Коронавирус: микробни ўлдириб юборувчи юзалар

0

Инфекция танамизга кирмасидан аввал уни тўхтатиш имкони бор — худди ҳашарот қаноти устидаги каби қатлам яратиб, лифт тугмачалари ва эшик тутқичларини микробларни ўлдирувчи ёки уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи қатлам билан ёпиш зарур.

Бир йилда ўн миллион ўлим. Ақл бовар қилмас рақамлар, аммо Лондон Империал коллежининг (Буюк Британия) юқумли касалликлар бўйича тадқиқотчиси Жеральд Ляруа-Момю айнан шундай фикрда, деб ёзмоқда kun.uz.

Агар барча патоген микроблар антибиотикларга — касалликлар билан курашда асосий таянчимизга чидамлилик кўрсатадиган бўлса, бу дунёмиз учун аянчли оқибатларга олиб келади.

Ҳозирги кунда ҳар йили 700 минг киши дорилар билан даволаб бўлмайдиган касалликлардан вафот этади. Сўнгги 10 йил ичида зарарли бактерияларга қарши фойдаланишимиз мумкин бўлган дорилар рўйхати эса кўз ўнгимизда қисқариб бормоқда.

Шу билан бирга, бошқа патогенлар — замбуруғлар, вируслар ва паразитлар ҳам дориларга нисбатан чидамлилигини оширмоқда ва бу жараён биз янги воситаларни ишлаб чиқишимиз билан деярли бир хил тезликда содир бўлмоқда. Бу шуни англатадики, улар келтириб чиқарадиган касалликларни даволаш қийинлашади.

Ляруа-Момю огоҳлантирганидек, «агар ҳеч нарса қилинмаса, йилига 10 миллион киши қурбон бўлади».

У микробларга қарши курашнинг янги усулларини излаётган олимлардан биридир. Ляруа-Момю ушбу микроорганизмларнинг одамдан одамга юқишида воситачи бўлиб хизмат қилувчи юзаларни антимикроб қуролларга айлантиришни режалаштирмоқда.

«Биз ҳар куни тегинадиган юзалар инфекцияни юқтиришнинг эҳтимолий воситасидир», дейди Ляруа-Момю.

Масалан, Covid-19 касаллигини келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вируси картон юзаларида 24 соатгача, пластмасса ва металлда (зангламайдиган пўлатда) уч кунгача яшаши мумкин (гарчи олимлар у ўзининг сифати ва юқумлилигини қай даражада сақлаб қолиши масаласида баҳслашишса ҳам – таҳр.).

Баъзи бактериялар, шу жумладан ичак таёқчаси ва олтинранг стафилококк, баъзан жонсиз нарсалар юзасида бир неча ой давомида яшовчан бўлиб қолади.

Бу доимий дезинфекциялаш ва биз тез-тез тегиб турадиган сиртларни тозалаш муҳимлигини таъкидлайди.

Баъзи олимлар, юқумли микроорганизмларни бизнинг танамизга киришидан олдин ҳам йўқ қилишимиз мумкин, деб тахмин қилишади — шунчаки сиртларнинг тузилишини ўзгартириш ёки бу сиртларни вируслар ва бактерияларни тезроқ йўқ қилувчи махсус қатлам билан ёпиш орқали.

Ляруа-Момю мис қотишмаларига ишонмоқда. Мис ионлари ҳам антибактериал, ҳам антивирус таъсирга эга бўлиб, атиги икки соат ичида 99,9 фоиздан ортиқ бактерияларни йўқ қилишга қодир.

Мис намлик билан алоқа киришган ҳолда микробларга қарши хусусиятларини фаоллаштирувчи кумушдан ҳам самаралидир.

«Инсоният мисдан уч минг йиллардан бери фойдаланиб келмоқда, — деб таъкидлайди Ляруа-Момю. — Ҳатто қадимги юнонлар мисдан тиббиёт асбоблари ва ошхона анжомларини ясашган».

