Соғлиқни сақлаш вазири коронавирусдан вафот этган шифокорнинг уйига борди. Марҳумнинг яқинларига 250 миллион сўм компенсация тўлаб берилди

1

Коронавирусдан вафот этган шифокор Алишер Ураловнинг хонадонига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ташриф буюриб, марҳумнинг оила аъзоларидан кўнгил сўради. Вазирлар Маҳкамаси, ССВ ва ОАВ вакиллари иштирокида президент қарорида белгиланган тартибда марҳумнинг оиласига 250 миллион сўм миқдоридаги компенсация тўлаб берилди, деб хабар берди «Kun.uz».

«Вазир отамнинг ўлимига сабаб бўлганлар жавобгарликка тортилишини айтди»

Марҳум шифокорнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда вазир Алишер Шодмоновга миннатдорчилигини билдирган.

«Бугун эрталаб Сергели тумани тиббиёт бўлими бошлиғи қўнғироқ қилиб соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов таъзия билдириш учун хонадонимизга келаётганини хабар берди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай вазиримиз уйимизга кириб келдилар.

У кишини илгари яқиндан кўрмагандим, фақат ОАВ орқали кўрганман. Соғлиқни сақлаш вазири мени диққат билан эшитдилар, барча саволларимга жавоб бердилар, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга, отамнинг вафотига сабабчи бўлганлар, вазифасига совуққонлик билан ёндашган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига ишонтирдилар. Шу билан бирга, бирламчи экспертиза хулосасини суд органлари даражасида ўрганилишини назорат қилишга ваъда бердилар. Бундан қалбим ёришди.

Суҳбат давомида вазиримизнинг ниҳоятда самимий инсон эканликлари, ҳақиқатни тан ола билишлари, вазир сифатида соҳани чуқур билишларига амин бўлдим. Ҳар битта саволим, эътирозларимга мулоҳаза билан жавоб бердилар. Берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилдим», дейди Шаҳноза Ҳасанова.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Зилола Уралова ҳам адолат қарор топганидан миннатдор эканини билдирди.

«Уйимизга соғлиқни сақлаш вазирининг ўзлари келиб, кўнгил сўраганларидан, ҳар қандай вазиятда дардимизга шерик бўлиб, нимагадир эҳтиёжимиз бўлса, ҳамиша кўмакка тайёр эканликларини айтганларидан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Эътибор, ғамхўрлик шунчалик бўлади. Эркаги йўқ хонадонимизни йўқлаб, дардимизга ҳамдард эканликларини айтганларида кўз ёшларимни тийиб туролмадим.

Бўлган ишларни тақдирдан деб биламиз. Хўжайинимни Аллоҳ раҳматига олсин. Бундай пайтда қўлимиздан сабр ва дуо қилишдан бошқаси келмайди. Бироқ у кишининг йўқликларига кўника олмаяпман. Шу кунларда ўғил фарзандимиз бўлмаганидан ўкиндим, икки қизим ҳам отасининг тобутини кўтара олмаганидан кўпроқ сиқилиб йиғлашди.

Биз компенсация пулини ундириш учун жамоатчилик эътиборини ўзимизга қаратганимиз йўқ. Етиб-етмай рўзғор тебратган бўлсак-да, турмушимдан нолимайман. Фақат марҳум умр йўлдошимнинг нимадан вафот этгани тан олинсин, ҳақиқат қарор топсин, бошқа шифокорлар бундай эътиборсизлик қурбони бўлмасин, уларнинг фарзандлари ҳам менинг қизларим каби бўзлаб қолмасин деган эдим. Нолаларимиз мутасаддиларга етиб борганидан, адолат қарор топганидан хурсандман», дейди аёл.

«ОАВдаги чиқишларим, айтган сўзларим учун ҳеч қандай босим бўлгани йўқ»

Шаҳноза Ҳасанованинг айтишича, турли нашрларга берган интервьюлари ва уларда билдирилган иддаолар учун Соғлиқни сақлаш вазири томонидан ҳеч қандай эътироз билдирилмаган, босим қилинмаган.

«Алишер Шодмонов шу икки кун ичида ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатимга бефарқ қарамасдан, муаммонинг ечимига киришганлари кўнглимни кўтарди. Шу сабаб бу одам мени эшита олади деган ҳис пайдо бўлди. У киши кириб келганларидан кейин дуога қўл очилди. Ундан кейин секин-аста, ҳеч қандай босимларсиз, худди яқин инсонлардек гаплашдик.

