СУСАННА… (48-қисм)

0

 

 

* * *

 

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Мен қўшни кампирни балконга олиб чиқиб ҳаммасини тушунтиргач, у тинчлангандек бўлди ва қўл силтаганча чиқиб кетди.

Шаҳноза эса ҳануз каравотда юзини терс бурганча ўтирар, ора-сирада атайин ногирон оёғини ушлаб, иҳлаб қўярди.

— Мени тўғри тушунинг, Шаҳноза! — ўзини оқлашда давом этди Сусанна. — Сиз билан танишиб, ҳол сўраш ниятида келдим. Кўнглимда заррачаям ёмон ният йўқ.

— Йўқ, сиз атайлабдан устимдан кулиш учун келгансиз, — қайсарларча жавоб қилди Шаҳноза. — Тўғри-да, мендақаларнинг устидан хоҳлаганча кулиш мумкин.

— Бекорларни айтибсиз. Масалан, мениям юрагим касал. Касалхонада рўйхатда тураман. Шунинг учун ҳам дардингизга шерикман.

— Ростданми?.. — бу гапни эшитган Шаҳноза бирдан ҳушёр тортиб Сусаннага юзланди. — Юрагингизга… Нима қилган?..

— Туғилганимдан бери касал. Тез-тез оғриб туради. Ҳар ярим йилда даволаниб турмасам, оғирлашиб қоламан…

— Демак… Устимдан кулмайсиз-а?.. — соддаларча сўради Шаҳноза. — Менга ёмонлик қилмайсиз-а?..

Сусанна жилмайган кўйи Шаҳнозани қучоқлаб олди.

— Сиздай гўзал қизнинг устидан кулган одамнинг ўзи аҳмоқ. Сира кўнглингизга олманг. Европача тарбия кўрганим учунми, бунақанги майда-чуйда иримларга ишонмайман. Одамга одамдек муносабатда бўлишни хоҳлайман. Шунга одатланганман.

Шаҳнозанинг чеҳраси очилди. Мен бир четда ўтирганча уни кузатарканман, ниҳоят хотиржам тортдим. Лекин барибир кўнглимдаги ҳадик баъзан қўзғолон қилар, кундошлик балосига қолишдан қўрқардим.

— Қодир ака, сизларга қаҳва дамлаб берайми? — сўради Шаҳноза кутилмаганда. — Нима дейсиз?..

Пайқадим. Шаҳнозанинг кўнглини барибир кундошлик рашки, қизғониш, муҳаббатини йўқотиб қўйишдан қўрқув ҳисси чирмаб турибди.

У жон жаҳди билан Сусаннага бахтини кўз-кўз қилишга уринмоқда. Тез-тез менга жилмайиш қилиб, мени Сусаннадан кучлироқ севишини ўзича исбот қилмоқда.

Сусанна эса умуман эътибор бермасди. Аксинча бор меҳрини Шаҳнозага ҳадя қилиш, унинг дардига, қайғуларига шерик бўлишга ҳаракат қиларди.

— Майли, қаҳва бўлса қаҳва-да! — дедим қувониб. — Сизлар хурсанд бўлсангиз бас!..

— Унда сиз телевизор томоша қилиб туринг! — деди Шаҳноза Сусаннага айёрона кўз қисиб. — Биз балконда бир ғийбатлашайлик!

— Фақат менинг ғийбатимни қилмасангиз бўлди! — ҳазиллашдим. — Мендан кўрадиганингизни кўрасиз!..

— Қўрқманг! Бизнинг сирли гапларимиз бор. Ўшани гаплашамиз! — кулди Шаҳноза Сусаннани қўлтиғидан олиб. — Пойлаб овора бўлманг! Балкон эшигини ёпиб қўяман!..

Бу кечада ҳаётимдаги энг бахтли лаҳзалардан бирини кечиргандек эдим.

Кўнглим равшан тортди. Кечаги аламлар ариди. Шаҳноза ва Сусаннанинг тил топиша олганини кузатганим сайин ич-ичдан севина бошладим.

Энди қўрқмасдим. Гарчи икки ҳаёт оралиғида силлам қуриши мумкинлигини тахмин қилсам-да, Шаҳнозанинг аҳволи ёмонлашмаслиги, ўзини чинакам бахт эгаси деб билишига ишонардим.