Шунга қарамай, бугунги кунда мис тиббий муассасаларда камдан кам қўлланади. У қиммат металл, уни коррозияга олиб келмасдан тозалаш қийинроқ. Шунингдек, ҳаммага ҳам унитазнинг металл ўриндиғи ёқмайди…

Вақт ўтиши билан мис ўз ўрнини аввал зангламайдиган пўлатга, сўнгра енгил ва Ляруа-Момюнинг сўзларига кўра ҳар фойдаланишдан сўнг стерилизация ҳақида ўйлаб ўтирмай ташлаб юбориш мумкин бўлган арзон пластмассага бўшатиб берди.

Лазер билан ишлов берилган мис юзаси бир неча соат ичида антибиотикларга чидамли бактерияларнинг юқори концентрацияланган штаммларини ҳам ўлдириши мумкин.

Ваҳоланки, ҳамма юзани мис билан қоплашни тасаввур қилиб бўлмаса ҳам, Ляруа-Момюнинг фикрича, микроблар тарқалишининг олдини олиш ва юқтиришни камайтириш учун ушбу металлни одамлар доимий равишда тегинадиган «қайноқ нуқталар» қотишмаларида ишлатиш кифоя қилади — масалан, лифт тугмачалари, эшик тутқичлари ва бошқалар.

Бундан ташқари, қўпол қоришма тайёрлаш орқали мис сиртларига лазер билан ишлов бериш мумкин, бу юза майдонини ва унинг юзасида йўқ қилиниши мумкин бўлган бактериялар миқдорини ошириш имконини беради.

Ушбу технологияни ишлаб чиққан Пердью университети (Индиана штати) тадқиқотчилари бундай сирт бир неча соат ичида антибиотикларга чидамли бактерияларнинг юқори концентрацияланган штаммларини ҳам ўлдириши мумкинлигини аниқлашди.

Бундай ишлов бериш нафақат эшик тутқичлари учун, балки, масалан, тиббий имплантлар учун ҳам фойдали бўлади, инфекция хавфини камайтиради.

Сирт тўқимасини ўзгартириш бўйича бошқа тавсиялар ҳам мавжуд.

«Чирилдоқлар қанотлари ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эга», дейди Мелбурн Қироллик технология университетининг молекуляр биокимёгари Елена Иванова (Австралия).

Уларнинг қанотлари гидрофобик хусусиятларга эга, улар юзасидаги сув томчилари ифлослантирувчи моддалар билан бирга сирпаниб тушади.

Бундан ҳам муҳими, унинг таъкидлашича, чирилдоқнинг қанотлари юзада бактериал колониялар пайдо бўлишига тўсқинлик қилувчи майда шохчалар билан бириктирилган.

«Бу табиат томонидан бактериал ҳужайраларни йўқ қилиш учун яратилган ноёб механизм», — дея тушунтиради Иванова.

Тўйинганлик, геометрик хусусиятлар, шунингдек бундай сиртни тайёрлаш усули ҳамда материаллари қайси микроблар билан курашиш режалаштирилганига боғлиқ бўлади.

Иванованинг сўзларига кўра, мураккаб зигзаг тузилиши сув ва ҳаво фильтрларида айниқса самарали.

Табиатнинг ўзи юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашнинг барча турларини таклиф этади. «Эфир мойларининг антибактериал ва вирусга қарши восита сифатида самарадорлиги тўғрисида кўплаб далиллар мавжуд», — дейди Наcьональ де Мар дель Плата университети кимё муҳандиси Алехандра Понсе (Аргентина).

Масалан, кўплаб косметик маҳсулотларнинг ўткир ҳидли таркибий қисми бўлган чой дарахти ёғини олайлик. Понсенинг сўзларига кўра, экспериментал тадқиқотларда чой дарахти мойи аэрозолининг вирусга қарши кучли таъсири борлиги ва 5-15 дақиқа ичида вирус намуналарини 95 фоиздан ортиқ самарадорлик билан блокировка қилишга қодирлиги аниқланди.

Шунга ўхшаш тадқиқотлар фақат тажриба босқичида. Назарий жиҳатдан, бундай табиий материаллар микробларга қарши қопламага айланиши мумкин, аммо асосий таркибий қисмларнинг аниқ миқдори ва ушбу қопламалар микроорганизмларнинг айнан қайси турига қарши туриши ҳақида кўп нарсани аниқлаш керак.

Аммо умуман олганда, микробларга қарши юзалардан потенциал фойдаланиш кўлами жуда кенг.

loading...