Карим Баҳриев: “Ёки у асли қўрқоқ, ё биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади”

0

❓ Сўнгги уч-тўрт йилда ўзбек матбуотида анча жонланиш сезилаётган эди. Бироқ газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатларини нима билан изоҳлайсиз?

‼️ Кўряпмизки, сўз эркинлигининг бор-йўқлиги мамлакатдаги адолатнинг бор-йўқлигини белгилайдиган омилдир. Агар сўз эркинлиги бўлса, иқтисод ҳам ривожланади, коррупция ҳам жиловланади. Лекин ҳақиқатни ёзадиган журналистлар, блогерлар яна таъқибга олина бошланса, «ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз» бошланади — коррупция, турғунлик ва зулм авж олади, дунё яна бизга ёввойи қабилага қарагандек қарай бошлайди, ижобий жозибамиздан асар ҳам қолмайди, рейтингларда яқиндагина олдинга чиқаётган еримизга, яна охирги сафларга қайтамиз.

Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир. Сайтлардан бу хабарларнинг битта-яримтаси йўқолса, уни қўйган бирор дадиллик қилган муҳаррирнинг қўрқоқлиги билан изоҳласак бўларди, лекин уларнинг бирданига ҳаммасидан олиб ташланиши масаланинг анчайин кучли шахслар томонидан олишга мажбурланганини билдиради. Лекин мамлакат раҳбарининг сиёсати цензура эмас, очиқликдир.

2020 йил 3 июнь куни қашшоқликни камайтиришга бағишланган видеоконференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уни минтақаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун мақтамасликни сўради. 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида 410,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган Миллий телерадиокомпания раисига мурожаат қилиб: «Менга «Президент шундай қилди», — деб мақташга ҳожат йўқ. Ислоҳотлар натижасида одамларнинг дунёқараши ўзгаради, қизиқиш пайдо бўлади, «ер меники» ҳисси пайдо бўлади. Ислоҳотларни шунчаки мақтов эмас, балки амалда намойиш қилинг», — деди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда ижобий ўзгаришлар президент туфайли эмас, балки ислоҳотлар ва қонунларнинг ишлаши туфайли рўй беради: «Сизга бир нарса айтишдан қўрқаман, сиз дарҳол президентни мақтай бошлайсиз. Бунинг барчаси президент томонидан эмас, ислоҳотлар, қонун асосида амалга оширилишини айтдим».

Орадан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Президенти 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади: «Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди… Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».

Шу гаплардан сўнг ҳам танқидга, ошкораликка, ҳаққоний муҳокама ва мулоқотларга йўл бермайдиган раҳбарларнинг тафаккурида (агар фикрласа) шундай хаёллар бўлса керак: ё у асли қўрқоқ, ё биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади. Қадимги замон файласуфи Ксенофонт: «Рост гапирганим, танқид қилганим учун кўп балоларга учрадим, лекин мақтаганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим», — деган. Бу унинг киноясидир.

Президент танқид қилинглар, «аччиқ-аччиқ масалаларни кўндаланг қўйинглар», «мақтов керак эмас» деб турганда, яна мақташда давом этадиган ОАВ раҳбарларининг қилмишини, фикратини шундай изоҳлаш мумкин:

✅ Биринчидан, у шундай фикрда: «Давлат раҳбари бу чиройли гапларни гапиргани билан ич-ичидан ошкораликни истамайди, мен унинг гапларига эмас, ички истагига бўйсунаман ва шу туфайли лавозимимда узоқ қоламан!»

​​✅ Иккинчидан, ёки: «Президент балким сўз эркинлигини истайди, биз танқид қилиб кўрдик, лекин унинг атрофида ўтирганлар дарҳол бурнимизни ерга ишқаб қўйишди, уларнинг қўли узун ва улар кўпроқ хабардор. Кўзимга қараб юришим керак!» У ўнлаб танқиди туфайли ёпилган газеталарни, ишидан айрилган бош муҳаррирларни, юзлаб ҳақ сўзи учун қатағонга учраган журналистларни ва блогерларни мисол қилиб келтиради, яна минглаб мақтагани учун ўрнидан жилмай ўтирган нашр ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва ходимларига ишора қилади.

Мен бу фикрларнинг қай бирида жон борлигини билмайман, тўғриси, билишни истамайман ҳам. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди», – деган сўзларига ишонаман, бир куни коррупционерлар ва монополистлар уни эгиб олишига ва ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман. Бу – романтика эмас, балким, сўнгги имкониятдир.

Шу ишонч билан танқидий мақолаларни ёздим, ёзяпман ва яна ёзаман.

Карим Баҳриев

loading...