Муҳаммад Али Равшан олимпия ўйинлари финалида ютқазса ҳам, нима учун бутун дунё уни олқишлаган эди?

0

1984 йилда Муҳаммад Али Равшан япониялик Яхусиро Ямаситага қарши татамига чиқди. Бу шов-шувли жангда Равшан ютқазган бўлса-да, нима учун бутун зал Равшанни қўллаб-қувватлаб олқишлаган эди?

* * *

Лос-Анжелесдаги олимпия ўйинларида татамига икки рақиб чиқди – япониялик Яхусиро Ямасита ва мисрлик Муҳаммад Али Равшан. Бу финал учрашуви эди. Япон дзюдочиси финалгача бўлган курашларнинг бирида жиддий жароҳат орттириб олган эди. У ўнг оёғини деярли қимирлата олмас эди. Бутун жанг давомида Равшаннинг тренери рақибининг ўнг оёғига зарба беришни айтиб бақирар эди. Равшан шундай қилса, ғалаба нақд эди. Бутун зал ҳам бу ҳолни аниқ билиб турар эди. Аммо мисрлик спортчи бундай ҳаракат қилишдан воз кечди ва ютқазди. У кумуш медал билан кифояланди.

Жангдан сўнг журналистлар унинг атрофини ўраб олишди. Уларнинг саволлари битта эди: «Нима учун, нима учун шундай қулай имкониятдан фойдаланмадингиз?» Муҳаммад уларнинг саволларига:

«Диним мени ярадор, шикастланган, мажруҳ бўлган аъзоларга уришдан ман этади. Агар мен унинг касал оёғига зарба берганимда, у бир умрга мажруҳ бўлиб қолар эди. Олтин медал эвазига ҳам мен унга бу нарсани раво кўрмасдим», – дея жавоб берди. Бутун залдаги одамлар унинг бу жавобини тик туриб олқишлар билан қарши олдилар.

Ҳалол ўйин учун халқаро қўмита эса уни «йил спортчиси» унвонига лойиқ деб топди.

Равшан кейинроқ Японияга ташриф буюрганида, уни қирол даражасида кутиб олишди.

Хабарларга кўра, Муҳаммаднинг бундай ҳаракатини эшитган дунёдаги мингларча инсонлар исломни қабул қилганлар.

«Биз Қуръон оятларини ҳаракатларимизда, феълларимизда кўрсата олсак, яъни Қуръонни феълан ўқисак, инсонлар тўп-тўп бўлиб исломни қабул қиладилар!»

 

Шоолим ШОМАНСУР таржимаси

loading...