СУСАННА… (50-қисм)

0

 

 

* * *

 

Квартира эшиги алмаштирилибди. Бироз иккиланишдан сўнг юрагим ҳаприқиб бўялмаган тахтали эшикни оҳиста тақиллатдим.

Тақиллаган товушни эшитади-ю, биринчи бўлиб Собиржоним чопиб чиқади деб ўйладим.

Афсуски, ундай бўлмади. Эшик очилиб, қаршимда Шарифа ҳозир бўлди.

Унга бир зум тикилиб қолдим.

Семирибди, қорайибди. Аммо қарашлари ўша-ўша. Нигоҳлари ўткир. Ҳатто, кимнидир кўрганда менсимаган каби лаб буриб қўйиши ҳам йўқолмабди..

Салом бердим. Шарифа менга бошдан оёқ назар ташлади-да, гавдасини орқага ташлаб йўл бўшатди.

— Киринг! — деди у киноя аралаш.

Кирдим. Квартира ичкариси буткул ўзгарган. Мен яшаган вақтдаги жиҳозлардан асар ҳам қолмаган. Барчаси қимматбаҳоларига алмаштирилган.

Диванга чўкдим-да, қўлимдаги ўйинчоқлар солинган халтани бир четга қўйиб Шарифанинг оғзига тикилдим. Тезроқ гапини айтишини кутдим.

Ундан садо чиқавермагач, ўзим орадаги сукунатни бузишга мажбур бўлдим.

— Собиржон қани? — сўрадим балкон томонга аланглаб. — Чақир уни! Соғинганман.

Шарифа бу гапимни эшитиб бир гезарди-ю, кетидан совуқ жилмайиш қилди.

— У боғчада, — деди истар-истамас. — Боғчадан кечки пайт чиқади.

— Ҳозир олиб кела қолсанг бўлади-ку! — дедим тоқатсизланиб. — Ўғлимни кўриб кетай, ахир!.. Ёки… Иккаламиз чиқиб келамизми боғчасига?..

— Йўқ, — жавоб қилди Шарифа тесрайиб. — Болани тинч қўйинг! Миясини заҳарламанг!

— Тағин ўша гапингни такрорлаяпсанми? — жаҳлим чиқиб ўрнимдан турдим-у, лекин беихтиёр қайтадан жойимга ўтирдим. — Қачонгача мендан яширасан ўз боламни-а?

— Болангиз?.. — Шарифа қошларини чимириб, менга сирли қараш қилди. — Шу пайтгача бирор марта хабар олдингизми ундан? Бир сўмлик нарса кўтариб келдингизми?..

— Билмагандай айбни менга тўнкама! Қилғилиқни сен қилгансан, мен эмас.

Шарифа бу гапимни эшитгач, оғир уф тортиб юзини терс бурди. Шу тахлит бир неча дақиқа тек қотгач, худди нимадир ёдига тушгандек мен томон ўгирилди.

— Жа кучайиб кетибсиз деб эшитдим, ростми? — сўради бозор нуқси урган қорамтир туси бирдан ўзгариб. — Бойиб кетдингизми дейман? Албатта, фамилиянгиз газеталардан тушмай қолди. Кўраяпман. Катта пул олган бўлсангиз, ҳовлиқиб кетгандирсиз-да! Ана, эгнингиздаги кўйлак ҳам айтиб турибди ҳаммасини!

— Сенга ким айтди? Нега бойирканман? Ким ҳовлиқибди?

— Вой, тешик қулоқ эшитади-да! — қочиримли оҳангда давом этди Шарифа. — Икки хотинли эмишсиз-ку! Ҳа энди… Бойлар уйланади-да иккитасига!..

— Ўша айтганлар алдабди сени.

— Бу мени қизиқтирмайди. Икки аёлминан яшаган эркак боласиниям таъминлаб қўйсин!.. Иккаласига топганини улаш-улаш қилгандан кўра, зурриёдини ўйласин!..

