Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи: «Самарқандлик она икки бошли чақалоғидан воз кечиши ҳақидаги гаплар асоссиз»

0

Самарқанд вилоятида 27 июнь куни икки бошли чақалоқ дунёга келганлиги ҳақида хабар берилган, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари реанимация бўлимида кузатув остида бўлган чақалоқнинг аҳволи ёмон эмаслигини билдирганди. «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида эса чақалоқлардан унинг оиласи воз кечгани маълум қилинганди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари Сайфиддин Мўминов чақалоқни олиш ёки олмасликни авваламбор ота-онаси ҳал қилиши, чақалоқларнинг онаси эса айни пайтда жиддий жарроҳлик операциясини бошидан ўтказгани туфайли даволанишда бўлгани учун фарзандидан воз кечиши ҳақидаги гаплар асоссиз эканлигини билдирди. Бу ҳақда Zarnews хабар бермоқда.

«Эгизакларнинг онаси айни пайтда жиддий жарроҳлик операциясини бошидан ўтказгани туфайли даволанишда. Шунинг учун ҳозирча унинг фарзандидан воз кечиши ҳақидаги гаплар асоссиз. Чақалоқни олиш ёки олмасликни авваламбор ота-онаси ҳал қилади. Айни пайтда муҳими эгизакларнинг саломатлигини назорат қилиш, уларни даволашдан иборат. Уларни даволаш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг интенсив терапия бўлими шифокорлари барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилмоқда. Шифокорлар сиам эгизакларини даволашда етарли тажрибага эга. Гарчи бу чақалоқлар бошқача кўринишда бўлса-да, аммо улардаги хасталиклар оддий туғилган чақалоқларники сингаридир», — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари Сайфиддин Мўминов.

Таъкидланишича, она фарзанди патология билан туғилиши ҳақида огоҳлантирилган. Аммо унинг хоҳишига кўра, ҳомила тўхтатилмаган. Тегишли қоидаларга кўра, онадан берухсат унинг ҳомиласини тўхтатишга шифокорларнинг ҳақи йўқ.

«Ҳозирда эгизак қизалоқлар сунъий нафас олдириш аппаратида бўлиб, аҳволи жуда оғир. Иккита юракда ҳам жиддий, мураккаб нуқсонлар мавжуд. Чақалоқларнинг ички органлари бир бошдан тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Айни пайтда уларнинг ошқозони ҳам иккиталиги маълум бўлди. Эгизакларнинг саломатлиги бўйича тўлиқ ва аниқ маълумотларни айтиш учун қўшимча кўплаб тиббий текширувлар ўтказилиши керак. Афсуски, сиам эгизакларининг аҳволи оғир бўлиб, аппаратда бўлгани учун бу текширувларнинг барчасини амалга ошириш имкониятимиз йўқ. Диагностика учун эса замонавий аппаратларимиз бор», — дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов.

Унинг айтишича, бундай ҳолда туғилган чақалоқлар Самарқандда ҳозирча биринчи, деб айтиш мумкин. Республикадаги мутахассислар билан ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда олдин ҳам битта шундай ҳолат кузатилган. «Чақалоқларга бирор-бир жарроҳлик амалиёти улар тўлиқ ўрганиб чиқилгач, кейин амалга оширилади. Айни пайтдаги биринчи вазифамиз уларнинг ҳаётини сақлаб қолишдан иборат», — дейди Дилшод Раҳмонов.

Daryo.uz

loading...