Рашид Холиқов Севара Назархондан нега хафа бўлди? (Видео)

0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов «M-kokteyl» кўрсатувига берган интервьюсида «Бир кам дунё» дуэтини муаллиф рухсатисиз, ўзгартириб куйлагани учун Севара Назархондан хафа бўлганини айтиб ўтди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Хонанда бир неча йил аввал суратга олинган режиссёр Мадина Мўминованинг «Бир кам дунё» сериали учун саундтрек сифатида куйланган ушбу қўшиқнинг яратилиши тарихини ҳам сўзлаб берди.

«Севарахон бу қўшиқнинг қандай яратилганини ҳам билмайди. Биз қўшиқ муаллифи Шуҳрат Зокиров билан кечалари ўтириб, айрим жойларини ўзгартириб, меҳнат қилганмиз. Бу қўшиқ йиллар давомида севимли бўлиб қоладиган қўшиқ бўлиб қолди. Ҳатто у ўзбек тилини билмайдиган чет элликларга ҳам ёққан.

Севара эса бу қўшиқни студияда ёзиладиган куни ёки ундан бир кун аввал эшитган. Бошида қўшиқни бир ўзим ижро этишим керак эди. Бироқ сериал режиссёри Мадина Мўминова қўшиқни Севара Назархон билан куйлашимизни таклиф қилди. Шундай қилиб «Бир кам дунё» дуэтга айланди. Халққа жуда манзур бўлди бу қўшиқ. Орадан йиллар ўтиб, Севаранинг концертларда, тадбирларда бу қўшиқни бир ўзи айтаётганини эшитдим.

Шуҳрат бу қўшиқнинг муаллифи, мен эса продюсер ва буюртмачиман, Севара эса бу қўшиқни бир ўзи куйлаяпти. Тўғрисини айтсам, бу ҳолат мени бироз ранжитди. Нимагаки, Шуҳрат менга «Рашид ака, менга телефон қилиб, шу қўшиқнинг муаллифлигини сўрашди», деди. Шунча йилдан бери мен сўрамаганман бу қўшиқнинг муаллифлигини», — дейди Рашид Холиқов.

Кўрсатувга бастакор Шуҳрат Зокиров ҳам таклиф этилган ҳамда ушбу масала юзасидан у ҳам фикр билдирган.

«Яқинда менга Севара Назархон қўнғироқ қилди ва шу қўшиқни айтмоқчилигини билдирди. Лекин у менга катта лойиҳа қилиб, Рашид Холиқовсиз бир ўзи куйлаб, телевидениега олиб чиқмоқчи эканлигини айтмади. У мендан муаллифлик ҳуқуқини менга берасизми, деди. Мен бу нотўғри бўлишини, чунки бу қўшиқнинг куйини мен яратганимни айтдим. У мендан куйласам бўладими, деб сўради. Мен бузмаган ҳолда айтилса, майли дедим. Ўшанда мен бу ерда Рашид ака умуман йўқлигини билмагандим», — дейди «Бир кам дунё» қўшиғи муаллифи, бастакор Шуҳрат Зокиров.

loading...