Бу гапни эшитганим ҳамоно кеча кўрган тушимнинг таъбирини топгандек бўлдим. Бўйнимга ўралган илон аслида Шарифа эканига шубҳам қолмади.

Аммо сир бой бермасликка, Шарифадан баланд келишга ҳаракат қилдим.

— Шунақами? — дедим диванга янада ўрнашиброқ ўтириб олгач. — Демак, мендан ниманидир талаб қилмоқчисан. Шундайми?..

— Ҳа, Собиржонга уй олиб берасиз. Ҳали замон балоғатга етади. Болам уйсиз юришини хоҳламайман…

Мен Шарифанинг гапини охиригача эшитиб, унга зимдан разм солдим.

Мўмай пул топиши, ҳеч нарсадан камлик кўрмаётгани кўз қарашлари, уйнинг таъмири, бўйни, бармоқлари, билагидаги тилла тақинчоқлардан аниқ-тиниқ сезилиб турарди.

Мен ҳам фурсатни бой бергим келмай, шунга шаъма қилдим.

— Туришингдан жуда бой хотин бўлиб кетгандайсан. Илгари шунча тилланг йўғиди. Мана, пул топиб тиллаларингни кўпайтирибсан. Уйни ажойиб таъмирлабсан. Эрингданам кўнглинг тўқдир… Наҳотки, сендай бойвучча аёл шу гапни гапирса?..

— Менга қаранг, тиллаларимга тил теккизманг! Ундан кўра, гапимни эшитинг. Уйга қўшиб шунча пайтдан бери тўламаган алиментларни биракайига тўлайсиз! Тўламай кўринг-чи!.. Қаранглар-а, болани туғдириб қўяркан-у, ўзи ялло қилиб юравераркан! Бунақаси ўтмайди менга, ўтмайди!..

Ҳа, бу аёлга шу тобда бас кела олмаслигимни билардим. Умуман, у билан тортишгим, тенглашгим йўқ эди. Буни ўзимга эп кўрмасдим.

Шунинг учун гапни кесдим.

— Сенга уй, алимент керак, шундайми? — сўрадим даст ўрнимдан туриб. — Хўш, шу холосми? Ё яна бирор нима керакми?..

— Ҳозирча шу, — деди Шарифа гезариб. — Бир ҳафта муҳлат сизга. Ҳаммасини бекаму кўст қилиб қўйинг!..

— Хўп, яхши… Мана, сен болани менга кўрсатишни хоҳламадинг. Аммо уй, пулдан воз кечмаяпсан. Шундай экан, мен ҳам бир нарсани айтаман.

— Нимани? — дея ҳушёр тортди Шарифа. — Нимани айтасиз?..

— Агар сенга шу нарсалар керак бўлса, мени судга бер. Сен билан фақат судда гаплашаман.

— Нима?.. Суд? Қанақа суд?..

— Ҳойнаҳой, суд биноси қаерда жойлашгани ёдингдан чиқмагандир? Трамвай йўл бўйида. Аризангни топширасан, улар мени чақиришади. Ана ундан кейин бемалол гаплашаверамиз.

— Ифлос!..

Шарифа кутилмаганда ёқамга ёпишишга тутинди. Бироқ дарҳол қўлларини тортиб олди.

У нуқул титрар, важоҳати шу қадар кучли эдики, мени ёввойи маҳлуқдек ғажиб ташлашга тайёр эди.

— Ҳали кўрсатаман сенга, хотинбоз! — қичқирди у. — Ака-укаларимни айттириб келиб, дабдалангни чиқартираман! Йўқол уйимдан, йўқол!..

Унга қарши бир оғиз сўз демадим. Ҳар ҳолда хатосини тушуниб етганига шукр қилдим ва шошилмайгина остона ҳатлаб ташқарига чиқдим…

 

* * *

 

Мен йўл-йўлакай мавзедаги мактаблар, боғчаларга дардли боққанча кетиб борардим.

