«Нега қўрқаман?.. Нега юрагим шув этади?..»

0

Бекат ёнида турган ГАИни кўриб, юрагим шув этиб кетди. Яқинлашиб борсам, ГАИ эмас, оддий ёнғин хизмати ходими экан. Бирдан ўйлаб қолдим: нега қўрқиб кетдим? Қоидани бузган бўлмасам, ҳужжатларим жойида бўлса! Бу қўрқув қаердан келди?

Ишхонага киришим билан ходимлардан бири қўлимга хатжилд тутқазди.

– Нима бу?

– Солиқдан келди…

Юрагим шув этиб кетди. Шоша-пиша хатжилдни йиртдим. Хатда корхонамиз томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай инновацион ғояни қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам бериши ёзилибди. Жуда яхши! Лекин… нега мен хатни кўриб қўрқиб кетдим? Давлатдан бир сўм қарзим бўлмаса, солиқни вақтида тўлаб турган бўлсам, нега юрагим шув этади?

Ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетдим. Нега бунақа қўрқоқ бўлиб қолдим? Қўрқув қачон кириб улгурди? Ҳар нарсага шув этиб кетаверса, у муддатидан олдин тўхтаб қолади-ку!

Шу хаёллар билан оғриб ўтирган эканман, ғийқ этиб эшик очилди. Чўчиб тушдим. Қия эшикдан хатжилд берган ходимнинг боши кўринди. У кўзи билан кимнингдир келганини ишора қиларди. Юрагим шув этди.

– Ким келди?! – дедим ярим овозда… Нега бунақа гапирганимни ўзим ҳам билмайман.

Ходим ортга тисарилиб, остонада хотин пайдо бўлди. Қўлида одатдагидек сермазмун иккита сумка…

– Бозордан қайтаётгандим, бирров мўралаб ўтгим келди, яхши ишлаяпсизми?

Хоним йўл-йўлакай ишхонамга бир кириб ўтай дебди. Бор-йўғи шу! Лекин… анави ходимнинг “келди” ишорасидан нега қўрқиб кетдим? Ўзимнинг ишхонамда, ўз жамоам ичида, ўз ватанимда ўтирган бўлсам, ўғирлик қилаётганим, бировдан пора олаётганим ёки давлатнинг пулини туя қилиб (амалдорманми мен?!) ўтирган бўлмасам, нега қўрқаман?

Қўлим ишга бормади. Ким биландир гаплашиб ўтиргим келди. Телефонимни титкилиб, дўстлардан бирига хабар жўнатдим: “Ўртоқ, ишингни йиғиштир, бир жойга борамиз!” Хабар етиб бориши билан телефоним жиринглади.

– Ҳа, тинчликми?!

– Тинчлик, сени тушликка олиб бормоқчи эдим.

– Ўртоқ, шуни айтмайсанми? Нима экан деб, юрагим шув этиб кетибди…

Алишер НАЗАР

loading...