Шундай ҳислар оғушида эрта тонгда ишга отландим. Ташқарида бир неча кампирлар чақчақлашиб ўтирарди. Улар орасида рўпарадаги квартирада яшовчи қўшни кампирни ҳам кўрдим.

Барчалари билан саломлашдим-у, катта кўча томон юрдим. Шунда қўшни кампирнинг суҳбатдошларига айтаётган гапи қулоғимга чалиниб, беихтиёр юришдан тўхтадим.

— Вой, ишонасизларми? Анави Қодир-чи, кеча Шаҳнозанинг пешонасига ўйнашини етаклаб кепти!

Уларни ёлғиз қолдиргандим-у, ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Кундошлар ҳақидаги болаликда ўқиган асарлар ёдимга тушар, бир-бирини янчиб ташлашга-да тайёр аёллар қисмати ҳақида ўйлаганим сайин юрагимга ваҳима ўрларди.

«Бекор ишга келдим, — ўйлардим кабинетда ўтирганча ташқаридаги ойна тарафга шох эгиб турган дарахтга боқиб. — Ҳозир нима қилишаётган экан? Гап орасида жанжаллашиб қолмадимикан? Шаҳнозанинг қайсар одатлари бор эди. Сусанна ҳаётини гапириб, беихтиёр мақтаниб қўйса, жазаваси тутмасмикан?.. Шўримизга шўрва тўкилади-ку унда!..»

Шу маҳал кабинет эшиги очилиб, ичкарига бошлиғимиз Сулаймон ака кирди.

Унинг феълини яхши биламан. Қачонки кимдир жиддий камчиликка йўл қўйса, ўша ходим ўтирадиган хонага кириб боради-да, боши билан имлаб кабинетига олиб киради. Ўзим ҳам неча марталаб бу ҳолатни бошдан кечирганман. Ҳузурига киргандан кейин айтадиганини айтади, ҳафсаланг пир бўлмагунча айблайверади…

Ҳозир ҳам қовоғидан қор ёғарди. Бирпас қаршимдаги ёши олтмишга бориб қолган Собир акага қараб турган бўлди-да, кутилмаганда мен томон юзланди.

Унинг совуқ тикилишини кўриб тамом бўлаёздим. Айтарли жиддий камчилигим йўқлигини ҳис этиб турсам-да, барибир каловландим. Нима қилишни билмай бир неча марта бош қашиб олдим.

— Сиз, ука, мен билан юринг! — деди бошлиқ совуққонлик билан. — Тез бўлинг!..

Бошлиқ чиқиб кетиши билан холсизланган кўйи Собир акага анграйдим.

Кекса мухбир менга ачинганнамо тикилиб қарашдан нарига ўта олмади.

Қабулхонага кирдим-да, котибага савол назари билан боқдим. У ҳам елка қисиш билан кифояланди. Юрагим баттар ғаш тортиб, қия очиқ эшикдан ичкарига мўраладим.

Бошлиқ кабинетида тепакал, ёши олтмишдан ошган калбош ҳисобчимиз Дониёр ака ҳам ўтирарди.

Демак, молиявий жазо оладиганга ўхшайман. Шунча ташвиш етмай турганди.

Бир неча сония ичида айбимни эслашга уриндим. Афсуски, улгурмадим. Бошлиқ кабинетдан туриб қичқирди.

— Кирмайсизми тезроқ!

Таваккал остона ҳатлаб, кабинетга кирдим. Бош ҳисобчи мени кўрди-ю, кал бошини қашлай-қашлай, бошлиққа қараб тиржайди.

— Қани, ўтиринг! — буюрди бошлиқ менга курсилардан бирини кўрсатиб. — Тезроқ қимирланг! Вақтим зиқ.

Ўтирдим ва ҳукмни кута бошладим.

— Хўш, нима иш қилиб қўйганингизни биласизми? — сўради бошлиқ совуққонлик билан.

Мен елка қисдим.

— Билмадим, Тожибой Қулматович!..

— Билмадим денг?..

Бошлиқ тортмасидан ўтган ҳафтада нашрдан чиққан газетани олди ва олдимга ташлади.

— Мана шуни бир варақлаб чиқинг-чи!..

Яқин орада раҳбариятнинг бундай муомаласини кўрмаганим учунми, довдираб қолдим.