Боғчада шаталоқ отиб ўйнаётган болакайларга тикилиб қарардим-у, ичимдан зил кетардим.

Худди улар орасидан Собиржоним югуриб чиқадигандек, мени кўрган заҳоти чопқиллаганча келиб бўйнимга осиладигандек, «Сизни соғиниб кетдим, дадажон!» дея кўксимга бош қўядигандек туюлиб, қур-қур тўхтаб қолар, ҳеч ким болалар орасидан ажралиб чиқмагач, нафасимни ичга ютганча алам билан йўлимда давом этардим.

Хаёлларим тамоман чалкашиб кетганди. Собиржонимни ўйладим дегунча, тушимдаги қора илон кўз ўнгимда гавдаланиб, фарзандим сари талпина бошлаган хаёлларимнинг йўлини тўсарди.

Мен бўлсам, қўлларимни мушт қилган кўйи лаб тишлашдан нарига ўта олмасдим.

Тушкунлик ботқоғининг туби кўринмасди. У мени тобора қаърига тортиб борар, кўнглим фарёд чекар, нафас олишга қийналардим. Бироқ аллақачон қалбимни забт этган эзгу мақсадлар, миямга қур-қур ўрлаб қўяётган тотли ўйлар мени юқорига тортқиларди. Зулмат эса кўзларимни сўқирга айлантирган. Фақат унинг ўзини илғай олардим холос..

«Оллоҳим, биламан, — дея хаёлан яратганга илтижо қилардим. — Гуноҳларим кўп, хом сут эмган бир бандангман. Мени синовлар, қийноқлар, руҳий дардлар чангалига ташладинг. Бу иноятингга беадад шукроналар келтираман. Фақат… Мендан ҳам бир чимдим меҳрингни, эътиборингни, раҳматингни дариғ тутма, Худойим!.. Мени жоҳил бандалар, номуссиз кимсалар таъқибидан ўзинг қутқар!..»

«Ташвиш ташвиш келтиради» деб бежиз айтишмаган чоғи. Автобус бекатига етаверишда беихтиёр туртиниб, тиззам билан каттакон харсанг тошга урилдим…

Жон аччиғида нуқул иҳлар, атрофга аланглаб гўё кимдандир кўмак сўрашга интилардим.

Одамлар эса менга ҳайрат аралаш қараб кетишдан нарига ўтишмасди.

Тишни тишга босиб базўр қаддимни кўтардим-да, бекатдаги ўриндиқлардан бирига ўтириб олдим.

Тиззамнинг лат еган еридаги оғриқ тобора зўрайиб бораяпти. Негадир кўнглим беҳузур бўлгандек, ўзимни ҳолсизланиб бораётгандек ҳис эта бошладим.

Юрагимни ваҳима босди. Ҳали квартирамгача бир нечта бекат бор. Шунчаки пиёда юриб боргим, хаёлларимни бир нуқтага жамлагим, аламли лаҳзаларни унутгим келганди. Худо буни ҳам менга кўп кўрди.

Офатнинг бир чуқуридан олиб иккинчисига ташлади. Кошкийди шу тобда ёнимда Сусанна бўлса. Унинг ёнимда туриши ҳам менга далда бўларди, оғриқларга ҳозиргидек осонликча ён бермасдим…

Бир маҳал қаршимда таниш чеҳра намоён бўлди. Уни кўрдим-у, юрагим шувиллаб кетган каби энтикдим.

Вужудимда гоҳ қўрқув, гоҳ қувонч ўти алангалади. Икки ўт орасида куйганча бир муддат бу чеҳрага тикилиб қолдим.

Оғриқ ҳам бир муддат унут бўлди. Кўнглим ҳийла тинчланди. Аммо бу ҳолат аслида қувончли кечмаслигини сезиб турардим. Шунинг учун худди унга эътибор бермаган каби юзимни терс бурдим…

Ҳа, қаршимдаги ўша… Айни чоғда бир дардимга минг дард қўшиб улгурган Шаҳноза эди.