Ортиқча ҳеч қандай савол бўлгани йўқ, ушбу мавзу энг аввал нимадан бошлангани ҳақида гаплашдик. Бу орада онам айрилиққа чидолмасдан йиғлай бошладилар. Мен онамнинг ёнларида ҳам шифокор, ҳам фарзанд сифатида туриб беришга, дардларига шерик бўлишга ҳаракат қиляпман. Бироқ отанинг ўрнини босиб бўлмас экан.

Ҳолатимизни кузатиб турган соғлиқни сақлаш вазири бардам бўлишни, ҳар қандай вазиятда ёнимизда эканини айтдилар», дейди у.

«Covid-19 бўйича илмий иш қилмоқчиман!»

«Мен билан суҳбат чоғида вазир келгуси режаларим билан қизиқди. Мен шу йили Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратурасини тамомладим. Магистратурада юқумли касалликлар кафедрасида илмий изланишлар қилдим, ОИТСга чалинган беморларнинг фаолияти, турмуш тарзи, саломатлигини ўргандим. Ушбу йўналишни танлашимга отам сабабчи бўлганлар, айнан у кишининг берган тавсиялари асосида юқумли касалликлар соҳасини танладим.

Отам ўзлари илмий иш қилмаганлар. Лекин сенда салоҳият бор, албатта илмий иш қилгин, ичингдагиларни юзага чиқаргин, чунки сенда бунинг учун қобилият бор деб кўп айтардилар. Бу ҳақда Алишер Шодмоновга айтганимдан кейин у илмий фаолият учун қандай ёрдам керак бўлса, барчасига кўмаклашишини айтдилар. Бу гаплардан сўнг ўзим ўқиган институтнинг кафедрасида иш бошлашга ва PhD бўйича диссертация ёқлашга қарор қилдим. Соғлиқни сақлаш вазирининг тавсияси асосида илмий ишимга мавзу сифатида Covid-19’ни ўрганишни танладим. Бу орқали тиббиётимизга, келажакда ушбу касалликка қарши курашишга қанақадир ҳиссамни қўша олсам, раҳматли отамнинг руҳлари ҳам шод бўлишидан умидворман», дейди Шаҳноза Ҳасанова.

«250 млн сўм миқдоридаги компенсация тўлаб берилди»

Марҳум шифокор Алишер Ураловнинг қизи таъкидлашича, ҳукумат, ССВ ва ОАВ вакиллари иштирокида президент қарорида белгиланган тартибда марҳумнинг оиласига 250 миллион сўм миқдоридаги компенсация тўлаб берилган.

«Алишер Шодмонов отам учун бериладиган компенсация масаласига тўхталар экан, икки кун ичида бу масала ҳал этилишини айтганди. Лекин ҳукумат ва вазирлик масъуллари томонидан бугуннинг ўзида ушбу маблағ етказиб берилди.

У киши билан муаммо ва камчиликларни бирга ҳал этамиз деган хулосага келдик. Керакли ёрдам кўрсатамиз ва бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўйилмайди, барчасини ўз назоратимга оламан дедилар», дейди у.

«Президентимизга миннатдорчилигимни етказинг!»

Ижтимоий тармоқларда айтган гапларимдан мақсад Ўзбекистоннинг сиёсатига аралашиш ёки қоралаш эмас. Шу Ватанда ўсдим, шу юртда таҳсил олдим. Камчиликларимизни ошкор қилиб, муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқсак, камчиликларимиз йўқотилади, деган мақсадда гапирдим.

Жуда тушкун ҳолатга тушиб қолган эдим. Аммо вазиримизнинг ўзлари келганидан сўнг, руҳиятим кўтарилди. Биргина гапим билан ректоримизга қўнғироқ қилиб, илмий иш қилишимга йўналтирдилар. Эртага ўз илмим ва изланишларим билан менга ишонч билдирган барчанинг, давлатимизнинг, Президентимизнинг юзини ёруғ қилишга, Ўзбекистонимизга хизмат қилишга ваъда бераман.

Бугун уйимизга ҳукумат вакиллари келиб, ҳодисадан бош вазир Абдулла Арипов, президентимиз Шавкат Мирзиёев хабардор эканликларини айтишди. Демак, ҳаракатларим бесамар кетмабди. Ана шундай оғир вазиятда фуқаролар дардини тинглаётган президентимизга раҳматимни етказинг!», дейди Шаҳноза Ҳасанова.

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Шу каби эътибор мархумнинг кизи ижтимоий тармокларга чикмасдан олдин килиниши керак эди.

Comments are closed.