Газета саҳифаларини варақлаб айбимни қидира бошладим. Ўзим тайёрлаган мақолага етганда, синчиклаб ўқиган бўлдим. Негадир жиддий хатога кўзим туша қолмади.

— Ана шу ерда тўхтанг! — деди бошлиқ қўлимдаги газетани тортиб олиб. — Шу мақолани сиз тайёрлагансиз-а? Тўғрими-йўқми?

— Ҳа, мен, — жавоб қилдим рангим оқаринқираб. — Тан оламан.

Бошлиқ мақолани юзаки кўздан кечирди-да, бош ҳисобчига юзланди.

— Хўш, Дониёр ака, бу йигитни нима қилса бўлади? — сўради у бош ҳисобчига ер остидан маъноли термилиб. — Ўзингиз бир нарса денг!

Дониёр ака эса бошлиққа жавобан яна бош қашиш билан кифояланди.

— Майли, — деди бошлиқ беихтиёр юзига табассум югуриб. — Ходимимизни кўп қийнамайлик-а?.. Хуллас калом, Қодиржоннинг мана бу мақоласи таъсисчиларимизга жуда маъқул бўпти. Улар муаллифни моддий рағбатлантиришимизни тайинлашган.

Бу гапни эшитдим-у, қувончдан нақ ёрилаёздим. Ахир… Ҳаётимда ҳеч кимдан ҳеч қачон деярли мақтов эшитмадим, мукофот олмадим…

Ўзим сезмаган ҳолда ҳаяжондан тиззаларим дағ-дағ титради. Сал қурса кўзларимга ёш қўнаёзди. Аранг ўзимни тута олдим…

— Баракалла! — бошлиқ ўрнидан туриб тепамга келди-да, елкамга қўлини қўйди. — Бундан кейин ҳам бўшашманг, ука!.. Ҳозир Дониёр акангиз билан ҳисобхонага киринг-да, мукофотингизни олинг! Ҳалолингиз бўлсин!.. Айтганча, бугун уйингизга бориб келин болани хурсанд қилинг! Яхшилаб дам олинг, эртага белни маҳкам боғлаб иш бошларсиз!..

Худди ёш боладек дув қизарганча ўрнимдан турдим-да, қўлимни кўксимга қўйиб ортга тисландим. Ҳатто, азбаройи ҳаяжонланганимдан қалқиб кетдим.

— Раҳмат сизга, Тожибой Қулматович, — дея олдим аранг кабинетдан чиқишга чоғланиб. — Раҳмат!..

 

* * *

 

Қувончли лаҳзаларга ташна банданинг бундай вазиятда боши гир-гир айлангандек бўларкан. Кўзлари хира тортгандек, ўзи қалбан баланд-баланд осмонларда парвоз қила бошларкан.

Ҳали бу даргоҳда кўп ишламай туриб, раҳбаримиздан эшитган ёқимли мақтовлар, ҳисобчилар хонасидан чўнтакни қаппайтириб чиқишим мени буткул эсанкиратиб қўйгандек эди.

Яхши кунимни суюклиларим билан тезроқ баҳам кўргим келар, катта кўчада зипиллардим-у, худди оёқларим ерга тегмаётгандек, ҳавода муаллақ кетиб боарётгандек эдим.

«Ҳозир хушхабаримни эшитишади-ю, қотишади, — ўйлардим ўзимча. — Айниқса, Сусанна кўпроқ хурсанд бўлса керак. Негаки у билан ҳазилакам оғир кунларни кўрмаганмиз. Ўша азоблар ёдига тушади, йиғлаб ҳам берса керак ҳойнаҳой. Майли-да, йиғласа, кўнгли бўшайди, енгил тортади… Шаҳноза-чи?.. Уям менга барибир ёмонлик тиламайди. Муваффақиятларимдан қувонади. Э, қувонмаса ҳам майли. Касал бўлмай юрса, ҳар кунини кулиб ўтказса розийдим…

Ана шундай ширин ўйлар, ёқимли орзулар қуршовида подъезд ичкарисига кирдим ва эҳтиёт шарт эшик тирқишига қулоқ тутдим. Адашмасам, квартирада осойишталик ҳукм сурарди.