Худойим, у қаердан келди? Нега? Мени қандай кўриб қўя қолди? Нима қиламан? Ҳаммасини айтиб олган, бир қарорга келган бўлса, нима учун тағин тепамда жавдираб турибди? Мендан нима истайди? Кимман ўзим, кимман?..

— Сизга нима бўлди? Ёмон йиқилдингизми? — Шаҳноза шоша-пиша қўлтиғимдан олиб мени турғазишга тутинди.

— Қўй-й, овора бўлма! — дея бекат деворига суяндим-да, Шаҳнозага юзландим. — Ўтиб кетади ҳозир… Тизза сал қаттиқ тушди шекилли. Сен ўзингни қийнама!

— Сиз ўтириб туринг! Мен югуриб дори опкеламан.

— Керакмас, дори сурадиган даражадамас, Шаҳноз!..

Шундай дердим-у, аъзойи баданим титрар, у яна бир балони бошлашидан чўчирдим.

Шаҳноза эса ҳеч кимга эътибор бермай, менга меҳр кўрсатишга уринарди.

— Сен… Қайдан келиб қолдинг бу ерга? — ниҳоят сўрашга жазм этдим. — Уйинг нариги мавзеда эди-ку!..

Шаҳноза кулимсираб қўйди-да, қўлидаги халтачага ишора қилди.

— Энди дориларимни ўзим ташияпман, Қодир ака!.. Нима қилай? Қисматим шу экан?!. Ўтиб кетаётгандим, сизнинг йиқилиб ётганингизни кўриб юрагим ёрилаёзди… Айтганча, Сусанна яхши юрибдими?

Кутилмаган саволни эшитиб илкис бошимни Шаҳноза томон бурдим ва бир муддат унга маъноли қараб қолдим.

— Нимайди?..

— Сиз… Хавотирланманг! — деди Шаҳноза кўзлари чақнаб. — Сусаннага сира ёмонлигим йўқ. У сизни асраб-авайлаяпти, севади, қадрингизга етади. Қолаверса…

Шаҳноза тўсатдан жим қолиб ер чизди. Аммо кўзлари намланмади. Юзларидаги табассум олови сўнмади.

— Биласизми, сизга зўр янгилигим бор, — деди у орадаги жимликни бузиб. — Агар эшитсангиз, албатта хурсанд бўласиз.

— Ие, шунақами? — сўрадим оёғимдаги оғриқларни бироз унутган каби. — Қани, қандай янгилик экан? Айта қол!..

— Қариндошларим топилди! Олис вилоятда аммам бор экан.

— Аммам?.. Қизиқ бўлди-ку! Шунча йил қаерда юрган экан?

— Улар илгариям қидириб кўришганмиш. Тополмаганмиз дейишди. Яқинда бир танишимни шаҳарда кўриб қолишибди. Гап орасида… Хуллас, аммамминан телефон орқали гаплашдим, Қодир ака! Бирам суюндимки…

Шаҳнозанинг сўнгги сўзлари, гўдакдек севинишини кўриб, қотиб қолгандим. Шу пайтгача Шаҳноза ҳеч қачон бугунгидек мамнун қиёфада бўлмаганди. Ҳамиша нигоҳларида дард яширин эди. Сал нарсага кўзлари намланар, ҳаётдан нолиб чарчамасди. Ҳатто мен билан турмуш қуриши ҳам ёрдам бермаганди. Аксинча, дардини ошириб, адойи тамом қилаёзганди.

— Қодир ака, сиздан бир нарсани илтимос қилсам майлими? — хаёлимни бўлди Шаҳноза. — Йўқ демайсизми?

— А-албатта, — дедим негадир тутилиб. — Нима қилишим керак?..

