берганимда чин қалбимдан бераман. Бу менга хурсандчилик улашади, хотиржам бўламан…

Билл Гейтс айтади:
– Бу гап менинг хаёлимни шундай қамраб олдики, бир савол қийнай бошлади: қизиқ, бу бола қайси мантиқ ва қайси ҳиссиётга асосланиб бундай деди?!

Орадан 19 йил ўтди. Моддий томондан ўзимни тиклаб, дунёнинг энг бой одамига айландим. Ўша боланинг яхшилигини қайтариш мақсадида бир гуруҳ туздим. Уларга ўша болани қидириб топишларини тайинладим. Уларга ўша аэропортга бориб, менга газета сотадиган қора танли болани топиб келишларини буюрдим. Бир ярим ойдан кейин бир жойда унинг қоровуллик қилаётганини билдим. Унга таклифнома юбориб, офисимга таклиф қилдим. Келганида:

– Мени танидингми? – деб сўрадим.

У ҳам:

– Албатта, Сиз Билл Гейтссиз. Сизни ҳамма танийди, – деди.

– Эсингдами, сен ёшлигингда газета сотардинг, менда майда пул бўлмаганди, сен менга газетани ҳадя қилгандинг. Буни нима учун қилгандинг?

– Бунинг маълум бир сабаби йўқ. Бир кишига эвазига ҳеч нарса кутмасдан бир нарса берсам, хурсанд бўламан, ҳузурланаман.

– Мен сенга ўша яхшилигингни қайтармоқчиман. Истаганингни сўра.

– Қанақасига қайтарасиз?

– Нима истасанг сўра, бераман…

Йигит кулиб туриб:

– Нима сўрасам, ўшани берасизми? Ростми?
– Ҳа, сўра…

– Сизга раҳмат, жаноб. Лекин ҳеч нарсага эҳтиёжим йўқ.

– Бир нарса сўрашинг керак, яхшилигингни қайтармоқчиман.

– Жаноб Билл Гейтс, сизнинг кучингиз кўп нарсага етади. Лекин менинг яхшилигимни қайтара олмайсиз…

– Нима демоқчисан? Қандай қилиб қайтара олмаслигим мумкин?

– Сиз билан менинг орамдаги фарқ, мен сизга ўзим муҳтож бўлиб туриб бердим, лекин сиз бойликнинг чўққисига чиққанда қайтармоқчисиз. Шундай экан, уни қайтара олмайсиз. Лекин сиз қилмоқчи бўлган яхшиликдан хурсанд бўлдим. Катта раҳмат.

Билл Гейтс айтади:

– Йигитнинг ўша гапи унинг мендан бой эканлигини ҳис қилишимга сабаб бўлди. Чунки, беришнинг энг яхшиси эҳтиёжинг бўлиб туриб беришингдир. Бу йигит айнан шундай қилди.

© Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

loading...