Ҳайрон бўлиб эшикни ичкарига итардим. Қулф экан. Қўнғироқ тугмачасини босдим.

Ҳали тугмачадан қўлимни тортиб улгурмай, Шаҳноза шарақлатиб эшикни очди.

Унинг кўзлари қизарган, лаблари шишгандек эди. Қовоғидан қор ёғарди.

«Оббо, — кўнглимдан ўтказдим салом-аликдан сўнг уни тек бағримга босиб. — Тағин касали қўзғадимикан? Ё буйраги безовта қилдимикан? Ахир, Сусанна шу ерда-ку! Қўлидан укол қилиш, уёқ-буёғини уқалаб қўйиш келса. Нега шу ишни қилмади?..

— Сусанна қани? — сўрадим Шаҳнозани билагидан тутиб ошхона томон етакларканман. — Ухлаяптими?..

Шаҳноза илкис бошини кўтарди-да, беихтиёр гезарди. Лаблари пулкиллаб, киприклари тезроқ пирпирай бошлади.

— Хотинчангиз кетди! — деди у йиғламсираб. — Эшитаяпсизми? Кетди арманкангиз! Бормайсизми орқасидан? Нега қараб турибсиз? Югуринг! Тағин икки орада хотинсиз қолманг!

— Нега кетади? — унинг таънали сўзларига эътибор қилмай, балкон тарафга безовта назар ташладим. — Қаерга кетди?..

— Мен қайдан биламан? Кетди-да!

— Нега кетади? Тушунтириброқ гапирсанг-чи!..

— Келмасин меникига ўша хотинчангиз! — аламли оҳангда шивирлади Шаҳноза. — Даф бўлсин!..

Бояги севинч, шодликлардан асар ҳам қолмаганди. Шаҳнозанинг сўнгги гаплари юрагимга ханжар каби урилди. Беихтиёр асабларим таранглашди.

— Сабаби бордир, ахир? — иложи борича босиқлик билан сўрашга уриндим. — Уришиб қолган бўлсанг, айт!

— Э, уришиб зарил кептими ўшаминан? Пешонамда ўтирса-чи, жоним ҳалқумимга келгудек бўлаяпти. Бирам ёқимсиз, беўхшов!..

Ҳаммасини тушуниб етдим. Ва ҳаётимда яна бир қўпол хатога йўл қўйганимни англадим. Кундошлик балоси ўлимдан-да қўрқинчлироқ экани энди-энди ойдинлаша борди.

Хўш, нима қилишим керак? Қандай йўл тутай? Уларни қай йўл билан иноқлаштирай? Наҳотки, Шаҳноза икки оёғини бир этикка тиққандек қотиб тураверса? Нимага? Аҳил бўлсалар, бир-бирларига суянсалар яхши эмасмиди?..

Аҳмоқман!.. Нималарни хаёлимдан ўтказаяпман ўзим? Қай замонда икки кундош иноқ ҳаёт кечирганки, Шаҳноза сукут сақласа? Улар бир-бирларини йўқ қилмоққа тайёр туришлари ҳақида китобларда кўп ўқигандим-ку!.. Шуларни ўйласам, Сусаннани ўшанда қайтарсам нима бўларди?..

Надоматлар миямни кемира борарди. Шу тобда на Шаҳнозага ширин сўзлашни, на уришиб ташлашни билардим. Ширин сўзлашга унинг заққумдан-да аччиқроқ таъналари, зардалари йўл бермасди. Уришиб ташлай десам, кўнгли ярим бир шўрликнинг уволига қолишдан қўрқардим…

Нималарни ўйламай, барибир ранжита олмасдим. Чунки у ҳам жуфти ҳалолим, мана шу ҳусни, латофатига асир бўлганман. Шаҳноза қаршимда турса, вужудимда илиқлик туяман. Аммо Сусанна хаёлимга келди дегунча бундан-да баттарроқ аҳволга туша бошлайман. Унинг юмшоқ кўнгли, юракни қитиқловчи нозли эркалашлари, эркаланишлари мени ҳар сафар энтикишга, безовталанишга мажбур этаверади.

Баҳорий туйғуларга тўла юрагим потирлаб у томон қадам ташлашга ундайверади.

— Ўзи-чи, эркакларнинг ҳаммаси бир гўр экан, — саннай бошлади Шаҳноза. — Ўлдим-куйдим дегани бир пулга қиммат экан.

