Толстой отарчилар ҳақида нима деган? Ёхуд мусиқа санъати эмас, саноати ҳақида…

0

Ижодни пулга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади…

… Жамоага бирлашган одамлар хавфсизлиги ва турмуш фаровонлиги ҳукумат, шунингдек, амалдаги қонунлар зиммасида. Дин, маърифат, адабиёт ва санъат, илм-фан эса гарчи унчалик босим ўтказмаса-да, аслида қонундан кучлироқдир.

Булар кишанларни гуллар билан безаб туради, эркинлик деб аталмиш азалий ҳиссиётни ўт олдирмай, муте ҳолидаги кишиларни кўрган кунига шукр қилиб, ҳаётни севиб яшашга ундайди. Бу эса уларни маданийлашган халқлар қаторига қўшади…

Бу истеҳзо Жан-Жак Руссога тегишли. У санъат ахлоқнинг покланишига ёрдам бера олмайди, деган қараш тарафдори эди. Қолаверса, у яшаган замон ва мавжуд “сиёсий иқлим” адиб шундай қарор қабул қилишига замин яратган бўлишиям мумкин.

Бироқ орадан кўп ўтмай, буюк Толстой ҳам мусиқа ҳақида фикр юритиб, у қалбни ўтмаслаштиради, дейди ва кинояли тарзда қўшиб қўяди: Галиция князларидан бири қаерда қул кўп бўлсин десанг, у ерда мусиқага куч бер, деган. Лекин ўлаётиб қулларни бошқаришдан чарчадим, дея тан олган…

Бу ўринда икки файласуф ёзувчи ҳам халқ ва миллатнинг шаклланишида юқоридаги унсурларнинг ролини инкор этмаган ҳолда бир хил фикр билдирмоқда. Яъни, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, манқурт билан буюк давлат ҳам, фаровон жамият ҳам қуриб бўлмайди…

Масалага шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, мусиқа, айниқса, замонавий тилда айтганда, шоу-бизнес маълум маънода эртанги ҳаётимиз, миллий руҳиятимиз контекстида сезиларли из қолдиради.

Эсингизда бўлса, илгарилари қўшиқчилар давлат ва жамият ўртасидаги воситачидек эди. Катта-катта байрамлар, шоулар, концерт дастурлари гўё қўшиқ ва яллалар ҳаётимиз мазмунига айланган, ҳаммаёқ тангур-тунгир, ликир-ликир, давлатнинг ҳамма теле ва радио каналларида устма-уст мусиқий дастурлар…

Ҳар байрамда юзлаб қўшиқчилар давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган, мамлакатда қўшиқчидан аъло одамнинг ўзи йўқдай таассурот пайдо бўлиб қолганди. Нега шундай қилинганини ақлли одамлар бугун дарров тушунди. Аксига олиб Шавкат Мирзиёев бу сиёсатга кескин қарши чиқди.

У ўзининг бу борадаги эътирозини 2017 йил зиёлилар билан учрашувда қуйидагича баён қилганди: «Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ. Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади…»

Хуллас, Президент ўз қараши билан халқни бу тахлит чалғитиш, қўшиғу яллаларга кўмиб ташлаб вазиятни ўнглаш адолатли иш эмаслигини ифода этгандай бўлди. У бу билан гўё қўшиқчилар ёрдамидан воз кечди, ўзининг кучига ишонди.

Ишонмасангиз қаранг, кейинги уч-тўрт йилда бўлар-бўлмас яллачиларга давлат мукофотлари бериш, ҳуда-беҳуда улардан қаҳрамон ясаб халқнинг ғашига тегиш сиёсати барҳам топди. Албатта, бундан баъзи бир гуруҳлар норози бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Айниқса, мукофотлар олиш-бериш жараёнларида. Лекин шахсан мен буни тўғри бўлди, деб ўйлайман.

Бугун мусиқа ва қўшиқчиликдаги сиёсатимиз хийла издан чиққан, десак янглишмаган бўламиз. Худди қўзиқориндай бодраб чиқаётган хонандаларнинг адоғи кўринмайди. Сочи силлиқ таралган, қулоғига ҳалқа тақиб, тор шим кийган, жинси одамда шубҳа уйғотувчи бу тоифа қаёқдан пайдо бўлаётир?

Телеэкранлар шу “бойвачча”лар билан банд. Кўнгилочар газеталар “замонамиз қаҳрамонлари”ни “эстрадамиз юлдузи” деб олқишлайди. “Юлдуз” эса беҳаёларча сизга қадалиб қарайди ва қўлини бигиз қилиб беўхшов қўшиқ айтади. Хўш, уларни ким илҳомлантирмоқда?

Гоҳида, бир пайтлар биз миллий эталон сифатида қараган Фарҳодмонанд, жасоратли, кучли-қудратли ёки Отабекдек тарбия кўрган ва бу хислат юз-кўзида силқиб турган йигитлар, нима, ўтмишда қолдими, деб ўйга толасан, киши.

Болаларимизга бундай беҳаё қилиқларни чиройли қилиб кўрсатаётган сўхтаси совуқларга тўзим борми, дегинг келади. Уч-тўрт алмойи-алжойи хониши билан кўриниш бергач, катта экранга чиқиб, ақл ўргатади. Тарихи неча минг йилдан зиёд бу улуғ халққа қандай яшамоқдан “сабоқ” беради, ҳатто алқаб дуога қўл очишга ундайди.

Хўш, бу оммавий маданиятнинг нима ҳақи бор бундай қилишга?! У кимнинг арзандаси ўзи? Албатта, бундай ғазаб ҳозир аксарият кўпчиликнинг юрагида тўлиб-тошмоқда.

Зеро, пичоқ бориб суякка қадалди.

Бугун қўшиқчилик телевидение орқали ўз атрофига энг катта аудиторияни йиға олиш имконини намоён этди. Демак, ёшлар тарбиясига унинг таъсири жуда катта.

Шундай экан, жамоатчилигимиз қўшиқчилик ҳақида экран маданияти, шоу тадбирлар ва радиотўлқинлар, айниқса, арзонгаров дисклар орқали тарғиб этилаётган майнавозчиликлар ҳақида жиддий ўйлаб кўрмоғи лозим.

Биринчидан, ижрочининг овози, маҳорати, ахлоқ-одоби, қолаверса, бадиий тафаккурини кўрикдан ўтказиб, ундан сўнг унга рухсатнома бериш керак.

Иккинчидан, қўшиққа солинаётган матннинг бадиий-эстетик, ғоявий-маърифий қиймати мутахассислар томонидан, албатта, кўриб чиқилиши шарт. Негаки, бугун аксарият хонандалар, бошловчилар ҳам, халқ артистлари ҳам косиб-шоирлар ёзган маъно-мазмунсиз, яъни, маърифий аҳамияти бир пулга қиммат матн билан репертуарини “бойитаётир”.

Бундай қўшиқлар одамларнинг вақтини олишдан ўзгага ярамайди. Соҳа ислоҳотни талаб этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, миллий ахлоқ ва тафаккурга зиён етказади. Агар, бирон-бир тадбиркор нотўкис оёқ кийими ишлаб чиқарса, у сизнинг оёғингизни майиб қилиши мумкин. Паст савияда ёзилган қўшиқ эса миллион-миллион дидларни ўтмаслаштиради.

Афсуски, ҳозир Ўзбекистонимизда “юлдузлар” ширкати гуллаб-яшнамоқда. Биз ҳатто экранга сиғмай қолмасин, деган хавотирда янгидан-янги телеканаллар очмоқдамиз.

@platforma.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here