— Ўзингиз тушунасиз… Сизнинг никоҳингиздаман… На илож? Бахтли бўлармиканман девдим-да!.. Лекин бир шўрликнинг кўнглини ранжитиб қўйишимни ўйламабман… Илтимос, жавобимни беринг! Аммам олиб кетмоқчийкан мени. Ёруғ юз, хотиржам кўнгил билан кетай, Қодир ака!..

— Нима?..

Сўнгги бор анча бурун Шарифа билан шу мавзуда гап кетганди. Бироқ ўшанда жанжал, аросатлар чангалида гуноҳи азим ҳисобланмиш «талоқ» сўзини тилимга кўчиришга мажбур бўлгандим. Айтишга айтгандим-у, бир неча ойга қадар ўзимни кечиролмагандим. Виждон азоби, дил оғриғи исканжасида гўё тирик мурда янглиғ кўча кезгандим…

Ҳозир эса… Яна шу дард менга ёпишмоқчи, адо қилмоқчи, тинчимни тортиб олмоқчи.

— Сен бу гапни ҳеч қачон айтма! — дедим хаёлларимни бир нуқтага жамлаб. — Бу сўз гуноҳга ботиришини биласанми? Иккимизниям охиратимиз куйиб кетишидан хабаринг борми?..

— Вой, нега? — ҳайрон бўлиб сўради Шаҳноза. — Барибир бирга яшамасак… Башарти…

— Нима демоқчилигингни тушундим. Биламан, тушунаман, сен ҳам бахтли бўлишга ҳақлисан. Мендай ношуд бир бандани севиб қолганинг сенинг айбингмас. Лекин сен ҳам мени тушунишга ҳаракат қил, бу сўзни тилимга кўчира олмайман. Мабодо бахтинг очилса, майли, унда розиман. Қаерда бўлсанг ҳам етиб бораман ва илтимосингни бажо келтираман. Фақат… Ҳозир мени қийнама! Бу қийноқларни бир марта бошимдан кечириб кўрганман. Ортиқ бардошим етмайди.

Шаҳноза лаб тишлаган кўйи бир неча дақиқа ер чизиб турди-да, илкис бошини кўтарди ва беихтиёр елкамга бош қўйди…

Титраб кетдим. Қайноқ ва қадрдон нафас қайтадан димоғимга урилиб, бошим айлангандек ўзимни сархуш ҳис эта бошладим.

Афсуски, бунга ҳам ҳақли эмаслигимни биламан. Шаҳнозани бошқа қийнамасликка, қалбини ўғирламасликка аҳд қилганман…

Оҳиста икки юзидан тутиб ўзимга қаратдим.

— Мени қийнама, Шаҳноз! — шивирладим. — Шу кунларда бағрим дардга тўла. Ярамни янгиласанг, ўлиб қоламан, ўлиб!.. Ундан кўра, кел, дўстона хайрлашайлик! Қара, кўзларинг кулиб турибди, юзларингни баҳорий табассум қоплабди. Рангинг тиниқибди. Амманг топилганидан, кутилмаган янги бахтдан сармастсан. Мен умрим тугагунча сени дуо қиламан. Бахтингни, соғлиғингни тилайман…

— Сизни соғинсам-чи?.. — йиғламсиради Шаҳноза. — Уёқларда сизни кўргим келса-чи?..

— Дарров қўнғироқ қил! Мен етиб бораман. Қийналишингга, сиқилишингга йўл бермайман!

— Алдамаяпсизми?

— Асло. Сени алдаб бўларканми?

— Унда яхши қолинг! Сиз билан ўтказган лаҳзаларни ҳеч қачон унутмайман. Мабодо соғинсам, албатта қўнғироқ қилиб сизни чақираман. Бормай кўринг-чи!..

Шаҳнозанинг бу ҳазилидан ҳийла енгил тортдим. Уни қучиб юзларидан оҳиста бўса олдим…

Шаҳноза истар-истамас олдинга қадам ташлади. Мен бўлсам… Чалкаш ўйлар орасида қолиб кетгандим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...