— Қўй, ундай дема, — уни юпатишга, тинчлантиришга тутиндим. Шу йўл билан хаёлларимни бир нуқтага жамламоқчи бўлдим. — Тағин мазанг қочади… Майли, кетган бўлса кетгандир. Ҳадеб ўзингни қийнаб асабийлашаверма!..

— Йў-ўқ, — Шаҳноза бўш келмоқчи эмасди. Мени ҳайрон қолдириб, турмуш қурганимиздан бери илк бор икки қўлини белига тиради-да, ортга тисланди. — Мен шундай қолдирмайман. Ё уни дейсиз, ё мени. Мен… Унинг бағрида ётганингизда ич-этимни ейишни, қўни-қўшниларга шарманда бўлишни хоҳламайман.

Шаҳнозанинг бу гапидан сўнг биров устимдан бир челак сув қуйгандек даъфатан сергакландим.

Бир неча сония ичида унга айтган дастлабки изҳорларим, суйиб эркалашларим, жони оғриган онларда руҳан азобланишларим хаёлимда гавлаланди. Энди ростакамига афсуслар, пушаймонлар дарёсига ғарқ бўла бошлаганимни ҳис этдим.

Сония сайин Шаҳнозага бўлган туйғуларим гўё қайсидир номаълум жар тубига чўка бораётганини пайқадим.

Юрагимнинг бир парчасини музлик қоплаб, мени дағаллашишга, совуққон қиёфага киришга мажбур этди.

Бу гал қаршимда сўнгги сўзимни кутаётган Шаҳнозага беихтиёр нафратли назар ташладим. Қачонлардир қайта-қайта шайтон йўриғига тушганимдан қаттиқ афсусландим. Кўнгли яримта, ҳеч кими йўқ, ожиза ва нотавон қизга жабр қилиб қўйганимни сезганим сари адо бўлавердим.

Минг афсус, энди кеч эди. Қандай қарорга келмай, барибир ўзимга ҳам, Шаҳнозага ҳам осон кечмайди. Ғурурлар, номуслар топталади, руҳ синади, умидлар сўнади, истаклар ўлади, кемтик кўнгилларга армон ўрлайди. Қайсар қалбимни гуноҳкорлик ҳисси эза бошлайди…

Азбаройи андуҳга тўлганимдан, шоирнинг ўтли ва дардли сатрлари ёдимга келди. Бу сатрлар гўё менга қарата айтилгандек эди…

 

Қорлар ёғар қор устига,

Мардлар келар дор остига.

Менга дерлар бошқа ёр сев,

Ёр севилмас ёр устига…

Ул ёр менинг икки кўзим,

Бўғзимдаги айтар сўзим.

Менга дерлар бошқа ёр сев…

Ёрга кунгил берган ўзим…

Ёнди юрак кул бўлмасин,

Усиз қалбим қул бўлмасин.

Менга дерлар бошқа ёр сев,

Бошқа севган эл бўлмасин…

 

Мен муҳаббат ва нафрат оловида куйиб кул бўлаёзган паллада тўсатдан ташқари эшик тақиллади.

Ўз хаёлларим, дардларим билан овора бўлиб пайқамабман. Шаҳноза залга кириб кетгган экан. Эшик тақиллаши билан оқсоқланганча йўлакка чиқди-да, эшикни очди. Аммо шу заҳоти ортга қайтиб, залга кирди ва ўша ердан туриб бақирди.

— До-од! Мени ўлдиради булар! Адойи тамом қилади!..

Ҳеч нарсага тушунмадим. Нега эшикни очди-ю, тағин зипиллаб ортга қайтди? Ким эди ўзи келган?..

Йўлакка ўтдим-у, таққа тўхтадим. Кемтик кўксимни кемираётган қайғу бирдан нари чекингандай бўлди. Афсуслар парда тортган кўзларим катта-катта очилди. Сўзлашга, ҳайқиришга шай турган тилим танглайимга ёпишиб, оғирдан оғир хўрсиниқлар қулига айландим. Ҳатто Шаҳнозанинг залдан туриб айтиб-айтиб йиғлаши-да, қулоғимга кирмади.

Чунки… Рўпарамда Сусанна қон йиғлаб турар, умидвор жавдирарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...